Ўзбекистон, Кубатин адвокати: маҳкама очиқ ўтказилсин!

Андрей Кубатин жиноят ишини қайта кўриб чиқиш ёпиқ судда бошланган. Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Dilmurod Sayyid
Image caption Андрей Кубатин жиноят ишини қайта кўриб чиқиш ёпиқ судда бошланган.

31 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида тарихчи олим Андрей Кубатин устидан янги маҳкаманинг биринчи мажлиси бўлиб ўтган.

Судда Андрей Кубатиннинг ўзи ва адвокати Хуршид Холбобоевга сўз берилган.

Суд терговида Андрей Кубатин ўзининг илк бор 15 суткага ҳибсга олиниши, унга қандай айблар қўйилгани ва суд қилингани ҳақида гапириб берган.

У ўзининг айби йўқлигини айтган ва суддан номини оқлаб беришни сўраган.

Андрей Кубатиннинг адвокати Хуршид Холбобоев давлат сирлари бор дейилган китобларни экспертизадан ўтказишни талаб қилган.

Адвокат маҳкамага ўз соҳасининг мутахассиси бўлган олимларни чақиришни ҳамда маҳкама ишида давлат сирлари мавжудлиги важидан ёпиқ кўринишда ўтказишга қарор қилинган суд ишини очиқ ўтказишни, Андрей Кубатиннинг бўйнига қўйилган айблар исботини топмагани учун озод этишни талаб қилган.

Дастлабки суд мажлиси 1 соатдан кўпроқ вақт давом этган.

Кейинги маҳкаманинг 12 июнда ўтказилиши маълум қилинган.

Image caption Кубатин истеъдодли турколог олим сифатида танилган.

Ҳозир 2017 йил декабридаги суд ҳукмига биноан 11 йиллик қамоқ жазосини Тошкент вилоятида ўтаётган истеъдодли турколог, тарихчи олим Андрей Кубатиннинг жиноят иши маҳкамада қайта кўриб чиқилмоқда.

Бугун ҳам Тошкентдаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди биносида қатор фаоллар - инсон ҳақлари фаоллари Аъзам Турғунов, Малоҳат Эшонқулова, Татяна Довлатова, тарихчи Анвар Назир ва бошқалар тўпланганлар.

Истеъдодли ёш туркшунос олим Андрей Кубатинни ҳарбий суд 2017 йил декабрида 11 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Уни ватанга хиёнат қилишда айблашган.

МХХ қўзғатган жиноят иши ва ўша ишга асосланган ҳукмга кўра, Андрей Кубатин 1000 доллар эвазига Туркиянинг ҳамкорлик ташкилоти ходимига Ўзбекистон Бош архиви ва Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг электрон китобларини бериб юборган.

Бироқ охирги бир ярим йил давомида Андрей Кубатиннинг айби судда ўз исботини топмагани, у тақдим этган китоблар очиқ Интернетда мавжудлиги, шунга қарамасдан, уни ноҳақ давлат сирларини сотишда айбдор деб топишгани жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.

Андрей Кубатиннинг яқинлари, Ўзбекистон ва хориждаги нуфузли олимлар ва юристлар Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат этдилар, жиноят ишини қайта кўриб чиқишга чақириқлар янгради.

Кубатин ёш бўлишига қарамасдан, дунёнинг академик доираларида яхши танилган шарқшунос олим экани таъкидланди.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатин ўзбек тили шеваларини мукаммал билади.

Шу билан бирга истеъдодли тарихчи ва қадимшунос олим сифатида ҳам танилган.

Мурожаатлардан кейин Ўзбекистон Бош Прокуратураси Андрей Кубатин устидан 2017 йилги ҳарбий суд қарорига нисбатан протест киритган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ