Ўзбекистон: Жазирама иссиқда машина ойнасига ўрнатилган парда учун жарима кескин кўтарилди

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда машина ойналарини махсус рухсатсиз қорайтириш (тонировка) ҳамда ойналарга қўшимча нарсалар ўрнатиш учун белгиланган жарима миқдори 25 баробар кўтарилди. Энди бундай қоидабузарликлар учун 5 миллион сўм (590 доллар) жарима тўланади.

24 май куни кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига киритилган ўзгартиришлар бўйича, жарималар миқдори кескин оширилганини кўриш мумкин.

Telegram даги Xushnudbek.uz каналининг маълум қилишича, машинасига қуёшдан сақланиш учун парда каби қўшимча нарса ўрнатганлар ҳам 5 миллион сўм тўлашига тўғри келади.

"Махсус рухсатномасиз машинаси ойналарини тонировка қилган ҳамда ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган (масалан, орқа ён ойналарга пардалар) бўлса, жарима жазоси ЭКИҲ 25 баробари (5 млн сўм) этиб белгиланди".

Олдин бу қоидабузарлик учун жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 1 баробари (202 730 сўм) эди. Жарима 25 баробарга оширилган.

Худди шу қоидабузарлик маъмурий чора қўлланилгандан сўнг бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 40 баробари (8,1 млн сўм) этиб белгиланди. Аввал 2 "минималка" (405 минг сўм), бўлгани айтилмоқда.

Машина эгалари бундай жарима тўламаслиги учун жисмоний шахслар 18 миллион 200 минг сўм, юридик шахслар 24 миллион 300 минг сўм тўлаб тонировка қилиши мумкин.

Эътиборли томони бу тўлов фақат бир йил учун ва кейинги йилга яна қўшимча пул тўлаш керак бўлади.

Мутасаддилар жазирама қуёшдан сақланиш воситаларидан бири бўлган ойналарни қорайтириш нима учун фақат бой қатлам учун қонуний қилинганига изоҳ беришмаган.

Бундан ташқари ойналарни барча бирдек қорайтириши йўл ҳаракати хавфсизлигига қандай салбий таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисидаги савол ҳам очиқ қолмоқда.

Кузатувчилар бу каби қарорлар ҳайдовчининг хавфсизлиги учун эмас, балки давлат ғазнасини тўлдиришга хизмат қилишини айтишади.

Ҳукумат томонидан маълум соҳа вакиллари ёки пули кўп одамларга шунга ўхшаш имтиёзларнинг берилиши жамиятда табақаланишнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин, деган хавотирлар кучайган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek