Ўзбекистон фермер аёллари Голландия далаларида нимани ўрганишмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи OSCE/Murod Khusanov
Image caption Ўзбекистонлик фермер аёллар Голландияда

Ўзбекистондан 10 нафар аёл фермерлар Голландияда боғдорчилик, иссиқхоналарни юритиш, ҳамда фермерлик хўжалигини юритишда ахборот технологияларидан фойдаланиш сирларини ўрганиб қайтдилар.

Мазкур сафар улар учун Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори томонидан уюштирилган.

Июнь ойи бошида беш кун давом этган машғулотларда ўзбек аёл фермерлари Голландиянинг Наалдвийк шаҳридаги Жаҳон боғдорчилик марказига ташриф буюрганлар ва юқори технологиялар қандай қўлланиши билан танишганлар.

Ушбу Жаҳон боғдорчилик маркази иссиқхона боғдорчилигидаги инновация ва билим бўйича юқори ўринларда туриши айтилади.

Аҳолиси 17 миллион кишидан ташкил топган ва ҳудуди 42,5 минг квадрат километрга тенг Голландия жаҳон бозорига озиқ-овқат етказиб берувчи экспортёр давлатлар орасида 6-ўринда туради.

Ўзбек аёллари назарий машғулотлардан ташқари, хусусий корхоналарга бориб уруғ етиштирилиши ва иссиқхоналар юритилиши билан танишганлар.

Аёллар, шунингдек, фермерлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, кредит олиш ва маҳсулотни сотиш йўлидаги маркетинг усуллари бобида интенсив курсларда иштирок этишди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ёзишича, Голландия модели атайин танлаб олинган, чунки у Ўзбекистондаги иқлим шароити ва аёл фермерлар талабларига жавоб бера олади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигини эгаллаган илк кунларида мамлакат қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, хусусан пахта етиштиришдан мева ва сабзавотлар ҳисобига қисман воз кечишни тарғиб қилганди.

Сирдарё: Фермерлар вилоят ҳокими олдида оммавий қасам ичди

Ўзбекистон: Фермерларни урган собиқ ИИБ бошлиғи жазони уйда ўтайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek