Ўзбекистон: Мирзиёев қарори ободонлаштириш масъулиятини оддий одамлар елкасига юкламоқдами?

Image caption Ободонлаштириш ишларига энди оддий хонадонлар ҳам масъул бўлади

Ўзбекистон президентининг янги қарорига кўра, шаҳарлардаги ободонлаштириш ишлари доирасида туташ ҳудудлар "мажбурий" ободонлаштирилади, корхоналар ва оддий одамлар эса ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш учун масъул ҳисобланади.

Президент Мирзиёевнинг 4 июнда қабул қилган "Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4351-сон қарори"га биноан, 2019-2020 йилларда "Одамлар учун шаҳар", "яшил шаҳар", "шаҳар боғ" моделларини қўллаш режалаштирилаётир.

Мазкур қарорнинг тўлиқ матни матбуотда ёки ҳукумат порталларида жамоатчиликка ҳали тақдим этилганича йўқ, аммо Адлия вазирлигининг Телеграм каналида қисқа хабар сифатида тарқатилди.

Қарорга мувофиқ, "Обод ҳудуд" тизими ишга туширилади ва 2020 йил 1 январдан шаҳар кўчаларини қуриш ва таъмирлашда унга туташ ҳудудлар ҳам мажбурий ободонлаштирилади.

Қарордаги "мажбурий" сўзи нимани англатиши, айнан кимлар қандай ишларни амалга оширишга мажбурланиши мавҳум қолмоқда.

Шунингдек, қарорда 2019 йил 1 октябрдан юридик ва жисмоний шахслар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш учун масъул ҳисобланиши айтилган.

Юридик ва жисмоний шахсларга нега ва ким томонидан ҳудудлар бириктириб берилади ва қандай маблағ асосида улар ободонлаштириш ишларини амалга ошириши борасида ҳам саволлар очиқ қолмоқда.

Image caption Ободонлаштириш ишларидан норози бўлаётганлар оз эмас

Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари кўплаб фуқароларнинг кўчмас мулк дахлсизлиги борасидаги норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Норози бўлаётганларнинг аксар қисми кўчмас мулклари одатда уларнинг розилигисиз бузилиши ва мулк қийматига мутаносиб равишда бошқа мулк ё товон берилмаслигидан арз қилиб келадилар.

Эндиликда президентнинг янги қарори билан нафақат юридик шахслар, балки жисмоний шахслар ҳам мажбуран ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши бу арзу шикоятларни қанчалар кўпайтириши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатларига кўра, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарар суммаси тегишли туман хокимликларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан мустақил баҳоловчи ташкилотлар жалб қилинган ҳолда амалга оширилади. Жумладан, мулк қиймати тарафлар келишувига кўра, пул кўринишида ёки яшаш учун яроқли турар-жойлар бериш орқали амалга оширилади.

Президент Мирзиёевнинг охирги қарорида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва методологик таъминлашга масъул орган этиб белгиланди.

Ўзбек шаҳарсозлари ариқ нима эканини унутдиларми?

Наманган ҳокими: "Ўқитувчи ва шифокорлар ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайди"

Би-би-си тергови: Бузилаётган уйлар бўйича Тошкент ҳокимлиги жавоб берди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek