Ўзбекистон, бозор ва нархлар: Ўртача ойликка кун кўришнинг имкони борми?

бозор Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Би-би-си Ўзбек Хизмати 9 июнь куни Тошкентдаги йирик бозорларда мавжуд нархларни ўрганди. Борилган Миробод ва Фарҳод деҳқон бозорларида айрим маҳсулотларнинг нархи бир-биридан кескин фарқ қилмаслиги кўзга ташланди. Бироқ бу нархларни ўртача ойлик маош эвазига кун кечирувчи оилалар чўнтаги кўтарадими?

Кузатувга кўра, ёзги пишиқчилик мавсуми бошланаётгани сабабли аксар бирламчи эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари баҳор мавсумига қараганда бироз арзонлашган.

Аммо арзон-қиммат тушунчаси, молиявий шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон учун турлича бўлиши мумкин. Ҳар бир муштарий нархлар борасида ўзи тасаввур ҳосил қилишига имкон яратиш мақсадида Фарҳод ва Миробод деҳқон бозорларидаги, 9 июнь ҳолатига кўра, айрим муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархини қуйида келтирамиз.

Эслатиб ўтмоқ жоиз, баъзи сотувчилар харид жараёнида савдолашишга рўйхушлик билдириши мумкин. Шу сабабдан қуйида келтирилажак нархлар харид ёки кунлар ўтиши ортидан бироз ўзгариши эҳтимоли йўқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Фарҳод деҳқон бозори Миробод деҳқон бозори
Гўшт 43,000 - 50,000 сўм 36,000 - 55,000 сўм
Товуқ гўшти (бутун/кг) 16,000 сўм 17,000 сўм
Колбаса (кг) 16,000 - 45,000 сўм 22,000 - 53,000 сўм
Тухум 400 - 550 сўм 450 - 600 сўм
Уй тухуми 1,300 сўм 1,100 - 1,200 сўм
Гуруч (Аланга, Авангард, Лазер) 6,300 - 13,000 сўм 6,500 - 18,500 сўм
Қозоқ уни (олий нав/кг) 3,500 сўм 3,400 сўм
Шакар 5,000 сўм 5,500 сўм
Писта ёғи 9,000 - 12,000 сўм 9,000 - 12,000 сўм
Пахта ёғи 8,000 сўм 8,000 сўм
Сариёғ (200/500гр) 4,000 - 23,000 сўм 4,000 - 50,500 сўм
Картошка 800 - 3,000 сўм 2,500 - 4,000 сўм
Пиёз 3,000 сўм 2,500 - 4,000 сўм
Сабзи 3,000 сўм 5,000 сўм
Помидор 4,000 - 6,000 сўм 7,000 - 9,000 сўм
Бодринг 2,000 сўм 4,000 сўм
Бақлажон 4,000 сўм 5,000 сўм
Карам (кг) 2,000 - 3,000 сўм 3,000 сўм
Гулкарам (дона) 4,000 сўм 6,000 сўм
Лавлаги 1,000 сўм 3,500 сўм
Мош 9,000 - 9,500 сўм 9,800 - 10,000 сўм
Қизил ловия 8,500 сўм 7,800 - 9,000 сўм
Оқ ловия 9,000 сўм 10,500 сўм
Гречка 6,000 сўм 5,500 - 6,000 сўм
Қовун 15,000 - 20,000 сўм 15,000 сўм
Тарвуз (кг) 3,000 сўм 4,000 сўм
Ҳандалак 10,000 - 15,000 сўм 10,000 сўм
Ўрик 2,000 - 8,500 сўм 10,000 - 15,000 сўм
Олма 8,000 сўм 10,000 сўм
Шолғом 4,000 сўм
Гилос 6,000 сўм
Олча 4,000 сўм

Кўриниб турганидек, Миробод деҳқон бозорида бироз қимматроқ, аммо икки ўртадаги нархлар тафовути у қадар йирик эмас.

Ўртача ойлик маош эвазига рўзғор тебратаётган оилалар учун юқоридаги нархлар қанчалик қониқарли ёки қиммат?

Давлат статистика қўмитасининг апрель ойида хабар беришича, 2019 йил январь-март ойлари давомида юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотлар ишчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,049,700 сўмни ташкил этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Хабарда республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Навоий вилоятида (2,806,300 сўм) бўлса, Тошкент шаҳрида 2,799,500 сўм, энг қуйи кўрсаткич эса Наманган вилоятида кузатилгани (1,692,200 сўм) айтилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги расман тарқатилаётган бундай хабарларнинг асл вазиятга мос келмаслигини таъкидлаётган бир пайтда, бошқалар бозорларда нархлар тинимсиз ошиб бораётганидан шикоят қилади.

Хўш, сизнинг олаётган маошингиз ойлик тирикчиликни ўтказиш ва оилангиз фаровонлигини таъминлашга қанчалик етади? Юқоридаги нархлар сизни қониқтирадими ёки улар ҳаддан зиёд қимматми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek