Ўзбекистон ва иқтисод: Инвестиция, инновация, коррупция

Image caption Фалон миллиардлар фалон лойиҳаларга ажратилишию, кейин ғойиб бўлиши халқ орасида очиқ сирга айланганига кўп гувоҳ бўлдим

Маракага кетаётгандик, бир маҳаллақўм билан йўлдош тушиб қолдик. Тўсатдан машинанинг деразасидан ўта қўланса ҳид кириб гапимизни бўлди.

"Гўнг сепишяптими," деб сўрайман.

"Йўқ, у канализация... Кўп йиллардан бери тешилиб ётибди. Кўчага оқади," дейди амаки. "Айтишларича, энди тузатишармиш, фалон миллиард сўм ажратилди фақат шу ишларга бу йилдан," деб қўшимча қилади ҳамроҳим.

Фалон миллиардлар фалон лойиҳаларга ажратилишию, кейин ғойиб бўлиши халқ орасида очиқ сирга айланганига кўп гувоҳ бўлдим. Таксичидан тортиб ёш жинянларимгача буни билади.

"Қанчаси ўғирланиши режаланган?" деб савол ташлайман.

У ялт этиб менга қарайди.

"Эҳ-ҳеҳ, ҳе-ҳеҳеҳ, эҳ-ҳеҳ-ҳеҳ, ҳе..." Маҳаллақўм ўзини ноқулай тутиб, кулади. Қараса, мен кулмаяпман.

Саволим жиддийлигини англагач, жавоб берадилар:

"Ҳа энди, озгинасини ўзига обқолади-да..."

Бу жавоб деразадан кирган қўланса ҳидни янада бойитди.

Бошқа бир тумандаги ўқитувчи дўстимнинг уйига шу кунларда маҳаллақўм келибди. Маҳалла раислигига сайловлар бўлармиш яқинда, "сиз ҳам номзодингизни қўйинг" деб ёлворибди расмий.

"Э нима қиламан, барибир мен сайлашмайди," деса, маҳаллақўм ҳеч тортинмай шундай дермиш:

"Сизни сайлашмайди албатта, мени сайлашади, овозларни бошқалар обкетмасин деяпман - сиз номига номзод бўлиб берсангиз, бўлди!"

"Ўҳ-ҳў, зўр-ку, туманингизда маҳаллақўм сайловлариям Америкадаги губернаторларникидек драматик ўтар экан-да а? Яхши раисми ўзи, маҳаллада нима ишлар қилган," деб сўрасам, дўстим дўмбоққина бош бармоғини иккинчи ва учинчи бармоқлари ўртасига тиқиб кўрсатди.

"Фақат ўғрилик. Мойли жой. Маҳалланинг йўллари бомба тушгандек бўлиб ётибди. Канализация тешилган, ремонтга берилган қувурлар ўғирлаб сотилган. Биронта иш қилинмаган маҳалладагилар учун," дейди у қўл силтаб.

Қизиқ, маҳаллага етиб келгунча нечтаси "Ҳаа энди бизам озгина оламиз-да" деб қанчасини ўмараркин...

Инвестиция ва инновация

Шу кунларда бир ажойиб китобни ўқияпман. У "Буюк иқтисодчилар: Уларнинг ғоялари бугун бизга қандай ёрдам бериши мумкин" деб номланган.

Ўтган йили "Йилнинг энг яхши бизнес китоби" дея тан олинган мазкур китоб муаллифи Линда Юэйнинг ўзи ҳам таниқли иқтисодчи, Оксфорд Университети профессори.

Китобда, айниқса, Жон Мейнард Кейнс ғоялари ҳақидаги "Инвестиция киритамизми ё киритмаймизми?" ва Йозеф Шумпетер назарияларига асосланган "Инновацияни нима рағбатлантиради?" сарлавҳали боблари менинг эътиборимни тортди. Чунки, инвестиция ва инновация бугун Ўзбекистонда энг кўп қўлланиладиган сўзлардан бўлиб қолган.

Кейнс ва Шумпетер ғоялари назария холос эмас, балки йиллар оша ривожланган мамлакатлардаги иқтисодий эврилишларни кузатиш натижасида ҳосил бўлган илмий ишлардир. Бу ғояларни АҚШ, Британия, Япония ва кўплаб бошқа қудратли иқтисодлар ҳали ҳам қўллашади.

Икки олимнинг бир-бирига зид тарафлари мавжуд, аммо инвестиция ва инновация борасида уларнинг фикри деярли бир жойдан чиқади - яъни, инвестиция киритиш ва инновацияни рағбатлантириш биринчи ўринда ҳукуматнинг вазифасидир.

Айниқса иқтисод депсиниб қолган вақтда, Кейнс ёзишича, ҳукумат ўз иқтисодига кўпроқ инвестиция киритиши керак. Бюджет қашшоқлашиб, заҳиралар камайиб, қарзлар кўпайиб қолган тақдирда ҳам Кейнс ҳукуматларни мамлакат ичидаги инфратилизмага, кичик ва ўрта ҳажмли бизнесларга сармоя киритишга ундайди.

Унинг фикрича, инвестиция билан рағбатлантирилган соҳалар ўзини ўнглаб олгач, ундан келадиган фойда ва солиқлар, ҳамда пайдо бўладиган иш ўринлари ёрдамида қарзлар алалоқибат қопланади. Энг асосийси, қарз билан бўлса-да, ҳукумат ўз иқтисодининг тўла потенциалини ишга солиши керак.

Айни дамда, Кейнсга кўра, ҳукумат киритган инвестиция хусусий (маҳаллий ва хорижий) компанияларни ҳам инвестиция киритишга рағбатлантириши мумкин.

Мисол учун, ҳукумат телекоммуникация соҳасига пул киритиб уни яхши йўлга қўйса, тез интернет ва тола тармоқларини ривожлантирса, бу соҳага инвестиция киритадиган хусусий компаниялар ҳам яхши даромад илинжида ўз сармоясини киритишда давом этади.

Линда Юэй инновацияни таҳлил қилар экан, Йозеф Шумпетернинг ғояларидан Япония ва Сингапурдек қудратли давлатларда қандай фойдаланилганини тасвирлайди. Инновация, Шумпетерга кўра:

  • Янги маҳсулотни тадбиқ қилиш. Масалан, истеъмолчиларга ҳали таниш бўлмаган, ёки таниш бўлган маҳсулотнинг янада сифатли тури;
  • Ишлаб чиқаришнинг янги усули;
  • Янги бозор (янги саноат)ни ўйлаб топиш;
  • Янги хом ашё ёки ярим ишланган маҳсулотлар манбаини топиш;

Шумпетер "креатив деструкция" деган иборага асос солган. Унга кўра, мунтазам равишда юз берадиган саноат мутацияси, яъни янада янги ва янги ишлаб чиқариш усуллари ҳар бир иқтисодни ичидан емиради ва янгисини ҳосил қилади.

Хуллас, жуда қизиқ назариялар ва тажриба. Қизиқ китоб...

Аммо, буларнинг барчасини Ўзбекистонда қандай қўлласа бўларкин, деб ўйланаман. Бюджет пуллари, халқ пули талон-тарож этилмаслиги кафолатланмаган мамлакатда ҳукумат ё хусусий компания ажратган инвестиция ҳам ўғирланмаслигига ким кафолат беради?

Инновацион ғояни амалга ошириш учун ажратилган пуллар ҳукумат идоралари занжиридан лойиҳага етиб боргунча ўғирлаб тугатилмаслигига ким кафолат беради?

Инвестиция ва инновацияни йўлга қўйишдан аввал коррупцияга қарши курашни устивор масала қилиб олиш керакдир?

Олий Мажлис коррупцияга қарши кураша оладими?

Коррупция энг кам бўлган 5 мамлакат қайси?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek