Ўзбекистон: Ҳукумат идораларини танқид қилган депутат кетказилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Milliy Tiklanish partiyasi
Image caption Сарвар Отамуродов ўз истеъфоси бўйича ҳозирча баёнот бермади

Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва ўзи раислик қилган "Миллий тикланиш" демократик партиясидаги аҳволни танқид қилган депутат Сарвар Отамуродов ўз ишидан кетди.

"Миллий тикланиш" партияси хабарига кўра, у "ўз хоҳишига мувофиқ партия етакчилигидан озод этилди". Ўзбекистондаги матбуот хабарларига кўра, у шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигидан ҳам кетган.

Сарвар Отамуродов "Ўзагросуғурта" акционерлик жамияти раҳбари этиб тайинланди. Партия раислиги эса ҳукуматпараст чиқишлари билан танилган депутат Алишер Қодировга ўтди.

Отамуродов жорий йил 17 мартда "Ҳаракатлар стратегияси" марказида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳукумат вазирликлари ва идоралари фаолиятини кескин танқид қилганди.

Би-би-си Отамуродовнинг ўзидан истеъфоси сабабларини билишга уринди, аммо ҳозирча бунинг уддасидан чиқмади.

Муаммо бор, ечим-чи?

Сарвар Отамуродов охирги президент сайловида ўз номзодини қўйган ва энг кам овоз тўплаган эди. У, шунингдек, номзодлар орасида энг ёши эди.

Март ойидаги чиқишида Отамуродов Халқ таълими вазирлигини мамлакатдаги махсус мактаблар аҳволига эътибор қаратмасликда айблаган.

"Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди," - деб айтган у.

"Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти?" - дея савол қўйганди депутат.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Маданият вазирлиги маданий мерос объектларига оид нотўғри статистик маълумотларни тақдим этмоқда.

"Вазирлик қаерда нима жойлашганини ҳам яхши билмайди, маданий мерос объектлари жойлашуви бўйича берган маълумотларнинг 30−40 фоизи нотўғри, объектларнинг баъзилари бузилиб кетган," - деб айтган Отамуродов.

"Вазирлик маълумотига қарасак, республикада тахминан 7480 та объект бор, аслида улар 6975 та. Қолганлари-чи? Йўқ, жойи теп-текис, асфальт ётқизилган ёки умуман бузилиб кетган," - дея қизиққан депутат.

Собиқ партия марказий кенгаши раисининг ўз чиқишида айтишича, "Ёшлар иттифоқининг ҳам тақдим этаётган айрим статистикалари реал ҳаётга мос келмайди, амалда бу кўрсаткичлар умуман бошқача".

Отамуродов ўзи раислик қилган "Миллий тикланиш" демократик партиясидаги сустликни ҳам қоралаганди.

"Очиғини айтаман, олдинлари сиёсий партияларни ҳеч ким тан олмасди, тузук гаплашмасди. Ҳозир эса ҳафтасига камида 2−3 та муаммо, масалалар кўтарилган хат вазирлик, идораларга кетяпти. Лекин бизнинг битта муаммомиз бор: тарғибот-ташвиқотимиз жуда бўш, суст," - деб нолиган у.

Ўзининг партия раислиги ва депутатликдан нега кетгани борасида Сарвар Отамуродов ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон президентлигига номзодлар кимлар?

Дима Қаюм депутат ва халқ ўртасидаги ишончни уйғота оладими? - Ўзбекистон ва сиёсат

Олий Мажлис коррупцияга қарши кураша оладими?

Олий Мажлис аъзоси депутатлик фойдасиз машғулот эканини тан олди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek