Ўзбекистон: Энди ҳукумат мулозимлари ўз даромадларини ошкор қилишадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Қудратга келиши билан мамлакатдаги порахўрлик, ҳуқуқ-тартибот органларининг бебошлиги ҳамда зўравонлигига қарши кескин чиқишлар қилган Президент Мирзиёев энди коррупцияга қарши курашиш давлат дастурини эълон қилди.

Унга кўра, давлат хизматчилари ва амалдорлар даромадларини декларация қилади, давлат мансабдорлари танлов асосида сараланади. Суд ҳокимияти мустаҳкамланади ва матбуот эркинлиги таъминланади.

Мутахассислар қабул қилинган фармон таҳсинга лойиқлигини айтаётган бўлса-да, хулоса қилишга ҳали эрталигини ҳам таъкидламоқда.

Шавкат Мирзиёев 27 май куни Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармон билан 2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинди.

Лондонда истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов бу жуда ҳам муҳим ва тўғри йўналишдаги қарор эканлигини айтади.

Унинг таъкидлашича, хорижда яшаётган ўзбек фаоллари ҳукуматни бу каби ўзгаришлар қилишга ўтган йилнинг август ойида чақирган эди.

"Хусусан, ўтган йилнинг август ойида асосан хорижда яшовчи, сиёсий қочқинлардан ташкил топган ўзбек фаоллари Швеция ва бошқа Европа давлатларида сақланаётган, ўғирланган мол-мулкларни қайтариш учун ҳукумат дастлабки чоралар сифатида ҳозирги каби аксил коррупция механизмларини ишлаб чиқиш шарт деган эди".

Кураш бошландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Илҳомов ушбу дастур жуда муҳим қадамларни ўз ичига олганини айтади.

Хусусан, давлат амалдорлари даромадларини мажбурий декларация қилиши, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, фуқаролик жамиятлари, оммавий ахборот воситаларига ўз мониторингларини олиб бориши ҳамда у ёки бу мансабдор шахс томонидан ваколатни суиистеъмол қилиш ҳақида хабар беришда кўпроқ эркинлик бериш.

"Бундан ташқари гап давлат идораларининг шаффоф ишлаши, ҳисобот бериши ҳақида бормоқда. Албатта, бунинг ҳаммаси қандай амалга ошишига баҳо бериш эрта. Бу чораларнинг майда тафсилотлари билан танишиш жуда муҳим. Бизга маълумки, Ўзбекистон шароитида ва тарихида жуда ҳам кўплаб қонунлар қабул қилинади, бироқ кўпинча улар бажарилмайди", дейди Алишер Илҳомов.

Экспертга кўра, даромадларни декларация қилиш чораси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тадбири сифатида илк маротаба янграяпти.

"Бу нарса бир қатор собиқ Шўро давлатларида аллақачон жорий қилинган. Масалан, Украина, Молдова, Гуржистон. Бу давлатларда ошкор қилинган декларация асосида жамоат ташкилотлари ва журналистлар уни солиштиришни бошлайди. Амалдорнинг декларация қилган даромади, уларнинг асл даромади ва у қандай мол-мулкка эга эканлигини текширади. Агар бу маълумотлар бир-биридан фарқ қилса, амалдор маъмурий ёки жиноий тартибда текширув объектига айланади".

Олий Мажлис коррупцияга қарши кураша оладими?

Ўзбекистон ва иқтисод: Инвестиция, инновация, коррупция

"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонда коррупция бор

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистон: Мирзиёев, ислоҳотлар ва коррупция

Илҳомов коррупцияга қарши дастурда ҳозирча манфаатлар тўқнашуви ҳолати бўйича банд кўрмаганини айтади.

"Ҳукумат бизнесида Тошкент шаҳар ҳокими ўйнаётган ролни инобатга олсак, бу ўта долзарб муаммолардан бири. Умид қиламанки, бу йўналишда қандайдир қадамлар ташланади. Ҳозирча ушбу чоралар коррупцияга қарши курашиш механизмига киритилди. Буни бир томондан қўллаб қувватлайман, аммо сўнгги хулосаларни беришда эҳтиёт бўлган бўлардим", дейди у.

Gazeta.uz нинг ёзишича, Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат экани белгиланди:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek