Россия-Ўзбекистон: Собянинга чиққан ўзбек нос учун депорт бўлди. Энди Путинга чиқмоқчи

Россия фуқаролигини олиш учун муҳожирлар орасида энг оммавийлашган усул - россиялик билан турмуш қуришдир.

Бухоролик Шокир Ҳасанов ҳам шу имтиёздан фойдаланиш ҳаракатида.

Бу борада илк босқичлардан ўтди. 2 йил олдин россиялик аёлга уйланди.

Россия, мигрантлар: Ўзбеклар иш деб, пул деб ўляпти...

Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда

Россия, Ўзбекистон: Путин суратини чизган мигрант ватанга қайтгач қамалди

Расмий никоҳ асосида вақтинчалик яшашга рухсатномани олиб, яшаш гувоҳномасига хужжат топширди.

Аммо кутилмаган вазиятга дуч келди.

Путинга чиқмоқчи

- Аёлим билан хона ижарага олиб яшаётгандик. Нотинчлиги учун муддатидан олдин чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Ижара ҳақини олдиндан тўлаб қўйгандик, қайтаришини сўрадик. Рад қилишди, оз эмас, 9000 рубль эди. Уй эгаси ўша ҳудудда полиция нозири бўлиб ишларкан. Пулимизни қайтариш учун роса югурдик, охири Собянин (шаҳар мэри)га хат билан чиқдик, - дейди Шокир Ҳасанов.

Муҳожирнинг айтишича, шикоят хатидан сўнг полиция нозири Ҳасанов билан ўчакишади.

- Шу пайт ишсиз қолиб, вақтинча нос сотиб юрган эдим. Полициячи мени нос билан ушлаб, судга топширди. Айнан нос учун эмас, суд шаҳарда ҳужжатсиз юрганим учун маъмурий жавобгарликка тортиб, мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Аммо мени Россияда вақтинчалик яшаш учун рухсатномам бор, - дея ҳужжатларини кўрсатди Ҳасанов.

Ҳужжатлар билан танишиб билдикки, Шокир Ҳасановнинг вақтинча яшаш гувоҳномаси Владимир вилоятида берилган (бошқа ҳудудларга амал қилмайди).

Шу боис унга қўлланилган жавобгарлик асосли. Шу билан бирга, Ҳасановда бу қарорни бекор қилиш учун ҳам асос бор: у ҳам бўлса, аёлининг Россия фуқароси эканлиги.

Муҳожир «Гражданское содействие» ташкилоти адвокатлари ёрдамида суд қарори устидан шикоят ёзган. Унинг иши май ойи охирида судда қайта кўриб чиқилади.

- Юртдошларимиз муҳожирликда қийин аҳволда. Ҳар қадамда миллатчиликка учрашяпти. Мен уларнинг ҳақ-ҳуқуқи учун президентгача чиқмоқчиман. Россия фуқаролигини олишга ҳаракат қилишимнинг яна бир сабаби шу эди, - дейди Шокир Ҳасанов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek