Дунё, янгиликлар: Трамп Эронни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилдими?

Америка Эрон Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

«Агар Эрон урушни истаса, бу унинг расман тугаши бўлади. Қўшма Штатларга бошқа ҳеч қачон таҳдид қилма!» таъкидлаган президент Доналд Трамп ўз огоҳлантиришида.

Бундан атиги бир неча кун аввал жаноб Трамп ўз ёрдамчиларига Эрон билан давом этаётган зиддиятнинг урушга айланиб кетишини истамаслигини маълум қилган эди.

Бундан ташқари ўтган пайшанбада журналистларнинг Эрон билан уруш юзага келиши эҳтимоли бўйича берган саволига жаноб Трамп «Умид қиламан, бундай бўлмайди,» дея жавоб берган эди.

Сўнгги кунларда АҚШ Форс Кўрфазига қўшимча ҳарбий кемалар ва учоқларни киритган.

Айни вақтда, Эрон расмийлари ҳам мавжуд қалтис вазиятнинг урушга айланиб кетишини хоҳламаслигини билдирган эди.

Ўтган шанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Irna ахборот агентлигига ҳеч кимнинг уруш бошланиб кетишидан умид қилмаётгани ҳақида сўзлаган.

Бироқ, бир вақтнинг ўзида, АҚШ мудофаа вазирлиги 120 минг нафар аскарни Яқин Шарқ минтақасига юбориш режасини ишлаб чиқаётгани тўғрисида хабарлар юзага чиққан.

Вашингтон расмийларининг иддаосига кўра, Эрон ва унинг дастагини олган минтақадаги турли гуруҳлар АҚШга қарши ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрмоқда.

Аммо бу иддаолар ҳозирча расман ўз тасдиғини топмаган.

Киевда Владимир Зеленский Президент сифатида қасамёд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бугун Украина пойтахти Киевда сайланган президент Владимир Зеленскийнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Маросим маҳаллий вақт билан соат 10.00 да бошланиши хабар қилинган.

Сиёсатда ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган қизиқчи ва телеюлдуз ўтган ой бўлиб ўтган сайловда собиқ президент Петр Порошенкони доғда қолдириб, Украинанинг навбатдаги давлат раҳбарига айланган эди.

Жаноб Зеленский мамлакатда мавжуд коррупция ва шарқий вилоятларда давом этаётган Россия дастагидаги исёнчилик ҳаракатига чек қўйишга сўз берган.

Ўзини «халқ хизматкори» ўлароқ тасвирловчи жаноб Зеленский ижтимоий тармоқ орқали украиналикларга мурожаат қилиб, инаугурация маросими туфайли пойтахтда юзага келган тирбандлик учун кечирим сўраган.

Google Huawei'ни айрим Android янгиланишларидан маҳрум қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитойнинг Huawei компанияси теграсида давом этаётган можаролар фонида Google ушбу ишлаб чиқарувчининг смартфонларини Android платформасининг айрим янгиланишларидан узиб қўйган.

Шунингдек, янги Huawei смартфонлари Google'нинг оммабоп иловалардан фойдаланиш имкониятини ҳам қўлдан бой беради.

Бундай қадам ортидан Huawei смартфонлари эгалари ортиқ Андроид янгиланишларини ололмайди ва компаниянинг янги смартфонларида YouTube ва Google Maps каби иловалар бўлмайди.

Мазкур қарор президент Доналд Трамп маъмуриятининг Huawei'ни лицензиясиз Америка фирмалари билан савдо алоқалари олиб бориши тақиқланган компаниялар рўйхатига қўшгандан сўнг юзага чиққан.

Ўз баёнотида Google янги қонунга бўйсунаётганлигини маълум қилган.

Ҳуаwэи бу ҳақда, ҳозирча, ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Мисрда туристлар автобуси ёнида портлаш юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бомба Гизадаги эҳромлар ёнида жойлашган Катта Миср музейи ташқарисида портлаган. Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, камида, 16 нафар инсон жабрланган. Уларнинг асосий қисми - хорижлик сайёҳлар.

Портловчи қурилма автобус музей ёнидан ўтиб кетаётган вақт ишга тушган. Воқеа юз берган пайтда автобусда 28 нафар одам бўлган.

AFP'нинг ёзишича, жароҳатланган одамлар аҳволи хатарли даражада эмас.

Туризм - Миср иқтисодиётига пул келтирувчи асосий манбалардан бири. 2011 йилда бошланган Кузатувчилар бундай хунрезликларнинг Араб Баҳоридан сўнг ўтган йиллар давомида қайта оёққа тура бошлаган ушбу соҳага жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek