Дунё, янгиликлар: Одам жасадидан ким ўғит сифатида фойдаланмоқчи?

Индонезияда президентнинг қайта сайланишига қарши намойишлар бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Индонезия

Сешанба куни Индонезия пойтахти Жакартада Жоко Видодонинг президент сифатида қайта сайланишига қарши бошланган тинч норозилик юришлари, бироз вақтдан сўнг, кенг кўламли тартибсизликларга айланиб кетган.

Одамлар машиналарга ўт қўйиб, полицияга пиротехника маҳсулотларни ота бошлаган.

Полиция намойишчиларни кўзни ёшлантирувчи газ билан тарқатишга уринган.

Жакарта губернатори Аниес Басведан сўзларидан иқтибос келтирган маҳаллий матбуот тартибсизликлар оқибатида олти инсон ҳаётдан кўз юмгани ва 200 нафар одам жароҳатланганини хабар қилган.

Кеча эълон қилинган президентлик сайлови натижалари жаноб Видодонинг ўз лавозимини сақлаб қолганини кўрсатган эди.

Бош Сайлов Комиссияси Жоко Видодонинг 55.5 фоиз овоз билан президентлик сайловида ғолиб чиққанини маълум қилган.

Би-би-си Индонезия Хизматига кўра, натижалар эълон қилинишидан зум ўтмай минглаб одамлар Бош Сайлов Комиссияси биноси ташқарисига йиғилиб, норозилик билдира бошлаган. Тез орада, пойтахтнинг бошқа қисмларида ҳам кўча юришлари юзага келган.

Кечга томон намойишлар тартибсиз тус олган.

Маҳаллий телевидение намойишчилар ва полиция ўртасидаги кўча жангларидан лавҳаларни намойиш этган.

Ҳукуматда бунга қадар сайловдан сўнг одамларда норозилик кайфияти юзага келиши хавотири бўлгани сабабли Жакартага олдиндан 30 минг аскар ташланган эди.

АҚШда илк бор одам жасадидан ўғит сифатида фойдаланишга рухсат берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бир ҳовуч тупроқ...

Вашингтон одам қолдиғини ўғитга айлантириш қонунлаштирилган илк штатга айланган.

Вашингтон штати губернатори Жей Инсли сешанба куни ана шундай қонунга имзо чеккан.

Янги қонунга биноан, одамлар, эндиликда, ўлимдан сўнг ўз жасадининг ўғитга айлантирилиб, ерга сочиб юборилишини васият қилиши мумкин.

Йирик шаҳарларда қабристонлар учун ер-жой тобора камайиб бораётган бир вақтда, бундай усул аксарият одамлар томонидан дафн этишнинг энг мақбул йўли ўлароқ кўрилмоқда.

Қонуннинг қабул қилинишига катта таъсир ўтказган Recompose компанияси биринчилардан бўлиб инсон танасини ўғитга айлантириш хизматини таклиф қилмоқда.

Жараённинг қандай ўтишини тушунтириб берган компания вакили сўзларига кўра, одам жасади беда пичани, ёғоч қипиғи ва похол билан тўлдирилган махсус пўлат контейнерга солинади ва у ерда 30 кунга қолдирилади.

Бу вақт давомида жасад табиий равишда чириб, икки замбилғалтак ўғитли тупроққа айланади.

Сўнгги йилларда жасадларни атроф-муҳитга зарар етказмай дафн этиш усуллари оммалашмоқда.

Масалан, одам танасини ўғитга айлантириш Швецияда аллақачон қонунлаштирилган.

Дунё, янгиликлар: Крайсчўрч ҳужумчисига расман қандай айблов қўйилди?

Дунё, янгиликлар: Трамп Эронни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилдими?

Болалар Покистонда юзага келган ОИВ эпидемияси қурбонига айлангани маълум бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Болалар

Мамлакат жанубидаги Ратто Деро шаҳарчаси ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) эпидемияси ўчоғига айлангани хабар қилинмоқда.

Эпидемиянинг илк аломатлари шу йилнинг февраль ойида кузатилган.

Ўшанда, бир қанча ота-оналар маҳаллий шифокорга фарзандларининг иситма ва безгакдан халос бўла олмаётганидан шикоят қила бошлаган.

Сўнг бундай шикоятлар янада кучайган ва болаларнинг қони текширишга юборилган. Қон таҳлили шифокорларни энг хавотирга солган натижани кўрсатган.

Маҳаллий касалхонанинг Би-би-сига маълум қилишича, ўтган ойнинг сўнгига қадар шаҳарчанинг 607 нафар аҳолиси - шундан 75 фоизи 15 ёшгача бўлган болалар - ОИВга чалингани аниқланган.

Ҳозирча, ушбу эпидемияга сабаб бўлган омиллар борасида аниқ тўхтам мавжуд эмас.

Бироқ ўз таркибига Ратто Деро шаҳарчасини олувчи Синдҳ провинцияси ОИВни Назорат Этиш Дастури вакилининг Би-би-си билан суҳбатидан аён бўлишича, кичик эҳтимол билан, фоҳишалар ва, катта эҳтимол билан, маҳаллий табиблар бундай эпидемиянинг асосий сабабчилари бўлиб чиқиши мумкин.

Вакилнинг изоҳлашича, Покистоннинг, айниқса, чекка ҳудудларида одамлар олий маълумотли шифокордан кўра арзон ва тажрибасиз табибларга мурожаат қилишни маъқул кўради.

Ўз навбатида, табиблар деярли ҳеч қандай санитария қоидаларига риоя қилмай, одамларни даволайди.

Айни вақтда, Синдҳ провинцияси расмийлари эпидемияга қарши кураш доирасида 500 га яқин халқ табобати хизматларини таклиф қилувчи клиникаларни ёпишга кўрсатма берган.

Битта шприцни кўплаб беморларга қўллаш гумони билан болалар табибларидан бири қўлга олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek