Ўзбекистон: ДХХ зўравонлиги устидан шикоят кўриб чиқилмайдими?

Кишан Фото муаллифлик ҳуқуқи NOEL CELIS/AFP

Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимларининг қонунга зид амаллари устидан ёзилган шикоятга ҳамон жавоб бўлгани йўқ.

Муқаддас Турсунова укаси Хайрулло Турсуновни икки терговчи қийноққа солгани устидан шикоятни май ойининг бошида Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммаджоновга, Бош прокурор Отабек Муродовга, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов номларига йўллаган.

Қоровулбозордаги қамоқхонада икки терговчи маҳкум Хайрулло Турсуновга 5-6 соат мобайнида "қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, камситувчи муомала турлари"ни қўллагани ҳақидаги мурожаатига шу кунгача жавоб олмаганини айтди Би-би-сига Муқаддас Турсунова.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ва 2013 йили 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган қашқадарёлик Хайрулло Турсунов Бухоро вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда.

17 апрелида қамоқхонага ДХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари келганлар, қийноқлар қўллаб Хайрулло Турсуновни сўроқ қилганлар.

Хайрулло Турсуновдан Данияда истиқомат қиладиган қариндоши Байрамали Юсуповга қарши кўрсатма беришни талаб қилганлар.

Хайрулло Турсунов Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганидан кейин "Қаршида кўрган икки терговчи" ўзлари ёзиб олиб келган қоғозларга қўл қўймаса, қамоқ муддатини узайтириш билан таҳдид қилганлар.

Аммо Хайрулло Турсунов қийноқларга қарамасдан, имзо чекмаган.

Ушбу ҳодиса қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, диний эркинликлар вазияти мониторинги билан шуғулланадиган Forum 18 халқаро ташкилотининг эътиборига тушган.

Forum 18 Байрамали Юсуповнинг диний айбловлар билан таъқиб қилинганидан кейин Ўзбекистонни тарк этганини, шу йил апрель ойида манзил колонияларида жазо муддатини ўтаётган тахминан 20 маҳкум Байрамали Юсупов ҳақида сўроққа тутилгани, айримлари қийноққа ҳам солинганини хабар қилган.

Муқаддас Турсунова билан суҳбатни тингланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ