Ўзбекистон: қамоқдаги йилларим учун 25 млн сўм коммунал тўловни тўла, дейишаяпти

Фахриддин Тиллаев, Нураддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"ни ташкил қилган эдилар. Фото муаллифлик ҳуқуқи Шахсий архивдан
Image caption Фахриддин Тиллаев, Нураддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғли "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"ни ташкил қилганлари учун таъқиб қилинганлар.

Мухолифат ва инсон ҳақлари фаоли Фахриддин Тиллаевга кўра, Мажбурий Ижро бюроси ўзидан 32 миллиондан ортиқ сўмни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилаяпти, шундан 25 миллиони у қамоқдалигида тўпланиб қолгани айтилаётган коммунал тўловлар.

"Мен 2018 йил 12-май куни озодликка чиққанимдан кейин Ўзбекистон Республикасининг Бош Прокуратураси қошида ташкил этилган "Мажбурий Ижро Бўлими" бир гуруҳ ходимлари томонидан мени таъқиб ва тазйиққа олиш бошланди", дейилади Фахриддин Тиллаев мурожаатида.

Мажбурий Ижро бюроси Фахриддин Тиллаевдан 7 миллион 235 минг 500 сўмни ундиришни хоҳламоқда.

Бу Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман судининг 2012 йили инсон ҳуқуқлари фаолига тайинлаган жаримаси бўлган.

2012 йил 22 сентябрида Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозорида "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси" анкеталарини ёлланма ишчилар орасида тарқатаётган Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзов милиция томонидан ҳибсга олинган эдилар.

Фаоллар мардикорларни йиғиб уларнинг ўз ҳуқуқлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётганларини айтишган.

23 сентябрь куни суд Фахриддин Тиллаев, Нураддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғлини Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 202-банди - ноқонуний ташкилот, оқим ёки сектага киришга ундашда айбдор деб топиб, ўша пайтдаги энг кам иш ҳақининг 100 бараварига жаримага тортиш ҳақида қарор чиқаради.

Ўша пайтдаёқ фаоллар ушбу қарорнинг Ўзбекистон Конституциясига зид қарорлигини таъкидлаган эдилар.

2014 йил январида маҳкама Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзовни "одам савдо"сида айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Мустақил "Мардикорлар касаба уюшмаси" марҳум президент Ислом Каримовнинг 2013 йилда меҳнат муҳожирларини "дангаса" деб аташини қоралаб чиққанди.

Каримовнинг ўзига йўлланган ва 51 киши имзо чеккан мактубда "бу ўз халқини севмайдиган президентнинг" гапидир, деб айтилган.

68 ёшли Нураддин Жуманиёзовнинг 2016 йил декабрида қамоқда оламдан ўтгани анчадан кейин кўпчиликка маълум бўлди.

Фахриддин Тиллаевнинг шафқатсиз қийноқларга солингани хабарлари тарқалди.

У тутқунликда саломатлиги ёмонлашганини айтади.

Фахриддин Тиллаев 2018 йил май ойида озод этилганидан сўнг ўзи пропискада турадиган Тошкентнинг Чилонзор туманидаги квартира коммунал тўловлари учун 25 миллион сўм қарздорлиги ҳақидаги қоғозларни олган.

"Нега энди мен қамоқда бўлсам ҳам, "коммунал тўлов"ларини тўлашим керак экан...?" Бу-мантиққа тўғри келмайди-ку?", дейди собиқ сиёсий тутқун.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ