Ўзбекистон ва Дунё: Россияда бомба завод портлади, АЭС Жиззахда қурилади

россия Фото муаллифлик ҳуқуқи Елена Сорокина.ТАСС

Россиянинг Нижегородск вилоятида авиабомбалар ишлаб чиқарувчи завод портлади. 42 киши турли даражада жароҳат олди.

14 киши шифохонага ётқизилди. Ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда.

Дзержинск шаҳридаги "Кристалл" заводининг тротил ишлаб чиқарувчи цехи портлаган.

100 кв.м майдон атрофида ёнғин келиб чиққан. Портлаш зарбидан заводга яқин уйларнинг деразалари синиб кетган.

"Шаҳримизда нимадир содир бўлди!!! Икката портлаш рўй берди, даҳшат! Дўстларимиз телефон қилиб, тирикми йўқ эканлигимизни сўраяпти", дея ёзган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Инстаграмга.

Фавқулодда ҳодиса шанба куни маҳаллий вақт билан соат 11:45 да содир бўлган. РИА Новости манбаси бир вақтнинг ўзида учта портлаш бўлганини айтди.

ТАСС агентлиги аноним суҳбатдошига таяниб, такрорий портлашлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Завод маъмурияти РИА Новостига ҳодиса рўй берганида цехда 5 киши ишлаётганини ва улар тезкорлик билан эвакуация қилинганини билдирган.

Шаҳар маъмурияти кун давомида овоз кучайтиргичлар ёрдамида "вазият назорат остида" эканлигини эълон қилиб турган.

Москва вақти билан 15:00 га келиб ёнаётган олов ўчирилган.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун Жиззах вилояти танланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Жиззах вилоятидаги Тузкон Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги ҳудуд Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш учун энг мақбул майдонча сифатида танланди, дея хабар қилди «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.

Газета.узнинг ёзишича, 2018 йил августидан 2019 йил мартига қадар Навоий ва Бухоро вилоятларидаги Тўдакўл сув омбори яқинидаги тўртта, Жиззах вилоятида Тузкон кўли яқинидаги битта майдончада АЭС қурилиши учун комплекс муҳандислик-қидирув ишларининг биринчи босқичи ўтказилган.

Муҳандислик-техник ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан Жиззах вилоятидаги Тузкон Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги майдонча атом электр станцияси қурилиши учун танлаб олинган.

Фаоллар Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши фикрларни айтиб келишмоқда. Улар ушбу лойиҳа пухта ўрганилиши ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ташланиши кераклигини таъкидлайди.

"Энди атом станцияларини олсак. Афсуски, сўнгги вақтларда халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш мумкинлиги ҳақида қанчалик гапирилмасин, бундай станциялар тўла хавфсиз эмас", дейди Тошкентдан гидромуҳандис Герман Трешалов.

АҚШда давлат хизматчиси 12 кишини отиб ўлдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШнинг Виржиния-Бич шаҳрида давлат хизматчиси ҳокимиятга тегишли бинода қуролдан ўқ узди. Сўнгги маълумотларга кўра, 12 киши ҳалок бўлди, ҳужумчининг ўзи ҳам ўлган.

Маҳаллий вақт билан 16:00 да ҳужумчи ҳокимлик ва суд биноларидан узоқ бўлмаган мажмуада қуролдан ўт очган. Мажмуада шаҳар коммунал хизматларининг офислари жойлашган.

Wall Street Journal маҳаллий амалдорларга таяниб ёзишича, ўқ узган одам узоқ вақт шаҳар коммунал хизматида ишлаб келган ва уни ишдан бўшатишган.

Соат 16:00 атрофида у ўзи ишлаган бинога кириб келган ва шу заҳоти ҳаммани ота бошлаган.

Ҳужумчи полиция билан отишма натижасида ҳалок бўлган.

Ҳодиса жойидан иккита қурол топилган. Полиция қуроллар қонуний йўл билан сотиб олинганини билдирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek