Ўзбекистон: ДХХ чегарадан киритмаган парламент собиқ депутатини ИИВ қидирувга берди

Насурлло Саййид Канададан бошпана топган
Image caption Насурлло Саййид Канададан бошпана топган

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолиф сиёсатчи Насрулло Саййид Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилди. Шу йилнинг 20 апрель куни Истанбулдан Тошкентга учиб борган собиқ депутат ДХХ томонидан Туркияга қайтариб юборилганди.

Тошкентдаги халқаро аэропорт ва бошқа жойларга осилган "Диққат қидирув" эълонларида Насрулло Саййид рўйхатнинг бошида турганини кўриш мумкин.

Эътиборли томони қидирувдаги депутатнинг ҳозирги манзили ва телефон рақамларигача берилган. Бундан ташқари депутат "мени ушланглар", деб ўз оёғи билан Тошкентга учиб борган.

Би-би-си Ўзбекистон куч идоралари томонидан қидирилаётган Насрулло Саййидга, қидирув эълонида кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб боғланди.

"Масхарабозликни қаранг. Қидирилаётган шахс, қаерда эканлиги номаълум бўлгани учун қидирилмайдими? Улар менинг манзилим ва телефон номеримгача аниқ ёзиб қўйишибди. Келиб олиб кетишмайдими", дейди у.

Насрулло Саййид Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан қочиб юрмагани, аксинча уларнинг олдига боришда ДХХ чегара хизмати тўсқинлик қилганини айтади.

У шу йилнинг 20 апрел куни Тошкент халқаро аэропорти келган вақтида ҳам қидирувда бўлган. Бироқ ДХХнинг чегара хизмати уни Ўзбекистон ичига киритмаган.

"Тошкентга учиб борганимда ДХХ хизматчисига "мени Ички ишлар ва Бош прокуратура қидирувга берган, рухсат бер уларнинг олдига ўтайин, мени ушлашсин", дедим. Лекин гапимга қулоқ солмади. Мени Истанбулга қайтариб юборишди", дейди Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати.

Насрулло Саййид Жиноят кодексининг 4 моддаси бўйича айбланиб қидирувга берилган:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy photo
Image caption Насрулло Саййид Тошкент аэропортига илинган рўйхатнинг бошида турибди

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, қонунга хилоф равишда жамоат бирлашмалари тузиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ҳамда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш.

Би-би-си вазиятга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилган.

Мулозимлар ҳозирча ушбу саволга жавоб бергани йўқ.

2019 йил 20 апрелида Истанбулдан Тошкентга учиб борган Насрулло Саййид аэропортда бир неча соат ушлаб турилган, Ўзбекистонга киритилмаганининг қонуний сабаблари унинг ўзига маълум қилинмасдан Туркияга қайтариб юборилган.

Тарихий Мустақиллик декларациясини қабул қилган ва мамлакат Мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон парламентининг аъзоси, мухолифатдаги "Эрк" Демократик партиясининг Бухоро вилоят бўлими раҳбари Насрулло Саййид 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган.

Бунга таниқли таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг 2005 йилги Андижон қирғинига бағишлаб айтган қўшиғини тинглаган, деган айблов билан Насрулло Саййиднинг устидан жиноят иши очилгани, айни айблов билан Бухоро вилоятида бир неча инсонни қамашгани сабаб бўлган.

Сиёсатчи Канадада бошпана топган.

Насрулло Сайид бирор бир жиноят содир этмагани, ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иш мантиқсизлик экани ҳақида Ўзбекистон парламенти, масъул вазирлик ва идораларига кўплаб маротаба мурожаат қилган.

Фаол Канадада яшаётган бўлса-да, у мамлакатнинг фуқаролигини олмаган.

Аммо Насрулло Саййидга Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилганини хабар қилишган ва Канада паспорти билан Ватанига бора олиши мумкинлигини айтишган.

Шундан кейингина Канада фуқаролигини олиб, сайёҳ сифатида Ўзбекистонга борган Насрулло Саййидни Тошкент аэропортида ушлаб туришган.

У Ўзбекистонга киритилиши сабаби тушунтирилмаган ва рус тилида ёзилган, Чегара назорати зобитининг имзоси бор, аммо "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкати вакилининг имзоси қўйилмаган қоғоз билан Туркияга қайтариб юборилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek