Ўзбекистон: Умр ўтар - атоқли ҳофиз Ортиқ Отажонов оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz

17 май куни Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида оламдан ўтган.

Бу ҳақда "Ўзбекконцерт" бирлашмаси хабар бермоқда.

Машҳур ҳофиз Ортиқ Отажонов ўз ижоди, Хоразм 'Лазги'си ва 'Умр ўтар' қўшиғи ҳақида

Тошкент: Асарлари энг кўп чоп этилган адиб, "Шайтанат"ни ёзган Тоҳир Малик вафот этди

Атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева оламдан ўтди

Ўзбекистон: Мунаққид ва фаол Ботир Норбой оламдан ўтди

Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январь куни Хоразмнинг Боғот туманида туғилган.

Урганч мусиқа билим юртини ва Тошкент маданият институтини тамомлаган.

Миллий ашулачилик йўлларини К.Отаниёзов, шунингдек, А.Отажонов, М.Мирзаев, Г.Раҳимова, О.Иброҳимов ва С.Собировлардан ўрганган.

Ўзбек давлат филармонияси, "Лазги" ансамблида хонанда, "Лазги" ансамблининг бадиий раҳбари лавозимларида ишлаган.

Хоразм мумтоз ашулалари билан бир қаторда ўзи муаллифлик қилган қўшиқларни ижро этган.

Унинг ижросидаги "Хоразм лазгиси" ва Омон Матчон шеърига басталанган "Умр ўтар" қўшиғи мухлислар орасида катта шуҳрат қозонган.

Атоқли санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг шогирдларидан.

"Мен Комилжон Отаниёзов билан тўйларга борардим, - деб айтганди ҳофиз 2010 йилда Би-би-си билан суҳбатида. - У пайтлар микрофон йўқ эди, қишми, ёзми 5-6 гектарлик даврани айланиб, ашула айтиларди. Комилжон Отаниёзов даврани кезиб қўшиқ айтсалар, мен орқаларидан чойнак билан пиёлада чой кўтариб юриб, оғизларига тутардим. Кейинчалик ўзим ҳам доира чалиб, ҳамнафас бўлиб, уларга қўшилиб ашулалар айтардим. Шу тариқа тинимсиз улардан қўшиқчилик сирларини ўрганардим. 1969 йилда устознинг бир томонлари ишламай қолди. Тўйларда, телевидение ёки радиога чиққан пайтлари ёнларида тор чалиб турардим. Лекин, профессионал саҳнага 1968 йил филармонияга ишга кирганимдан сўнг қадам қўйганман. У ерда 50 ёшимгача фаолият олиб бордим. Кейин пенсияга чиқдим", деб айтган санъаткор.

Балиқчининг ўғли

Ўзининг айтишича, Ортиқ Отажонов камбағал оиладан чиққан эди.

"Отам балиқчилик билан шуғулланган, боғбонлик қилган. Ўша пайтдаги меҳнаткаш, камбағалроқ оилалардан эдик-да", деб эслаганди Ортиқ Отажонов.

"6-7 ёшларимда колхоз идорасининг қошида бир радиокарнайи бўларди. Ўшандан устозларнинг овозларини эшитиб, ўрганиб, юрардим. Эшитган нарсаларим эсимда қоларди. Эсимни билганимдан бошлаб айтардим, нимани эшитсам, шуни ашула қилиб айтиб юрардим", дея умр йўлини эслаганди атоқли ҳофиз Би-би-си билан суҳбатда.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, санъаткор жума куни аср намозидан сўнг Ўрикзор даҳасидаги Саид Ваққос Ота қабристонига дафн этилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek