Ўзбекистон гилоси Британия бозорида - энди ўзбек фермерларига Европага йўл очиқми?

Британиянинг AKS Services Group компанияси Ўзбекистонда етиштирилган ва қадоқланган гилосларни Лондондаги дўконларга сота бошлади. Бу Британия-Ўзбекистон иқтисодий муносабатларидаги муҳим воқеа дея баҳоланмоқда.

Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2018 йилда қарийб 250 миллион долларни ташкил қилган. Бу Британиянинг бошқа савдо шериклари билан алоқаларидаги ҳажмдан анча кичик бўлса-да, Ўзбекистон учун ўсиш бўлди - 2017 йилда бу кўрсаткич уч баравар кам эди.

Британиялик тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистондаги мева ва сабзавотларни Европа, хусусан Британия бозорларига олиб кириш зарур, чунки ўзбек маҳсулотлари ўзининг юқори сифати билан ажралиб туради.

Би-би-си журналисти Ибрат Сафо тунда улгуржи савдо амалга оширилувчи Western International Market бозорига бориб, гилосни Британияга олиб келган тадбиркор Ваис Қаисни суҳбатга тортди.

Би-би-си: Айтинг-чи, нега айнан ўзбек гилосларини олиб келишга қарор қилдингиз, уларнинг ўзига хослиги нимада? Нега Ўзбекистон?

Авваламбор, Ўзбекистон - мафтункор мамлакат. У ерда ўсадиган маҳсулот ўта юқори сифатли эканига гувоҳ бўлдим. Уни Ғарб бозорига олиб чиқиш керак, чунки у Ғарб бозорида юқори баҳоланишига ишончим комил.

Би-би-си: Сиз Афғонистондансиз асли, шундайми?

Ҳа, асли Афғонистонданман.

Би-би-си: Нега афғон гилосларини олиб келмай, Ўзбекистонникини келтирдингиз?

Бу жуда яхши савол. Афғонистондаги гилослар бу бозорга лойиқ даражада яхши эмас. Келажакда бўлар деб умид қиламан.

Би-би-си: Бу гилослар Намангандан эканми?

Ҳа, булар Намангандан.

Би-би-си: Демак, сиз Наманганга бориб, улар қандай етиштирилиши, терилишини кўрдингиз.

Ҳа, Наманганга бориб бутун жараённи ўз кўзим билан кўрдим. Турли босқичлардан ўтдик, гилосни етиштирувчи фермерлар, уни қадоқлайдиганлар билан ишладик, чунки ҳамма нарса Европа бозори учун мослаштирилишини таъминлашимиз керак эди.

Би-би-си: Осон бўлмаган бўлса керак, чунки Ўзбекистон ҳали бундай савдога, хусусан меваларни Европага экспорт қилишга ўрганмаган. Сиз бунга йўл очиб беряпмиз, қандай кечди сиз учун бу жараён?

Албатта, ўзига яраша қийинчиликлари бўлди, чунки маҳсулот занжиридаги барча томонларни бир-бири билан мулоқот қилишини таъминлашимиз, ҳаракатларини мувофиқлаштиришимиз керак бўлди. Яна бироз ишлар амалга оширилса, келажакда нафақат гилос, балки бошқа меваларни ҳам экспорт қилишга имкон бор.

Би-би-си: Қадоқлашга келсак, Россия ё Қозоғистонга ниманидир экспорт қилсак, юк ташувчи машина ортига юклаймизу жўнатамиз. Лекин, Британияга экспорт қилиш учун муайян талабларга жавоб бериш керак, масалан меванинг терилиши, сақланиши, унинг чиройли қадоқланиши ва ҳоказо.

Мутлақо. Қатор андозаларга мослашиш керак. Масалан, териш, қадоқлаш ва энг муҳимларидан бири, муайян сертификатлар андозасига жавоб бериш. Ҳар бир мамлакат, ҳар бир маҳсулот учун алоҳида декларация тўлдирилади. Бу декларация лаборатория синовлари асосида берилади. Бу йўлда биз Иқтисод, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Карантин бўлими, ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи, қадоқловчи ишларини ўзаро мувофиқлаштирдик ва мевани олиб келдик.

Би-би-си: Нега фақат 500 килограм олиб келдингиз? Нега кўпроқ эмас?

Аввало бозорни синаб кўрмоқчи эдик. Ўта катта миқдорни импорт қилиб рискка юз тутишни истамадик. Энг асосийси, қонун-қоида бўйича, барча британ андозаларга жавоб беришимизга ишонч комил қилмоқчи эдик. Яхшиямки, ҳаммаси кўнгилдагидек кечди. Мен Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўзбекистон ҳукумати ҳам жуда катта ёрдам қилди. Мана синовлардан ўтволдик. Энди кўпроқ миқдорда маҳсулот оламиз.

Би-би-си: Бугун яхши сотилади деб ўйлайсизми?

Ҳа, сотилади. У ўз нархи бўйича сотилади. Мен сизга кафолат бераман.

Би-би-си: Ҳаммасини сота оласизми?

Ўйлашимча, 2-3 соат ичида ҳаммаси сотилади.

Би-би-си: Раҳмат, омад, мен кузатиб тураман. Ва еб ҳам тураман.

Дарҳақиқат бозор тунги 2:00да очилишидан кўп ўтмай, гилосларнинг ярми сотилди. Харидорлар асосан чакана савдога ихтисослашган дўкон эгалари.

AKS Services Group қишлоқ хўжалиги эксперти Карим Мерчантга кўра, ўзбек мевалари тренди энди ривожланади.

"Бу биринчи бор амалга оширилди. Ўйлашимча, ўзбек маҳсулотлари учун бу янги тренднинг бошланиши. Бу гилослар шунга яхши исбот бўлди. Қўтилар боя икки баравар юқори тахланганди, ярмини сотдик, ваҳоланки атиги 1,5 соат олдин бозор очилди. Саҳарги 6гача ҳаммаси сотилади ва яна талаб пайдо бўлади. Бу бизга умид бағишлайди," - дейди у.

Онасидан сўкилган фермер: "Режани ортиғи билан бажардим, раҳмат дегани йўқ"

Сирдарё: Фермерлар вилоят ҳокими олдида оммавий қасам ичди

Ўзбекистон: Фермерларни урган собиқ ИИБ бошлиғи жазони уйда ўтайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek