Ўзбек аёли: кунига 10000 сўмга розиман, иш борми?

Мардикор аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи dia.uz

Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги ишсизликни камайтиришга қарор қилган.

Шу мақсадда охирги уч йилда мамлакатда янги иш ўринларини барпо этишга қаттиқ киришилган.

Аммо ташкил қилинаётган иш ўринлари сони анча кам, рўзғори эҳтиёжини қондиришга етадиган маблағ излаганлар ҳамон четга кетмоқдалар, мардикорликка мажбур бўлаяптилар.

Ўзбек матбуотида мардикорлик мавзусига бағишланган қатор мақолалар эълон қилинди, улардан Тошкент сингари йирик шаҳарларда мардикорлар сони ҳамон кўплиги, мардикор аёлларнинг сони ҳам эркакларникидек кўплиги англашилади.

Худди шу манзарада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳам Ўзбекистондаги ишсизликка оид сўнгги расмий рақамларни эълон қилди.

Ўзбекистон Бандлик вазирига кўра, мамлакатдаги ишсизларнинг сони 1 миллион 391 минг кишини ташкил этади.

Шундан 13 фоизи хотин-қизлар.

Бироқ Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатиб келадиган мустақил кузатувчилар республикадаги расмий статистик рақамлар ҳақиқий аҳволдан фарқ қилишига эътибор қаратадилар.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева 2018 йили чорак миллион ўзбекистонлик аёл пул ишлаб топиш учун хорижга кетганини айтди.

Норбоева хоним аёллар ўртасидаги ишсизликни камайтириш мақсадида қўмита қандай ишларга қўл ураётгани ҳақида ҳисобот берган эди.

Хўш, нега Ўзбек аёли бугун ҳам мардикорликка чиқаяпти?

Ушбу мавзу Би-би-си Ўзбек Хизматининг жонли дастури мавзуси бўлди.

Дастурда Тошкентдаги мардикор аёллар муаммоларини ўрганиб мақолалар ёзган журналист Анора Содиқова, Россиядаги меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак кўрсатадиган юрист Ботиржон Шермуҳаммад қатнашдилар.

Дастур бошловчиси Феруза Раҳмон.

Ўзбекистонлик аёлларни мардикор бозорига етаклаган асосий омиллар - чекка қишлоқларда ишнинг йўқлиги, бор бўлганларида ҳам таклиф қилинаётган маошларнинг камлиги, дейди Анора Содиқова.

"Оилали, 3-4 та фарзандли аёл учун 400 минг-500 минг сўмлик ойлик камлик қилади".

"Мардикор бозорларини ҳам худди Ғарбдагидек, чет элдагидек расмийлаштирса, буни расмийлаштирган ташкилот ютади, деб ўйлайман. Чунки мана ҳозир Тошкентда кўпчилик уй тозалаш ишларига одам ёллайди. Бунинг учун хусусий фирмаларга мурожаат қилишади. Бу фирмалар эса айнан мардикор бозордан аёлларни танлаб олиб ёлламоқда", дейди журналист Анора Содиқова.

"Сўнгги йилларда бизга мурожаат қиладиган ўзбекистонлик аёлларнинг сони кўпайган", дейди Москвада migrant.mobi портали асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад.

"Ўзбекистондаги таълим тизими бугунги бозор талабларига мос мутахассислар чиқармаяпти", дейди москвалик ҳуқуқшунос.

BBC Uzbekнинг жонли мулоқотини томоша қилинг

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ