Ўзбекистон: ёш тарихчи олим Кубатин ишини қайта кўриб чиқиш бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Dilmurod Sayyid

28 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Андрей Кубатин ўзига нисбатан янгидан очилган жиноят иши билан танишган.

Тошкент шаҳридаги судга тарихчи олим жазо муддатини ўтаётган Тошкент вилояти Пскент туманидан келган.

Яқинлари ва Андрей Кубатинга ҳаммаслак инсонлар Тошкент вилоят суди биноси олдида тўпландилар, социал тармоқларда эълон қилинган олимнинг фотосуратлари кўпчиликни хурсанд қилган.

Истеъдодли ёш туркшунос олим Андрей Кубатинни ҳарбий суд 2017 йил декабрида 11 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Уни ватанга хиёнат қилишда айблашган.

Бироқ охирги бир ярим йил давомида Андрей Кубатиннинг айби судда ўз исботини топмагани, у тақдим этган китоблар очиқ Интернетда мавжудлиги, шунга қарамасдан, уни ноҳақ давлат сирларини сотишда айбдор деб топишгани жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.

Андрей Кубатиннинг яқинлари, Ўзбекистон ва хориждаги нуфузли олимлар ва юристлар Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат этдилар, жиноят ишини қайта кўриб чиқишга чақириқлар янгради.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатин ўзбек тили шеваларини мукаммал билади.

Шу билан бирга истеъдодли тарихчи ва қадимшунос олим сифатида ҳам танилган.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси 2017 йилдаги ҳарбий суд қарорига нисбатан протест киритган.

Опаси Клара Сахарованинг Би-би-сига айтишича, Андрей Кубатин жиноят ишининг қайта кўриб чиқилишини 31 май куни бошлаш ҳақида маълум қилишган Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят маҳкамаси масъуллари.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ