Ўзбекистон: Президент қабулхонасида иши битмаганлар, омадини Бош вазир қабулхонасида синайди

Абдулла Арипов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб, Бош вазир Абдулла Ариповнинг 201 та қабулхонаси очилади. Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлардан келган мурожаатларни кўриб чиқади. Айни дамда республика бўйлаб ишлаб турган Президент виртуал қабулхоналари нимага вазифасини тўлиқ бажармаётгани очиқланмаган.

Ўзбекистон ҳукумати Бош вазир учун очилаётган қабулхоналарни тадбиркорлар билан мулоқотнинг янги формати дея талқин қилмоқда.

Тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар билан шуғулланувчи Бош вазир қабулхоналари давлат хизматлари марказлари қошида иш бошлаши айтилмоқда. Республика бўйлаб 201 та давлат хизматлари маркази мавжуд.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Мирзиёев келажакда вилоят ва туман ҳокимларини сайлашни таклиф қилди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов бу қабулхоналарда мурожаатларнинг кўриб чиқиш муддати одатдагидан фарқ қилишини айтди, дея хабар бермоқда кун.уз сайти.

Яъни йўналтирилиши керак бўлган ҳар бир масала 2 кунда, мазмун жиҳатдан кўриб чиқиладиган мурожаатлар эса 7 кун ичида кўриб чиқилиши белгиланган.

Бош вазир зарурат туғилганда чет эллик инвесторларни шахсан ёки видеоконференцалоқа тарзида қабул қилиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда Бош вазир қабулхонаси президент Ислом Каримов вафотидан кейин 2016 йилнинг 24 сентябрида Ўзбекистонни вақтинча бошқариб турган Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иш бошлаган эди.

Кейинчалик Бош вазир қабулхонаси, Президент виртуал қабулхонасига ўзгартирилди. Бироқ унинг интернетдаги манзили ҳамон Бош вазир учун очилган pm.gov.uz доменидан туриб фаолият юритаётганини кўриш мумкин.

Президент виртуал қабулхонасининг бутун республика бўйлаб 208 та Халқ қабулхонаси бор. Бугунги кунгача қабулхонага 2 миллион 872 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан 2 миллион 822 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилган.

Президент топшириғи билан халқ қабулхонаси вакилларига маҳаллий бошқарув идоралари масъуллари билан уйма-уй юриб, муаммоларни аниқлаш вазифаси юклатилган эди.

Сайт мурожаатларнинг қанчаси ўз ижобий ечимини топгани ҳақида маълумот бермайди.

Бироқ Би-би-сига мурожаат қилган аксар шикоятчилар аризалари ҳал қилиниш учун маҳаллий идораларга, кўп ҳолларда шикоят қилинган орган ёки шахсга юборилаётгани ҳақида айтишади.

Маҳаллий матбуотда Халқ қабулхонасининг жойлардаги раҳбарларига бюджет ҳисобидан хизмат автомашиналари олиб берилаётгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

Шикоятларни қабул қилишга ихтисослашган тизим мавжуд бир пайтда, яна унинг муқобили пайдо бўлишига расмий изоҳ берилмаган.

Кузатувчилар давлат бюджетидан ҳаражат қилиб Бош вазир қабулхоналарини очиш Президент виртуал қабулхоналари тизимининг ишламаётганидан дарак беришини ва бу пулни ҳавога совуриш билан тенг эканини айтишмоқда.

"Қизиқ, Президент қабулхоналари биронта фуқаронинг муаммосини ҳал қимайди, Бош Вазир қабулхонаси кимга нима наф келтиради? Ҳааа тушундим, иш жойи керак саводсиз олий маьлумотли КОТТАЛАРнинг болларига", деб ёзади Комил Маликов.

Шокиржон Хамраев бу каби қабулхоналар бюджет пулларини ўзлаштиришнинг яна бир схемаси эканлигини таъкидлайди.

"Мурожатларни, шикоятларни қабул қилувчи ташкилотлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Лекин муамолар ўз ечимини топаётгани йўқ, бу ҳам статистика ва рейтингни ошириш учун очилган кўзбўямачилик ташкилоти бўлади холос. Статистикада "шунча мурожат келди мана шунчасини ҳал қилдик" деб ҳисобот (ачот) берилади ва ўзларига рағбатлантириш, премя ёзишади, шу билан бюджет пулларини ўзлаштиришни яна бир схемаси ишга тушади".

Би-би-сига ёзган кўплаб одамларнинг фикрича, виртуал қабулхонанинг нуфузи тушиб кетди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek