Ўзбекистон инглиз аёлни Британия учун туризм элчиси этиб тайинлади

Марказий Осиё бўйлаб кўп саёҳат қилган британиялик собиқ журналист Софи Ибботсон Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси этиб тайинланди. Унинг айтишича, Ўзбекистон туризми фақат Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташкил топмаган ва мамлакатнинг бошқа жиҳатларини ҳам тарғиб қилиш учун вазифаси бўлади.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида бўлиб ўтган тақдимотдан аввал Би-би-си Ибботсон хонимни суҳбатга тортди.

Би-би-си: Туризм элчисининг вазифаси нимадан иборат?

Туризм элчисининг вазифаси ўзаро кўприкни ўрнатиш, тарғиб қилиш ва маълумот етказишдан иборат. Мен ҳам, сиз ҳам, яхши биламизки, Ўзбекистон фақат машҳур ЮНЕСКО масканлари саналмиш Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташкил топмаган, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб археологик жойлар, бозорлар, тоғлар, саҳролар каби чиндан ҳам мўъжизакор жойлар мавжуд. Туристлар бундан бехабар бўлиши мумкин. Менинг вазифам эса Ўзбекистон туризми таклиф қилиши мумкин бўлган барча жойларнинг салоҳиятини туристларга очиб бериш. Мақсад, улар билишсинки, Ўзбекистонда уч, тўрт ҳафта қолиб ҳам кўп нарсани кўриш имкони бор. Улар ҳар куни қандайдир янги нарсани ўзлари учун кашф қилишлари мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистон кўплаб давлатларга виза чекловларини бекор қилиши ортидан сайёҳлар сони икки баравар ошди. Уларнинг аксари қўшни мамлакатлардан келишади. Аммо, узоқ хориждан келадиган сайёҳларни Ўзбекистон нимаси билан қизиқтириши мумкин?

Хорижий сайёҳларни Ўзбекистонда энг кўп жалб қиладиган жиҳати - унинг тарихий обидалари. Меморчилик, археология, маданият билан туристларни осонликча қизиқтириш мумкин. Ҳиндистон ҳақида гап кетганда Тож Маҳал тилга олинади, Франция десангиз, Эйфель минораси ёки Лувр музейи. Ўзбекистон ҳам шунга тенг дурдоналарга эга. Унда Регистон ёки девор билан ўралган Хива қалъаси бор. Вазифам уларни Ўзбекистонга боғлиқ эканини намойиш қилиш. Кўп ҳолларда туристлар Самарқанд ҳақида эшитган ёки National Geographic журналида нимадир ўқиган бўладилар, суратини кўрганлар, аммо унинг Ўзбекистонда эканини билмайдилар. Демак, биринчи вазифа, бу масканлар айнан Ўзбекистонда жойлашганини уларга билдириш. Яна бир вазифа, бу масканлардан ташқари Ўзбекистонда нималар борлиги ҳақида уларни хабардор қилиш. Одамлар Францияга фақат Эйфель минорасини кўргани бормайди, балки овқати, музейлари, тарихига ҳам қизиқиб боради. Ўзбекистон ҳам ҳудди шундай. Мен туристлар Ўзбекистонга бориб Регистонни кўришларини хоҳлайман албатта, чунки у ўта муҳташам ва ҳар бир инсон уни ҳаётида ҳеч бўлмаса бир марта кўриши керак, лейин айни дамда мен уларга Ўзбекистоннинг бошқа тарафларини ҳам кўрсатмоқчиман. Ҳар ким ватанига қайтганда, ўз хотирасида муҳрланиб қолган жиҳатни эслайди. Балки улар учун йўл четида тўхтаб қовун еганлари эсда қолар? Балки қайсидир овқатни егани? Балки Нурота ё Қизил-қумда сайрга чиққани, қайсидир ўсимлик, ёввойи жонзот ёки гўзал кун ботишини кўргани? Улар ватанларига қайтгач, ана шу хотираларини ўз оиласи, дўстлари ё ҳамкасблари билан баҳам кўрадилар, ва ана ўшанда Ўзбекистон нималарни таклиф қила олиши намоён бўлади.

Би-би-си: Одатда Ўзбекистонни бир кўрган туристлар қайтиб келишмайди, чунки Ўзбекистонда инфратизилма яхши ривожланмаган. Айтайлик, меҳмонхоналар, ҳожатхоналар етишмаслиги ва ҳоказо. Ўзбекистон туризмни бугунда йирик даромад манбаи деб тан олаётган экан, у инфратизилмани ривожлантиришга қанча сармоя киритмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Wolfgang Kaehler/Getty Images
Image caption Ибботсонга кўра, Ўзбекистон туризмга сармоя ажратмоқда

Ҳукумат тан олади инфратизилма яхшиланиши лозимлигини. Баъзи қадамлар аллақачон қўйилди. Мисол учун, Тошкентдаги халқаро аэропорт янгиланди. Тезюрар поезд йўлагининг Хивагача узайтирилиши, темир йўл учун қўшимча поездлар сотиб олинганлиги туризм соҳаси назарда тутилган ҳолда амалга оширилган. Шундай экан, Ўзбекистон бунга жиддий ёндошмоқда ва пул ажратяпти. Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, нафақат кўп меҳмонхоналар, балки туристлар қолишни истайдиган даражадаги яхши меҳмонхоналар қурилиши муҳим. Йўллар яхшиланиши, сиз айтгандек, кўпроқ ҳожатхоналар ўрнатилиши туристлар узоқ масофага сафар қилганда тўхтаб дам олишлари ёки қаҳва ичишлари учун керак, албатта. Ҳа, аксарият учоқ ё поездда сафар қилади, лекин барибир туристлар орасида йўл орқали ҳаракат қилишни истайдиганлари ҳам бор. Буни ҳукумат йўлга қўйишга қарор қилар, лекин айни дамда, бу хусусий секторга ҳам боғлиқ. Мана сизга бир бизнес ғоя. Агар мен тадбиркор бўлганимда Хива ва Бухоро ўртасидаги йўлнинг ярмида ҳожатхоналари, кафеси ва дўкони бўлган қулайгина ёқилғи қуйиш шоҳобчасини қурган бўлардим. Чунки, шу икки шаҳар ўртасида ҳаракат қилаётган ҳар битта автобус шу ерда тўхтайди.

Би-би-си: Туризм салоҳияти билан бир қаторда Ўзбекистонда қонунлар яхши ишламаслиги ва коррупция кенг тарқалгани ҳаммага аён. Сизнингча, бу туристларни Ўзбекистонга боришга иккилантириб қўйиши мумкинми?

Коррупция барча давлатларда муаммо саналади, аммо гап унинг қандай даражада экани ва қанчалар кўзга ташланиши ҳақида. Ўйлашимча, Ўзбекистон баъзи муаммоларни бартараф қилишга уриняпти. Булар бир кунда ҳал бўлмайди. Мен Ўзбекистондаги коррупция хорижий туристлар кўзига кўп ташланади деб ўйламайман. Масалан, 10 йилча аввал Қозоғистонда сафар қилганимда, ҳар бир шаҳарга киришда тўхтатиб пул талаб қилингани эсимда. Чегараларни кесишда ҳам шу муаммо бўлган. Бунга мен бугунги Ўзбекистонда гувоҳ бўлмаяпман. Ҳа, коррупция мавжуд, лекин туристлар унга дуч келиши эҳтимоли кам. Шундай экан, ўзлари дуч келмай туриб, туристлар ватанига қайтгач "Ўзбекистонда коррупция муаммо экан" дейишларига ишонмайман.

Би-би-си: Иш ўринлари яратиш ҳақида гап кетганда, туризм соҳаси нақадар катта салоҳиятга эга?

Агар у тўғри бошқарилса, у кўп иш ўринларини яратиши мумкин. Бу нафақат бевосита туризм соҳаси, балки ҳатто унга боғлиқ бўлган транспорт, озиқ-овқат тайёрлаш, ёки ҳунармандчилик соҳаларида ҳам қўшимча иш ўринларини яратиши мумкин. Демак, агар туризм тўғри менежмент билан бошқарилса, у бошқа секторларга ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистон-Британия: Супер тез Ипак Йўлига саёҳат

Британиялик журналист Ўзбекистон ҳақида: опера театри бор, вино ичишга монеълик йўқ, Интернет тезлиги яхши

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek