Россия: Толибон ва афғон сиёсатчилари Москвада келиша олмади

афғонистон

Москвада Толибон ҳаракати ва Афғонистон мустақил сиёсатчилардан ташкил топган ҳайъат вакилларининг учрашуви якунига етди. Томонлар ҳеч қандай келишувга эриша олмади. Учрашувда Афғонистон ҳукуматидан бирорта ҳам вакил иштирок этмади.

Россия ва Афғонистон дипломатик алоқаларининг йўлга қўйилганига 100 йил тўлиши муносабати билан расмий Кремль Москвада Толибон вакиллари ва мустақил сиёсатчилардан ташкил топган Афғонистон ҳайъати ўртасида учрашув ташкил қилди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаётнинг хабар беришича, 29-30 май кунлари бўлиб ўтган учрашувда томонлар бирор келишувга эриша олмади.

Учрашув арафасида Афғонистон томонидан келган вакиллар Рамазон ойининг сўнгги кунларида Москвада сулҳга эришишга умид қилаётганини маълум қилганди.

Бироқ учрашувлар давомида Толибон вакиллари сулҳга эришиш учун Афғонистон томонига икки шарт қўйган.

Толибон Афғонистондан хориж ҳарбий аскарлари тўлиқ олиб чиқилиши ва мамлакат исломий низом остида бошқарилишини талаб қилган.

"Сулҳга монеълик қиладиган биринчи нарса хорижлик кучларнинг бу ерда мавжудлиги. Ўша бўлмаса Афғонистонда сулҳ келишуви мушкулдир", деди Толибон ҳайъатининг вакили Абдусалом Ханафий Би-би-си Ўзбек хизматига.

Эътиборли томони Москвада бўлиб ўтган учрашувда Афғонистон ҳукумати иштирок этмаган. Ҳаттоки Афғонистондаги Россиядаги элчиси ҳам унга келмаган.

Афғонистон парламенти сенатори Абдуллоҳ Қарлуқ Би-би-сига учрашувлардан кўнгли тўлмаганини билдирди.

"Биз истаган нарса бўлмади. Шахсан мен бу учрашувдан рози эмасман. Биз оташкесимга эришини истаган эдик. Рамазон ойининг бир неча куни қолди, ҳайит байрамларида оташ кесим бўлишини хоҳлагандик. Аммо улар (Толибон Би-би-си таҳ.) оташкесимни қабул қилмади. Америкаликлар чиқққанидан кейин муаммони ҳал қиларканмиз. Аммо сенинг 50-60 минг жангаринг турган бўлса, америкаликлар чиқса сен шунчаки келмайсан, сен кейин куч билан оласан", дейди у.

Толибон сўнгги олти ойи ичида Москвага иккинчи бор ташриф буюрмоқда. Сўнгги ташриф Москванинг Вашингтон билан алоқаларига жиддий раҳна тушган даврга тўғри келмоқда.

Экспертларга кўра, Афғонистон ва у ердаги жараёнларга аралашиш орқали Россиянинг Ҳиндистон, Покистон, Хитой ва бевосита Марказий Осиёга жиддий таъсир қилиш имконияти, салоҳияти ошади.

Уларга кўра, бу масалада Россияга "Марказий Осиё давлатларининг янги, анчагина мўрт ва Афғонистон таҳдидидан жиддий хавотирда" экани қўл келади.

Жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг 9 феврал куни Би-би-сига айтишича, "Россия учун айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан Марказий Осиё давлатларига жиддий таъсир қилиш, ўзининг геоиқтисодий, геосиёсий манфаатларини парваришлаш Афғонистон орқали қулай бир плацдарм, қулай бир платформа ҳисобланади".

Суҳбатдошимизнинг қайд этишича, "бу нарсани Москва яхши тушунади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek