Ўзбекистон: Мирзиёев энг кам иш ҳақини бекор қилди - нима ўзгарди?

Президент фармони билан энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) билан алмаштирилди.

Фармонга мувофиқ, ушбу миқдор 577 170 сўм қилиб белгиланган.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи сўнгги бор 2018 йил 1 ноябрда 202 730 сўм қилиб белгиланганди.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 24 доллар бўлади, бой ва камбағаллар ўртасидаги фарқ кескинлашган

"Монополистлар бор экан, қимматчилик бўлаверади"

"Яна қимматлашиш, лекин Ўзбекистон нархларни эркинлаштириши лозим"

"Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 21 май куни Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида эълон қилинган Президент Фармонида 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгилангани айтилган:

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - 577 170 сўм;

Базавий ҳисоблаш - 202 730 сўм;

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори - 202 730 сўм.

Янги тушунчалар

Фармонга расмий шарҳ эълон қилинганича йўқ.

Бундан аввал ўтган йил октябрида Президент Мирзиёев "меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар"нинг иш ҳақи миқдорининг жадал равишда оширилишини кўзда тутган ҳолда Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Buxgalter.uz сайтида ўтган йилги фармонга берилган шарҳда "энди республикамизда МҲЭКМ 577 172,31 сўмни (202 730 х 2,847) ташкил этади. Яъни ходим тўлиқ ой ишлаган ва меҳнат шартномасида назарда тутилган барча мажбуриятларни бажарган бўлса, иш берувчи унга ушбу миқдордан кам иш ҳақи белгилашга ҳақли эмас" деб ёзилган.

Амалдаги Ўзбекистон қонунчилигида 1992 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини белгилаш мақсадида "энг кам иш ҳақи миқдори" деган тушунча киритилган ва унга расмий мақом берилган.

Иқтисодчиларга кўра, ўша даврда Ўзбекистон мустақиллигини таъминлаш ва аҳоли қашшоқланишининг олдини олиш учун бу мисли кўрилмаган чора эди.

Вақт ўтиши билан турли ҳолларда фойдаланиш учун дастлабки ўлчов бирликларини ишлаб чиқиш зарурати туғилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AGF

Нафақат иш ҳақи ҳажми, балки пенсиялар ва нафақалар ҳажмини белгилашда дастлабки ўлчов бирлиги, ойликларни разрядлар бўйича ҳисоблашда дастлабки ўлчов бирлиги, турли иқтисодий ва административ жарималарни белгилашда дастлабки ўлчов бирлиги каби тушунчаларга эҳтиёж пайдо бўлди.

Ҳозирга қадар бу масалаларни ҳал этишда «энг кам иш ҳақи миқдори» деган дастлабки ўлчов бирлигидан фойдаланиб келинарди.

Лекин иқтисодчиларнинг айтишича, бу ҳолат кўпинча жиддий муаммоларга олиб келган.

Энг кам иш ҳақи миқдорига деярли барча давлат хизматлари учун, турли административ жавобгарлик учун тўловлар миқдори боғлаб қўйилган.

Хўш, бу тўловларнинг энг кам иш ҳақи миқдорига нима алоқаси бор? Нега бундай боғланиш бўлиши керак?

Бошқа, иккинчи ҳолатда, энг кам иш ҳақи миқдорига давлат томонидан тўланадиган бюджет ходимлари учу иш ҳақи миқдори, турли пенсиялар ва нафақалар миқдори ҳам боғлаб қўйилганди. Яъни давлат энг кам иш ҳақи миқдорини оширишни режаласа, ўз ўзидан бюджетнинг бошқа параметрлари хам ўзгариб кетиб, турли номутаносибликлар, диспропорцияларга олиб келган.

Бу эса ўз навбатида ижтимоий норозиликларга етаклаган.

'Нозик масала'

Ўзбекистон ҳукуматига яқин иқтисодчилардан бирининг Би-би-сига айтишича, давлат бюджетнини тўғри режалаштириш ва ижросини таъминлаш мақсадларида шундай бир ҳисоб бирлиги керак эди-ки, у энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлиқ бўлмасин.

Унинг сўзларига кўра, барча юқоридаги омиллар 2000-йилларнинг бошидан кенг муҳокама қилинган.

Лекин масаланинг нозиклиги ва тўғридан-тўғри бюджетдан олинадиган ойликлар, тўланадиган нафақа ва пенсияларга боғлиқ бўлгани учун бу масала доим ортга суриб келинарди.

Ва ниҳоят, 21 май кунги фармон билан янги тушунчалар амалга тадбиқ қилинмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати келаётган йилларда янада қатъийлашиб бориши кутилади.

Жумладан, ҳозирда муомалага киритилган уч тушунчанинг (меҳнатга ҳақ тўлаш, базавий ҳисоблаш ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори) янада ойдинлашиб, улардан фақат биринчи иккитаси қолишини кутиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek