Ўзбекистон: Мирзиёев учун оғир бўлган қарорни Би-би-си Ўзбек ўқувчилари қандай қаршилади?

Суриядан қайтганлар Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Мирзиёев Ватанда шароит яратилмагани учун ўзбекистонликлар Сурия жанг майдонларига кетганини айтди. Президентнинг бу сўзлари Би-би-си мухлисларининг муҳокамасига сабаб бўлди. Бир томон Мирзиёевни қўллаган бўлса, унга қарши фикр билдирганлар ҳам бўлди.

Ўзбекистон Президенти 3 июнь куни Суриядан ортга қайтарилган 156 нафар бола ва аёллар бўйича муносабат билдирди.

"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетганди? Кимни излаб кетган? Тан олишимиз керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган! Мен конституцияга кўра, уларга чора кўришим керак аслида. Лекин мен ундай қилмайман. Чунки улар ўзбек, бизнинг ватандошимиз! Уларни Ватанга олиб келиш азоб бўлди, жуда оғир бўлди", деган Шавкат Мирзиеёв.

Президент тўғри айтаяпти, деб ёзади Muslim Uzbek.

"90 чи йилларда экстремистик гуруҳлар пайдо бўлганда давлат хато сиёсат юритиб, ҳамма диндорларга қарши уруш очди. Оддий рўмолни, соқолни, ишхоналарда намоз ўқишни экстремизм белгиси, деб қаради. Бунинг натижасида Исломда фарз бўлган амалларни эркин бажариш учун қанча одам ўз юртини, оиласини ташлаб кетишга мажбур бўлди. ИШИД интернет орқали бутун дунёга ўзини исломий давлат қилиб реклама қилган ва диний эркинлик қидираётган бу юртдошларимизни ўз тузоғига илинтирган. Агар давлат тўғри сиёсат юритганида ва диний эркинлик берганида булар у тарафларга кетмасди".

"Баракалла Шавкат ака! Ҳақиқий президентнинг гапини гапирдингиз. Чунки улар ўзбек! Дунёнинг ҳар ерига ҳар қандай сабаблар билан сачраб кетган ўзбегимни бир том остига йиғиш сизнинг асл вазифангиз бўлганини тан олганингиз учун катта раҳмат сизга! Омон бўлинг!", дейди Abdulahad Abdumacitoğlu Bayhan.

Dilorom Adilxodjaeva аввал Сурияга кетганларга қарши бўлганини, аммо уларнинг суҳбатини тинглагач фикри ўзгарганини айтган.

"Аёлларда айб йўқ, алданган. Ҳақиқатда у ердан олиб келиш ўзи азоб, қийин. Ўша алданиб кетган кўпчилик аёлларни кўриб эшитдим. Эрига итоат қилиб кетган."

Изоҳ қолдирганларнинг баъзилари аёл ва болаларнинг Суриядан қайтарилиши нотўғри бўлган деган фикрларни ҳам ёзган.

"Ярмини қорни тўйиб ўзига келиб, яна эски ишини қилади пул деб ватанини сотиб кетади", дейди Bahodir Utaganov.

"Суриядан келганлар миссионерлармасмикан. Ким билсин бу экстремистларнинг режасини. Тинч юртимизга нима дастур режалари Билан қайтишган. Фарзанларимиз ота-онамиз ҳаётига хавфли", дея аёл ва болалардан хавфсирайди Zafar Khan Raimov.

Natus Vincere Сурия кетганларни ҳеч ким мажбурламагани, улар пул топиш учун кетганини айтади.

"Кўпрок пул топаман, деб баъзилари турмуш ўртоғларини ташлаб вояга етмаган қизларини террористларга ем қилиш учун кетди. Минг афсуски тўғрисини айтсанг, туққанингга ёқмайди".

Гулнора Фокс Суриядан норасида ва аёлларнинг қайтарилиши кўзбўямачилик эканлигига ишонади.

"Албатта кўзбўямачилик. Агар дунё ташкилотларини молиявий шартлари бўлмаганда ҳеч қачон олиб келмасди. Ўзимизни Ўзбекистон қамоқхоналарида жабрдийдалар камми, нима учун таъзирини олган, битмас туганмас азобларни, камситишларни кўриб ётганларга афв бермайди? Молиявий фойдаси чиқадиганлиги учун қилинган иш эканлигини кўр ҳам кўриб турибди", дейди у.

Свободный Человек давлат Ўзбекистоннинг ичидаги халқ ҳақида ҳам қайғуриши керак, деб ҳисоблайди.

"Шароитни олдин, ўзини юртида бўлиб, яшамасдан яшаш учун курашиб ётганлага яратиб берилса тўғри бўларди! Тўғрироғи, шароит яратманглар, инсон ўзига яратган шароитини, тинчини бузмела! Еб турган овқатини оғзидан тортвомела! Бўлди! Бизларга бошқа ҳеч нарса керакмас", дейди у.

Ўзбекистонликлар ва Яқин Шарқ

Жамоатчиликка маълум бўлган сўнгги халқаро ҳисоботларда Яқин Шарқдаги Ўзбекистон фуқароларининг сони 1500 нафар экани айтилган.

Уларнинг Ироқ ва Сурияда ИШИД баробарида яна икки ўзбек жангари гуруҳи сафларида жанг қилишгани ишонилган.

Ўзбек жангарилиги ва жангарилари табиатини яқиндан тадқиқ этган халқаро экспертлар орада кечган вақт давомида улар аксариятининг Яқин Шарққа ўз оилалари билан бирга юз тутганликларини айтиб келишган.

Аммо улар - яъни, хотин-қиз ва болаларнинг аниқ сонларига оид рақамлар шу пайтгача очиқ манбаларда имконли бўлмаган.

Сурия, Ироқ ҳукуматлари ва халқаро коалицияларнинг Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи деярли мавҳ этилгани ва исломий халифати ҳам таназзулга учраганига оид баёнотлари манзарасида ўзбекистонлик жангариларнинг сўнгги тақдирига оид батафсил маълумотлар ҳам имконли эмас.

Яқин-яқингача улар аксариятининг ўзлари Яқин Шарқда жанг қилиб келган "Имом Бухорий" катибаси ҳамда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи таркибида асосан Суриянинг шимолий Идлиб шаҳридан бошпана топиб келганликлари ишонилган.

Сўнгги пайтларда у ердаги исёнчи гуруҳлар (сафларидаги хорижий жангарилар илова -таҳр.), оилалари ва маҳаллий аҳолиси билан бирга айнан Идлиб Суриянинг исёнчилар қўлида қолаётган энг сўнгги истеҳкоми, расмий Дамашқ, Россия, Эрон ва Туркия ҳукуматлари орасидаги давомий музокаралар диққат-марказидаги ҳудуд бўлиб келади.

Йўл ва муҳожират

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

"Меҳр" инсонпарварлик амалиёти манзарасида расмий Тошкент ортга қайтарилганларнинг алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудларига бориб қолишганини айтган.

Орада кечган тўрт кун мобайнида Ўзбекистондаги турли оммавий-ахборот воситаларининг уюштирган суҳбатлари мазмунидан улар айримларининг бу қадамга ўз эрларининг босими, тазйиғи, бошқаларининг ўз истак ва хоҳишлари билан борганликлари аёнлашган.

Яқин Шарққа йўлни бирлари Ўзбекистоннинг ўзидан бошлаган бўлсалар, бошқалари учун Россия бошланғич манзил вазифасини ўтаганлиги ҳам маълум бўлган.

Юздан ортиқ ўзбекистонлик олиб келинган ҳудуд расмий баёнотларда дастлаб Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудлари сифатида тилга олинган бўлса, ўзлари билан суҳбат ва Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги чиқишидан сўз асосан Сурия ҳақида кетаётгани ҳам ойдинлашган.

156 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Тошкентга қайтарилгани хабари Ўзбекистон Президентининг расмий веб саҳифаси ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтлари қадар ўз ифодасини топган.

Расмий хабарларга Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўзининг сўнгги нуқтасига етган "Меҳр" инсонпарварлик амалиётининг ана шу якуний босқичи акс этган ўнга яқин сурат ҳам илова қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун эътироф этишича, "уларни Ватанга олиб келиш азоб бўлган. Жуда оғир бўлган".

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия илк бор жорий йил бошида ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини билдирган.

Бу ҳақда Сурия курдларининг Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги билан суҳбатида билдирган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишган.

Вакил курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр эканлигини айтган.

Аммо, "Бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ", деганди.

Улар орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги эса, номаълум қолганди.

"Новости" ахборот агентлиги хабарида Ршад Биенаф бу мамлакатлар номини очиқламагани кўрилганди.

Тошкентга қайтарилганлардан айримлари эса, телевизион суҳбатларида сўнгги пайтларда ўзларининг айнан курд кучлари қўл остида бўлганликларини ҳам айтишган.

Ўзбекистоннинг ўзида бундан аввал ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek