Россия: Петербургда ўзбекистонлик муҳожирларга қарши йирик амалиёт ўтказилмоқда. Нега?

Петербург Фото муаллифлик ҳуқуқи Tass/interpress

Петербургда полиция меҳнат муҳожирларининг яшаш манзилларида кенг кўламли рейд ўтказмоқда. Полиция ўтган ҳафта шаҳарнинг жанубий-шарқий қисмидаги кафеда юз берган муштлашув бўйича гумондорларни изламоқда.

Фонтанка нашрига кўра, жанжал Ўзбекистон ва Шимолий Кавказдан келган шахслар ўртасида бўлиб ўтган.

«Мақсад - аниқ жиноят содир этишга алоқадор шахсларни қўлга олиш,» хабар берган Россия ички ишлар вазирлигининг Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси.

"20 майга ўтар кечаси Салова кўчасида жойлашган кафеда муштлашув юз бериб, оқибатда, кафенинг тўрт мижозига пичоқ билан тан жароҳати етказилган. […] Пичоқбозликда гумонланганлар шахси аниқланган. Улар яқин хорижий давлатлардан бирининг фуқаролари бўлиб, тезкор маълумотларга кўра, Петербургда яшириниб юрибди," дейилади баёнотда.

Маҳаллий матбуот хабар беришича, тўрт инсон тан жароҳати олган муштлашув Петербургнинг Фрунзе туманидаги Салова кўчасида жойлашган кафеда 20 майга ўтар кечаси рўй берган.

Гувоҳлар гумондорларнинг Ravon ва Chevrolet русумли автомобилларга ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетганини айтган.

Фонтанка нашрининг аниқлик киритишича, пичоқ урилган шахслар ўзбекистонликлар бўлган.

Ички ишлар вазирлиги «гумондорларнинг ватандошлари қидирув ишларида полиция билан ҳамкорлик қилмаганидан» сўнг кенг кўламли рейд ўтказиш тўғрисида қарор олингани иддао этган.

Ҳозирча, полиция рейд давомида гумондорларнинг бирортаси қўлга олингани ёки йўқлигига ойдинлик киритмаган.

Петербургда асосланган Фонтанка ва 78.ru нашрларининг ёзишича, Салова ва Софийской кўчаларида жойлашган сабзавот базалари ва омборларида текширувлар ўтказилган.

Фонтанка нашри бу текширувларни «сўнгги ўн йилликдаги энг йирик» рейд, дея атамоқда.

Нашрнинг Twitter'даги саҳифасида ёзилган хабарда диаспора билан муроса қилмаган «полковник Баранов Петербургда ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйгани,» 300 нафар полициячи икки сменада «ов»га чиққани айтилади.

"29 май куни соат тонгги бешда Москва туманидаги спорт-концерт мажмуасига 150 нафардан ортиқ полиция ходими тўпланди. ИИВ бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи полковник Баранов Жиноят қидирув бошқармасининг элликка яқин ходими, ҳар бир тумандан беш нафар опер ва беш нафар участка нозири, Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси ва бошқа хизматлар нарядларини йиғди," ёзади Фонтанка нашри.

Полковник Баранов полициячиларга соат 21.00 га қадар текширилиши лозим бўлган манзилларни берган. Соат кечки тўққиздан сўнг яна 150 ходимдан иборат иккинчи гуруҳ рейдни давом эттирган.

«Полиция, асосан, ўзбекистонликлар ва шимолий кавказликлар билан норасмий суҳбатлар ўтказди, аммо улар жанжалда ким иштирок этганини билмасликларини айтиб, туриб олишди,» сўзлаб берган нашрга полициядаги манбалардан бири.

Полициядаги бошқа бир суҳбатдош агар муҳожирлар қидирувга ёрдам беришдан бўйин товлайверса, ўнлаб қонун моддалари асосида янада қаттиқроқ текширувлар ўтказилишини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek