Корея-Ўзбекистон: Сеулда заҳарланган ўзбек ишчи 11 ойдирки ёрдамсиз қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Azizjon Oqilov
Image caption Абрам Оқилов Сеулдаги пластик ишлаб чиқарувчи корхонада заҳарланган

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Кореяда деярли бир йилдан бери ногирон аҳволда ётган 23 ёшли ўзбек ишчига ҳали ҳам ёрдам бергани йўқ. Бу ҳақида Би-би-сига беморнинг акаси билдирди.

Миграция агентлигининг Кореядаги компания билан шартномаси асосида Сеулга 2017 йилда ишлаш учун кетган Абрам Оқилов иш вақтида заҳарланиб комага тушганди. У кимёвий моддалар билан ишлаган.

"Укам сал-пал ўзига келган, лекин ҳалиям гапиролмайди. Кулгули нарсалар айтиб беришга уринаман, кулади мени тушуниб... Ўзининг аҳволи ҳақида, бу ерда бўлаётган гаплардан гапирсам, йиғлайди", - дейди 11 ойдан бери укасига қараб ўтирган Азизжон Оқилов. Абрам жисмонан ўзини бошқара олмайди - у на юра олади, на гапира олади.

Азизжон укасининг заҳарланиб касалхонага тушганини эшитгач, барча ишларини ташлаб Кореяга келган. Унинг Жиззахдаги онаси оила бисотидаги икки уйини сотиб, пулни Абрамнинг муолажаси ва Азизжоннинг Кореядаги касалхонада яшашига сарфлаган. Онаси ва синглиси Абрам билан видолашиш учун Кореяга бир марта келиб кетишди.

Бироқ, Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги бу харажатларни қопламаган.

Би-би-си бир ой аввал Оқиловлар иши ҳақида видеолавҳа тайёрлаган эди. Лавҳани тайёрлаш жараёнида Би-би-си уч маротаба Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан телефон орқали боғланди, аммо Оқилов харажатлари бўйича ҳеч қандай маълумот ола олмади.

Агентлик ходимаси Ташқи меҳнат миграцияси орқали кетган ишчининг саломатлиги учун агентликнинг ўзи жавобгар эканини тан олди.

Ўзбекистон баёноти

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида 29 майда пайдо бўлган хабар сарлавҳасида "Сеул шаҳар шифохонасидаги Ўзбекистон фуқаросига амалий ёрдам кўрсатилмоқда", дейилади.

Ҳукумат хабарида айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Сеулдаги ваколатхонаси олиб борган саъй-ҳаракатлар натижасида Абрам Оқиловга суғурта бадали берила бошланди.

"Хусусан, 29 апрель ҳолатига кўра шифохона харажатлари ва меҳнат лаёқати йўқотилгани учун суғурта компанияси томонидан 157000 АҚШ доллари миқдорида бадал пули ва 2018 йил июлидан ноябргача бўлган иш ҳақининг 70 фоизи тўланди. Бундан ташқари, Абрам Оқиловнинг акасига Кореяда бўлган даври учун сарфлаган харажатларини қоплаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 17 майдаги музокаралар натижасида иш берувчи ҳам етказилган зарар учун бадал пули тўлашга тайёрлигини билдирди", - дейилади расмий баёнотда.

Аммо, хабар ортидан Би-би-си билан суҳбатлашган Азизжон Оқиловнинг айтишича, укасига ё унга ҳеч қандай бадал пули (компенсация) тўланмаган.

Унинг айтишича, 157 минг доллар унга ё укаси берилмади, балки хусусий шифохона харажатларини қоплаш учун ишлатилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Абрам Оқилов билан тузган шартномасида тиббий суғурта умуман тилга олинмаган. Демак, Абрамни ишга йўллаш учун Кореядаги корхона билан шартнома тузган агентлик ўзбекистонлик ишчи жабрланган ёки ҳалок бўлган ҳолда қандай чора кўрилишини олдиндан ишлаб чиқмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Azizjon Oqilov
Image caption Абрам Оқиловнинг оиласига кўра, у Кореяга кетаётганда соғлом ва бақувват 21 ёшли йигит эди

Порталдаги расмий хабарда "Айни пайтда Абрам Оқиловни Ўзбекистонга транспартировка қилиш учун шифохонанинг чиқиш рухсатномасини бериши кутилмоқда. Рухсатнома олиниши билан бемор Ўзбекистонга олиб келинади", - дейилади.

Аммо, Азизжоннинг айтишича, укасини Ўзбекистонга олиб кетиш учун шифокор ҳамроҳлиги зарур бўлади, бироқ бунинг харажатларини ҳам агентлик қоплай олмаслигини айтмоқда.

Ўзбекистонда укамни қандай даволатаман?

Азизжоннинг хавотири нафақат укасини Ўзбекистонга олиб бориш, балки Ўзбекистонда уни тиббий муолажасини таъминлаш.

"Укам давлат агентлиги орқали келиб шу аҳволга тушди, лекин ҳеч ким менга уни Ўзбекистонга олиб борганимдан кейин тиббий ёрдам бераман демаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир неча бор телефон қилдим, ишонч номерларига, улар бизда бунга пул ажратилмаган, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қил дейишди. Ташқи ишлар вазирлигига қилсам, йўқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қил, бизда дўхтир йўқ-ку, дейишяпти. Миграция агентлигининг Кореядаги вакили Алишер ака Сулаймонов ҳам бунга агентлик ёрдам бера олмаслигини айтяпти", - дейди Азизжон Би-би-сига.

Азизжон оиласи бошидан кечираётган мушкуллик, ҳамда унинг сўзларидан келиб чиқилса, давлат идораси орқали ишга юборилган фуқаро оғир аҳволга тушгач, ҳеч қандай компенсация пулисиз, ўз харажатларини қоплаган ҳолда Ўзбекистонда ҳам тиббий муолажасини таъминлаши керак бўлади.

Бу ҳолатда Ташқи меҳнат миграция агентлиги нима қилиши керак деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Би-би-си айни масалага ойдинлик киритиш учун барча томонларнинг қарашларини акс эттиришга тайёр.

Ўзбекистон ва Корея: Нега ҳукумат Сеулда комага тушган қонуний ишчига ёрдам бермаяпти?

"Сеул ўзбекларнинг ҳуқуқларини поймол қилган"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02