Ўзбекистон ва атом: Россия қураётган станция нақадар хавфсиз?

Ўзбекистонда атом станцияси қурилиши нақадар хавфли? Уни қуришга неччи миллиард доллар сарфланади? "Росатом"нинг Туркия ва Беларусдаги лойиҳаларида хабар қилинган муаммолар ҳисобга олиндими?

Шу ва бошқа саволларни Би-би-си журналисти Аваз Тоҳиров Ўзбекистон Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бўлмиш "Ўзатом"нинг бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга берди.

Жаноб Мирзамаҳмудов лойиҳа тафсилотлари ва истиқболи ҳақида гапириш билан бирга оммавий ахборот воситаларини атом станцияси лойиҳаси борасида ваҳимали хабарлар тарқатмасликка чақирди.

Суҳбат Тошкентда бўлиб ўтган Oil and Gas Uzbekistan 2019 (Нефть ва Газ Ўзбекистон) 23-халқаро кўргазма ва конференцияси ҳамда Power Uzbekistan 2019 (Энергетика, энергияни тежаш, атом энергияси, муқобил энергия манбалари) 14-халқаро кўргазмаси очилиши манзарасида ўтди.

Би-би-си: Аввало, вақт ажратганингиз учун катта раҳмат. Биласизми, атом энергетикасидан фойдаланишдаги энг бирламчи масала - бу хавфсизлик. Қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясида мана шу масала қандай кўриб чиқилмоқда?

Жўрабек Мирзамаҳмудов: Шуни таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, атом электр станцияни қуриш бўйича қарор қабул қилинганда, энг аввало, унинг хавфсизлигига катта эътибор берилди, берилмоқда ва берилади ҳам. Ўзбекистон томондан танланган "Росатом" корпорациясининг технологиялари - 3+ авлоди дейилади - ҳозирги кунда энг замонавий, энг хавфсиз реакторлар ҳисобланади ва барча хавфсизлик омиллари ҳисобга олинган атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган, яъни хавфсизлик даражаси жиҳатдан, уни эксплуатация қилиш тарафдан энг хавфсиз, энг замонавий станциялардан бири бўлиб турмоқда бугунги кунда.

Би-би-си: Кечаги тадбирларда сўзга чиққан "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев айтдики, ҳар қандай давлатда атом инфратузилмасини шакллантиришдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик дастагини олиш лозим. Ўзбекистонда режалаштирилган лойиҳани амалга ошириш жараёнида жамоатчилик фикри қандай даражада ўрганилди?

Мирзамаҳмудов: Биз жамоатчилик фикрини ўрганиш ишларини олиб бормоқдамиз. Атом электр станцияси қурилишининг асосий омилларидан бири - бу аҳолимизнинг фаровонлигини ошириш, яъни электр энергияга ошиб бораётган талабни қондириш. Иқтисодиёт ривожланяпти, ишлаб чиқариш ошяпти, қолаверса, аҳолимизнинг турмуш шароити яхшиланмоқда. Албатта, бунинг ҳаммаси электр энергиясини талаб қилади.

Биз танлаган технологиядаги атом электр станциясининг 60 йил ишлашини инобатга олса, бу узоқ муддатга режалаштирилган лойиҳадир. Бу нафақат атом электр станцияси, балки атрофдаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инфратузилмани ривожлантиришга олиб келадиган лойиҳадир.

Атом энергетикаси яшил энергия ҳисобланади. Газни ёқиб электр энергия ишлаб чиқарадиган станцияларда ис гази ҳосил бўлади. Атом электр станциясида бундай чиқиндилар умуман йўқ. Шу нарсаларни халқимизга тўғри тушунтириш мақсадида биз "Росатом" билан биргаликда "Ўзатом" биносида барча учун кириш бемалол бўлган Ахборот маркази очдик.

Бундан ташқари «Ижтимоий фикр» маркази билан биргаликда аҳолимиз ўртасида ўрганиш ишларини олиб бормоқдамиз. Дастлабки натижаларга кўра, атом энергетикасига ижобий фикрда бўлганлар кўп, аммо кўпчилик станция, технология ҳақида маълумотга эга эмаслигини кўрсатиб ўтган. Демак, бизнинг вазифа - лойиҳа афзалликларини тўғри етказиш. Дарҳақиқат, ўтказилган сўровда маълумот тақдим этилгандан кейин ижобий фикрда бўлганлар сони янада ортиб борган. Биз бу ишларни давом эттирамиз.

Би-би-си: Атом электр станциясини қуриш ҳақида илк хабарлар чиққан пайтларда, бу лойиҳанинг қиймати, тахминан, $11 миллиардга баҳоланган эди. Бу Ўзбекистондек ривожланаётган давлат учун салмоқли маблағ. Ҳозирги кунда бу қиймат ўзгарганми ва маблағ қандай манбалардан шакллантирилади?

Мирзамаҳмудов: Ҳозирда бизда лойиҳанинг қиймати бўйича ҳеч қандай маълумот йўқ, чунки жой аниқлангандан сўнг, лойиҳа амалга оширилгандан кейин ҳисоб-китоб қилинади. Расман айтмоқчи эдимки, ҳозирда нархи аниқланмаган ва бу борада бизга мақбул бўлган нарх бўйича музокара олиб борамиз.

Би-би-си: Дунё тажрибасида атом энергетикасидан фойдаланишда иккита муҳим масала бор: хавфсизлик ва ядровий чиқиндилар. Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясидан чиқадиган ядровий чиқиндиларни йўқ қилиш ва сақлаш ишлари қандай олиб борилади?

Мирзамаҳмудов: Бу ишлатилган ёқилғи дейилади, ядровий чиқинди эмас. Бойитилган урандан электр энергияси олиб бўлингандан кейин унинг таркибида ҳали ҳам қимматбаҳо, ноёб материаллар бор. Биз буни [чиқиндиларни] қайта ишлаш ёки сақлаш борасида музокаралар, ўрганишлар олиб боряпмиз. Кўп давлатларда ишлатилган ёқилғи атом электр станцияларининг ўзида 50 йилдан 100 йилгача сақланади. Технологиялар ривожланган сари уни қайта ишлаб, кўмиш ёки бошқа йўллар билан узоқ муддатга сақлашга эришса бўлади.

Президентимиз тарафларидан ишлаб чиқилган йўл харитасига асосан, атом электр станцияси ишга туширилишидан аввал, ишлатилган ядро ёқилғисини нима қилиш бўйича концепция тайёрланади ва шу концепция асосида ишлар амалга оширилади. Бунда ҳам экологик, хавфсизлик, иқтисодий талаблар инобатга олинади.

Би-би-си: Ўтган бир йил ичида дунёдаги турли таҳлилчилар мазкур лойиҳа бўйича турлича фикрлар билдирдилар. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда электр қувватини узатиш инфратузилмаси етарлича ривожланган, мамлакатни деярли қамраб олган. Ягона муаммо - бу узатиш линияларининг эскириб кетгани. Улар Ўзбекистон атом электр станциясига миллиардлаб доллар маблағ сарфлаш ўрнига шу линияларни янгилаганда, электр тақчиллиги анча камайган бўлар эди, деган фикрни ўртага ташладилар. Бундан ташқари Ўзбекистон табиати муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга имконият беради, нега шулардан фойдаланилмаяпти, деган қарашлар ҳам юзага чиқди.

Мирзамаҳмудов: Албатта, биз бундай фикрларни таҳлил қилиб борамиз. Шуни айтмоқчи эдимки, биз энергетикани ривожлантириш концепцияси доирасида янги ишлаб чиқариш қувватлари , жумладан, атом электр станциясини қуриш, балки узатиш линияларини модернизация қилиш - йўқотишлар жуда катта у ерда - бўйича ҳам дастур ишлаб чиққанмиз.

Осиё Тараққиёт Банки билан бирга 2030 йилга қадар мўлжалланган энергетикани ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқмоқдамиз. Бунда ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш бўйича қилинадиган ишларни режалаштирганмиз. Булар ҳаммаси чамбарчас боғлиқ. Фақатгина узатиш линияларини таъмирлаб, эртага ишлаб чиқариш қувватлари бўлмаса, бефойда. Иқтисодиёт ўсяпти, истеъмол ўсяпти. Буни қондиришни бошқа йўли йўқ. Шунинг учун биз ушбу концепцияда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергетикасини ҳам энергобалансга киритишни кўзда тутганмиз.

Дастлабки ҳисобларга кўра, 1,900 мегаватт атрофида қуёш, 1,000-1,500 мегаватт атрофида шамол генерациясига асосланган электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бироқ узоқ муддатга мўлжалланган, барқарор энергия билан таъминлаш жиҳатидан, нархи бўйича ҳам, гидроресурслардан кейин, бутун дунёда атом энергетикаси туради.

Бир нарсани инобатга олишга керак, тўғри, биз қуёш, шамол улушини оширамиз - қуёш, шамол станцияларини қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда - лекин буларнинг барчаси маълум об-ҳаво шароитларида энергия етказиб бера олади. Ишлаб чиқариш, қолган эҳтиёжлар учун доимий электр энергияни таъминлаш жиҳатдан улар бу вазифани бажара олмайди. Бажариши мумкин - энергияни сақлаш қувватлари қурилса. Бу электр энергиянинг таннархи бир неча баробар ошиб кетади, дегани. Буларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда, биз қуёш, шамол, газ, кўмир ва гидроресурсларни ривожлантириш ишларини олиб боряпмиз. Атом электр станцияси ҳам ушбу ривожланишнинг бир қисми бўлиб қолади.

Би-би-си: Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тожикистонда Роғун ГEСининг биринчи навбати ишга тушди. Тожикистон расмийлари берган маълумотга кўра, мамлакатдаги умумий гидроэнергетик қувват йилига қарийб 500 миллиард киловатт соатга етади. Тожикистон расмийлари қўшни давлатлар бу ердаги гидроэлектростанцияларга инвестиция киритадиган бўлса, мамлакат бутун Марказий Осиёни арзон электр билан таъминловчи марказга айлана олишини айтади. Атом электр станциясини лойиҳалаштиришдан олдин қўшни давлатнинг салоҳиятидан фойдаланиш масаласи кўриб чиқилганми?

Мирзамаҳмудов: Авваламбор, энергетик хавфсизлик, деган масала бор. Бу давлат сиёсати даражасида бўлиши керак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатлари туфайли қўшни давлатлар билан жуда ҳам яхши алоқалар ўрнатилди ва, энг асосийси, энергетика соҳасида ҳам. Авваллари бундай бўлмаган. Ҳозирги кунда биз, маълум пайтлар, улардан электр энергияси оляпмиз, керакли пайтлари биз уларга етказиб беряпмиз, яъни бизнинг бутун энергия тизимимиз бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолда ишлаяпти.

Лекин гидроэлектростанция ишлаши сувга боғлиқ. Сувли йиллар бўлади, сувсиз йиллар бўлади. Узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини тайёрлаганда, биз барқарор электр энергия таъминловчи ресурсларига таянишимиз керак. Албатта, бизнинг энергетикани ривожлантириш концепциямизда қўшни давлатлар билан, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ҳамкорлик кўзда тутилган.

Би-би-си: Куни кеча "Росатом" томонидан Туркияда қурилаётган "Оққую" атом электр станция пойдеворида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар чиқди. Бундан ташқари Беларус президенти Александр Лукашенко ўз мамлакатида айнан "Росатом" қураётган атом электр станциясининг нархи асоссиз ошириб юборилгани тўғрисида гапирди. Бундай воқеалар "Росатом" билан ҳамкорлик қилиш бўйича қандайдир хавотирларни юзага келтирмоқда.

Мирзамаҳмудов: Кимни хавотирга солмоқда, билмадимку, биз Беларусга бордик - жуда сифатли, бизникидек икки реакторли станция қуриляпти. Биз бу борада Беларус билан тажриба алмашяпмиз. Таъкидлаб ўтдимки, биз ҳар бир қурилиш объектини манфаатларимизни ҳимоя қилган ҳолда амалга оширамиз. "Росатом" ҳам кўриб турибди - ҳар бир бажариладиган иш сифати, нархи назоратда бўлади. Шунинг учун биз халқаро экспертларни жалб қилдик. Музокаралар ўтказишда халқаро юридик компания, технология тарафдан, барча нарсаларни назорат қилиш жиҳатдан Чехиянинг UJV компаниясини танладик. Нимага Чехия? Чунки Чехия биз танлаган Россиянинг ВВЭР реакторлари бўйича тажрибага эга. Чехия ҳам атом энергетикаси учун ускуналар, бошқа технологияларни ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи, ҳам ўз атом электр станциясидан фойдаланаётган давлат ҳисобланади.

Биз бошқа мамлакатларда амалга оширилаётган қурилишлар ҳақида доим маълумот алмашамиз. Биз "Росатом" билан Туркиядаги масала ҳақида гаплашдик. Авваламбор, ўтган йили бўлган воқеани ҳозирги пайтда кўтариш ноўрин, деб ҳисоблаймиз. Бу амалга оширилаётган ишларнинг ичига тўлиқ кирмай туриб, хулоса чиқаришдир. Қурилиш ишларида ёриқ пайдо бўлдими, демак, у қабул қилинмаган ва тегишли сифат таъминлангандан кейингина ишлар амалга оширилган. Туркияда TAEK деган лицензия берувчи ташкилот бор, у ҳар бир жараённи қаттиқ назорат қилган ҳолда, амалга оширади.

Оммавий ахборот воситалари вакили сифатида сиздан илтимос қилардимки, баъзи бир журналистлар шов-шув қилишга интиладида, мақоланинг мазмуни бошқа бўлган тақдирда ҳам, сарлавҳани ваҳима қилган ҳолда ўзгартиришади. Холисона ёндашишни илтимос қилар эдик.

Ўзбекистон ва атом: Аҳоли орасида ядро технологиялари борасида тушунтириш олиб борилади - Ўзатом

1986 йил 26 апрел, Чернобил: Одамлар ҳалокат асоратларидан ҳамон қўрқадилар

Мирзиёев Каримов ва Назарбоевдан ҳам “ўзиб кетдими”?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek