Ўзбекистон-Британия: Супер тез Ипак Йўлига саёҳат

Image caption Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси сиёсий маслаҳатчиси Алёрбек Тилавов (чапда) Жереми Хедга "Олтин қалам" мукофоти ва дипломини топширмоқда

"2016 йилда диктатор Ислом Каримов вафот этганидан буён Ўзбекистон жуда кўп жабҳаларда илдам қадамлар билан бормоқда".

Бу Британиянинг нуфузли Financial Times рўзномаси ўтган йил ноябрида чоп этган мақоладан иқтибос.

FT Жереми Хед мақоласини ""Ўзбекистоннинг супер тез ипак йўли" деб номлаган.

Ўзбекистон "яширин" қишлоқларини дунёга очмоқда

Ўзбекистон: Бойсунлик Мустафоқул ўлими қандай қилиб Осиёдаги энг чуқур ғорга етаклади?

Ўзбекистон: Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси меморандум имзолади

"Мен Ўзбекистон ҳақида озроқ ўқигандим. Жануби-шарқий Осиёнинг кўп жойларида бўлганман, ўқиб маълумотга эга бўлганимдан кейин Марказий Осиёни бориб кўриш истагида эдим", - дейди журналист Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда. - Ўтган йили Софи Ибботсон раҳбарлигидаги Maximum Exposure ширкати уюштирган сафарда мен учун ҳам Ўзбекистонни ўзим учун кашф этиш имконияти туғилди. Саёҳат имконияти пайдо бўлишининг ўзи, сен қандайдир янги мамлакатни бориб кўргинг келаётганининг ўзи етарли эмас. Мен ғоямни муҳарриримга "сотиш"им ва тайёрланадиган материалим учун хизмат сафарига "оқ фотиҳа" олишим талаб қилинар эди. Мен Ўзбекистонда қаерларга бормоқчи эканим, нималар ҳақида ёзмоқчи бўлаётганим режасини раҳбариятга тақдим этдим ва бу уларга маъқул келганидан кейин саёҳатга рухсат олдим".

Жереми Ўзбекистондан бир дунё таассурот билан қайтган. Ўзининг айтишича, "Financial Times" да ёзганлари денгиздан бир томчи, холос. "Британ турист-операторларининг бирор бир брошюраси у гўзалликни етказиб беролмайди", - дейди у.

"Ўзбекистон Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро, Хивадек афсонавий гўзал шаҳарларини дунёга танитишдек улкан имкониятга эга ва бу йўлда аллақачон катта ишлар қилинаяпти. Менинг фикримча, британиялик турист дунёнинг бошқа жойида бу нарсаларни кўриши даргумон. Сиз исломий меъморчиликни Эронда кўришингиз мумкин, аммо британ турист-операторларининг бирор бир брошюраси у(Ўзбекистондаги - таҳр) гўзалликни етказиб беролмайди. Ҳақиқатан ноёб. Британияликлар бундай имконият мавжудлигидан тезроқ бохабар бўлишлари керак".

Ислом Каримов даврида ўзбек расмийлари "диктатор" иборасини қўллагани учун британ журналистига эътироз билдирган бўлардилар.

Аммо янги, дунёга очилаётган Ўзбекистон, Жереми Хедга ҳаққоний мақоласи учун эътироз билдирмадигина эмас, балки уни "Олтин қалам" мукофоти билан ҳам тақдирлади.

Журналист амалда "Олтин қалам" мукофотини олган ғарблик биринчи журналист бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

"Британиялик журналист сифатида мен учун бу юксак шараф. Мен бундан олдин ҳам мукофотлар олганман, аммо бундай халқаро мукофот билан илк бор тақдирланишим", - дейди у.

Журналистнинг айтишича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти мамлакатни дунёга очмоқда ва туризмни ривожлантириш борасида тўғри стратегияни танлаган.

Бу борада муҳим қарорлар қабул қилинмоқда, чекловлар олиб ташланмоқда, тартиб юмшатилмоқда.

Эндиликда бу янгиликларни Британия ва ғарбдаги бошқа сайёҳларга тезроқ етказиш қолган, холос.

6 июнь куни Ўзбекистонниннг Лондондаги элчихонасида британиялик журналистлар учун ўтказилган тақдимот худди шу мақсадни кўзлаганди.

Унда Жереми Хед билан бирга, Ўзбекистоннинг Британиядаги Туризм элчиси этиб тайинланган Софи Ибботсон Ўзбекистонга саёҳатларидан олган таассуротлари ҳақида гапириб беришди.

Софи Ибботсоннинг сўзларига кўра, ҳозир ғарблик сайёҳлар учун Ўзбекистонга боришнинг айни вақти.

"Ўзбекистон фақат машҳур ЮНЕСКО масканлари саналмиш Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташкил топмаган, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб археологик жойлар, бозорлар, тоғлар, саҳролар каби чиндан ҳам мўъжизакор жойлар мавжуд. Туристлар бундан бехабар бўлиши мумкин. Менинг вазифам эса, Ўзбекистон туризми таклиф қилиши мумкин бўлган барча жойларнинг салоҳиятини туристларга очиб бериш. Мақсад, улар билишсинки, Ўзбекистонда уч, тўрт ҳафта қолиб ҳам кўп нарсани кўриш имкони бор. Улар ҳар куни қандайдир янги нарсани ўзлари учун кашф қилишлари мумкин", - дейди Софи Ибботсон.

Сайёҳларни жалб қилиш ҳақида сўз бораркан, Софи Ибботсон яна бир қизиқ жиҳатга эътиборни қаратмоқчи.

"Хорижий сайёҳларни Ўзбекистонда энг кўп жалб қиладиган жиҳати - унинг тарихий обидалари. Меморчилик, археология, маданият билан туристларни осонликча қизиқтириш мумкин. Ҳиндистон ҳақида гап кетганда, Тож Маҳал тилга олинади, Франция десангиз, Эйфель минораси ёки Лувр музейи кўз олдингизга келдаи. Ўзбекистон ҳам шунга тенг дурдоналарга эга. Унда Регистон ёки девор билан ўралган Хива қалъаси бор. Менинг вазифам бу жаҳоний обидаларнинг Ўзбекистонга боғлиқ эканини намойиш қилиш. Кўп ҳолларда туристлар Самарқанд ҳақида эшитган ёки National Geographic журналида нимадир ўқиган бўладилар, суратини кўрганлар, аммо унинг Ўзбекистонда эканини билмайдилар. Демак, биринчи вазифа, бу масканлар айнан Ўзбекистонда жойлашганини уларга билдириш. Яна бир вазифа, бу масканлардан ташқари, Ўзбекистонда нималар борлиги ҳақида уларни хабардор қилиш. Одамлар Францияга фақат Эйфель минорасини кўргани бормайди, балки овқати, музейлари, тарихига ҳам қизиқиб боради. Ўзбекистон ҳам ҳудди шундай. Мен туристлар Ўзбекистонга бориб, Регистонни кўришларини хоҳлайман, албатта. Чунки у ўта муҳташам ва ҳар бир инсон уни ҳаётида ҳеч бўлмаса, бир марта кўриши керак. Лекин айни дамда мен уларга Ўзбекистоннинг бошқа тарафларини ҳам кўрсатмоқчиман. Ҳар ким ватанига қайтганда, ўз хотирасида муҳрланиб қолган жиҳатни эслайди. Балки улар учун йўл четида тўхтаб қовун еганлари эсда қолар? Балки қайсидир овқатни егани? Балки Нурота ё Қизил-қумда сайрга чиққани, қайсидир ўсимлик, ёввойи жонзот ёки гўзал кун ботишини кўргани? Улар ватанларига қайтгач, ана шу хотираларини ўз оиласи, дўстлари ё ҳамкасблари билан баҳам кўрадилар ва ана ўшанда Ўзбекистон нималарни таклиф қила олиши намоён бўлади".

Image caption Ўзбекистоннинг Британиядаги Туризм элчиси Софи Ибботсон

Тадбирда Ўзбекистон элчихонасининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Алёрбек Тилавов британиялик журналистларга Ўзбекистонга бўлган қизиқишлари учун миннатдорчилик билдирди ва элчихона келажакда туризм билан алоқадор кўплаб медиа лойиҳаларни амалга оширишни режалаётганини айтди.

Унинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ёритишда британ матбуоти пешқадамлардан.

Алёрбек Тилавовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Британиядан Ўзбекистонга сафар қилган туристлар сони икки баробарга ошган, Ўзбекистон бўйича эса, 42 фоиз ёки 1,3 млн кишига кўпайган.

Йил охиригача бу рақам 6 млнга етиши кутилади.

"Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг ёш гуруҳи ҳам пасайиб бормоқда. Уларнинг қарийб ўттиз фоизини 30 ёшдан пастдагилар ташкил этмоқда", - дейди ўзбек дипломати.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистоннинг Лондондаги консули Султонбек Имомов виза тартибининг бекор қилинишига доир қонунчилик ҳақида батафсил маълумот берди.

Чорак аср мобайнида ярим ёпиқ қолган Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини яратиш йўлидаги ишлар энди бошланган.

Ҳукумат бу борада қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини тан олади.

Бундан ташқари, мамлакатга сафар қилаётган турист учун қонун устуворлиги муҳим омиллардан.

Софи Ибботсоннинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати инфратузилма яхшиланиши лозимлигини тан олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uzbek Embassy London
Image caption 2019 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Британиядан Ўзбекистонга туристлар оқимида 100 фоизлик ўсиш кузатилган. Манба: Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси

"Баъзи қадамлар аллақачон қўйилди. Мисол учун, Тошкентдаги халқаро аэропорт янгиланди. Тезюрар поезд йўлагининг Хивагача узайтирилиши, темир йўл учун қўшимча поездлар сотиб олинганлиги туризм соҳаси назарда тутилган ҳолда амалга оширилган. Шундай экан, Ўзбекистон бунга жиддий ёндошмоқда ва пул ажратяпти. Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, нафақат кўп меҳмонхоналар, балки туристлар қолишни истайдиган даражадаги яхши меҳмонхоналар қурилиши муҳим. Йўллар яхшиланиши, сиз айтгандек, кўпроқ ҳожатхоналар ўрнатилиши туристлар узоқ масофага сафар қилганда тўхтаб дам олишлари ёки қаҳва ичишлари учун керак", - дейди у.

Охирги икки йилда юз берган мислсиз ўзгаришларга қарамасдан, Ўзбекистон ҳануз қонун устуворлиги ва коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингларда унчалик катта ижобий силжиш қайд этгани йўқ.

Софи Ибботсонга кўра, ислоҳотларнинг суръати қанчалик тез бўлмасин, бу каби ишлар вақт олади.

"Булар бир кунда ҳал бўлмайди. Мен Ўзбекистондаги коррупция хорижий туристлар кўзига кўп ташланади деб ўйламайман. Масалан, 10 йилча аввал Қозоғистонда сафар қилганимда, ҳар бир шаҳарга киришда тўхтатиб пул талаб қилингани эсимда. Чегараларни кесишда ҳам шу муаммо бўлган. Бунга мен бугунги Ўзбекистонда гувоҳ бўлмаяпман. Ҳа, коррупция мавжуд, лекин туристлар унга дуч келиши эҳтимоли кам. Шундай экан, ўзлари дуч келмай туриб, туристлар ватанига қайтгач "Ўзбекистонда коррупция муаммо экан" дейишларига ишонмайман".

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатни дунёнинг энг йирик туризм манзилгоҳларидан бирига айлантириш амбициясини амалга ошириш учун барча шароитлар мавжуд.

Агар тўғри бошқарилса, туризм Ўзбекистондаги яна бир йирик муаммо - ишсизликка барҳам беришда ҳал қилувчи соҳага айланиши мумкин.

"Жуда кўп иш ўринларини яратиши мумкин. Бу нафақат бевосита туризм соҳаси, балки ҳатто унга боғлиқ бўлган транспорт, озиқ-овқат тайёрлаш, ёки ҳунармандчилик соҳаларида ҳам қўшимча иш ўринларини яратиши мумкин. Демак, агар туризм тўғри менежмент билан бошқарилса, у бошқа секторларга ҳам ижобий таъсир қилиши тайин", - дейди Ўзбекистоннинг Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek