Файзбоғ асосчиси - Ўзбекистон ичида ДХХ блог админларимизни сўроқ қиляпти

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) блогерларни хавфли санаб давлат сиёсатини обрўсизлантиришга ҳаракат қилаётганликда айблаганидан сўнг, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ўнга яқин блогерларни сўроққа чақиргани даъво қилинмоқда.

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси етакчи мутахассиси, капитан Абдумалик Каримов блогерларга нисбатан айблов билан чиқди.

"Facebook, Twitter ва Телеграм ижтимоий тармоқларида фаолият юритаётган "Fayzbog.uz" ва "Tanqidchi.uz" каналлари блогерлари давлат сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотлар тарқатмоқда" деб ёзган капитан Каримов "Постда" газетасидаги «Блогерлардан чиқаётган ҳавф» номли мақоласида.

Шунингдек, бу каналлар «диний вазиятни мураккаблаштириш ва радикал ғояларни тарғиб этувчи материаллар берилаётгани ва блогерлар норозилик кайфиятидаги шахслардан фойдаланган ҳолда давлат органларини обрўсизлантириш ва уларга нисбатан фуқароларда ишончсизлик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилаётгани» таъкидлаган.

ИИВ расмийсига кўра, «шу каби материалларга расмий шахслар муносабат ва раддиялар бериб бориши, бузғунчи фикрлар билдирган шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилиши лозим».

Абдумалик Каримовнинг блогерларга нисбатан айблови ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ўнлаб журналистлар, фаоллар, таниқли ёзувчи ва блогерлар «Файзбоғ» ҳимоясига чиқиб, сўз эркинлиги борасида ўз муносабатларини билдирдилар.

Жумладан ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон «Обрў берилмайди, қозонилади. Сўзи, иши, одамларга муносабати билан эришиладиган мартабадир обрў. Шунингдек, бировнинг обрўйини (юз сувини) биров тўколмайди - ҳар ким ўзи тўкади. Сўзи, иши, одамларга муносабати билан ўзини обрўсизлантиради… Ҳақ гапга чидамай айрим блогчиларнинг оғзини ёпишга ҳаракат билан ўзингизни ўзингиз обрўсизлантирдингиз, муҳтарам!», дея фикр қолдирди.

«Кун.уз» мухбири Зафарбек Солижонов эса капитан Абдумалик Каримовга қуйидаги каби 20 га яқин саволлар билан мурожаат қилган:

«Қашқадарёда 24 яшар қизни ичириб қўйиб, зўрлашга уринган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog'chi'ларданмиди?

Фарғонада ўтган йили ухлаб ётган хотини, қайнона-қайнотасини пичоқлаган собиқ ички ишлар ходими эмас, Tanqid.uz ёки Fayzbog'chi'ларданмиди? Самарқандда ўғриликда гумонланган аёлни қип-яланғоч ечинтирган ички ишлар ходими эмас, Tanqidchi.uz ёки Fayzbog'chi'ларданмиди?»

Ўзбекистон: Халқаро Ислом академияси рўмолни ўзбекона ўрашга рухсат берди

Рўмолли талаба: Ўзимни жамиятда аҳамиятсиз парчадек ҳис қилдим

«Блогерлардан чиқаётган ҳавф» мақоласи 22 май куни чоп этилган, шундан буён баъзи блогерлар ИИВ ва ДХХга чақирилиб сўроқ қилинаётгани ҳақида хабарлар бор. Улар орасида «Файзбоғ» саҳифаси юритувчилари ҳам бор.

«Файзбоғ» саҳифаси ва канали маъмури Темурмалик Тожиддинзода блогерларнинг ДХХ томонидан савол-жавоб учун чақирилаётганини тасдиқлади.

"Мақола чиқиши олдидан ҳам бир маъмуримиз чақирилиб сўроқ қилинганини айтди. Хориждалигим учунми, менга нисбатан босим ёки таъқибни сезганим йўқ, аммо ҳамкасбимни сўроқ қилишганида мен ҳақимда ва каналимиз бўйича ҳам кўп саволлар беришган," - деди Тожиддинзода.

BBC UZBEKнинг «Файзбоғ» саҳифаси ва канали маъмури Темурмалик Тожиддинзода билан суҳбатини тингланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek