Ўзбекистон - Россия: Мигрантсиз, Москвада мусулмон бўлиш осонми?

Москва, мигрант Одилжон: Муҳожирликни ҳам, мусулмончиликни ҳам қилса бўлади, фақат кучли истак-хоҳиш бўлса бўлди...

Худди шу сўзларни изҳор этган 32 ёшли Одилжон Исмоилов асли фарғоналик.

У ўн йилдан бери Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ва худди шу ерда оила қурган.

Россияга келгач, дастлаб қурилишда ишлаган, аммо бу иш оғирлик қилгани боис, бироз ўтиб косибликни ўрганган.

Одилжоннинг айтишича, ҳатто шунда ҳам, фақат пойафзал таъмирлаш билангина кифояланмайди.

Каттаси бўладими ёки кичиги, сумкаларни ҳам тузатиб кетаверади.

Уйники бўладими ёки исталган машинаники, калитлар ҳам ясайди.

Бир сўз билан айтганда, кун бўйи ишда банд ва қилаётган ишидан мамнун.

Ўзбекистон, Россия ва Рамазон: Муҳожирлар Исломни ёйишмоқда ёки мусулмонлашаётган Россия

Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Россия, миграция ва Рамазон

Иш берувчиси рус ва насроний эканига қарамай, Москвада меҳнат муҳожирлигида банд экан, рўзасини ҳам тутади, ишини ҳам қилади.

Аммо жуда банд эканим боис, ҳар доим ҳам намозимни масжидга чиқиб, адо этишга имконим бўлмайди, дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати бу йилги Рамазон ойига бағишланган махсус лойиҳаси доирасида бу ҳафталик жонли мулоқотини айнан Одилжон билан ифторлик дастурхони атрофида уюштирди.

У баҳона Россияда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мусулмонлар учун муқаддас бўлган бу ойдаги кайфиятлари, уй-фикрлари билан қизиқди.

Таъкидлаш жоиз, Би-би-си Ўзбек хизмати бунга қадар бу каби жонли мулоқот уюштиришга муваффақ бўлмаган.

Одилжоннинг мулоқот жараёнида Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаётга айтишича, бола экан, масжидга илк бор тўрт ёшда чиққан. Худди шу ёшда бобосининг кўмагида намоз ўқишни ўрганган.

Рўзани эса, ҳали мактаб ўқувчиси экан, 12 ёшдан бошлаб тутишни бошлаганман, дейди у.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, агар, кучли истак-хоҳиш, ирода бўлса, қанчалик машаққатли бўлмасин, муҳожирликда ҳам мусулмончиликни бемалол уддаласа бўлади.

Москва ва мусулмонлар

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг энг катта қисми айнан пойтахт Москва ҳисобига тўғри келади.

Москвадаги мусулмонларнинг сони беш миллиондан ортиқроқ экани айтилса, улардан энг кўпи ҳам ўзбекистонликлар, дея тилга олинади.

Москвадан мухбиримиз Соҳиба Ҳаётнинг айтишича, Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари кунига 12 соатлаб ишлаб, тунда 3-4 соат ухлашига тўғри келсада, рамазон ойини ғанимат билиб, ислом фарзини бажаришга ошиқишади.

Айрим ўзбекистонлик тадбиркорлар эса, сўнгги йилларда рўзадор меҳнат муҳожирлари учун эҳсонлар ва хизматларда енгилликлар ташкил қилишга ҳам ўтишган.

Шунингдек, Рамазон ойида кўплаб ҳалол ошхонаю чойхоналар куну тун ишлашни йўлга қўйишади.

Саҳарлик ва ифторлик учун алоҳида таомномалар тузилади. Айримлари маълум кунларда эҳсон ошлари ташкиллаштиришади.

Пайшанба кунги жонли мулоқотимизга асосланган видеолавҳамизни сиз ҳам томоша қилинг.

Фикрларингиз бўлса, ҳеч тортинманг, бемалол билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek