Ўзбекистон: Мирзиёевдан унинг исмини қўйганларга машина бериш амалиётини тўхтатиш сўралди

учизак Фото муаллифлик ҳуқуқи daryo.uz

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан Президент номидан машина совға қилиш амалиётини тўхтатиш сўралди. Учизак туғиб, фарзандларига президентнинг исм-шарифини қўйганларга Cobalt автомобили совға қилиш кулгу бўлаётгани ва бу амалиёт аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани айтилди.

Ўзбекистондаги оммавий интернет нашрларидан кун.уз сайти Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқди.

"Зотдор қизга уйланаман, пиёда юриш жонга тегди ёхуд президент номини эрмак қилманг", номли мақолада Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач урфга айланган учизак фарзандли бўлиб, президентнинг исм-шарифини қўйган оилага машина совға қилиш амалиёти танқид қилинди.

Муаллиф Аброр Зоҳидовнинг ёзишича, бир вақтда уч фарзандли бўлиб, исмларини Шавкат, Мирзиё ва Миромон қўйган шахс таҳририятга қўнғироқ қилиб шу вақтгача Cobalt дан дарак йўқлигидан нолиган.

"- Биз ҳам уч ўғил кўргандик, Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм ҳам қўйгандик. Лекин шу пайтгача "Кобальт"дан дарак йўқ. Шу масалани ҳал қилиб берсангизлар. Ўзбекистонда қонунга амал қилинадими йўқми?

- Қанақа қонунни назарда тутяпсиз?

- Учта туғилганларга машина бериляпти-ку. Ҳаммага тенг кўз билан қаралиши керак-да!"

Муаллиф бир томондан бу одам ҳақлигини айтади.

"Бир қарашда у ҳақ - уч эгизак (уч ўғил десак тўғрироқ бўлар) туғилса ва уларга юқоридаги исмлар қаторлаштириб қўйилса, "Кобальт" совға қилиш бўйича ёзилмаган (!) қоидага амал қилинмоқда", дейди у.

Журналист уч фарзанд кўришдаги имтиёзлар қайси қонунчилик билан тартибга солиниши, уч ёки тўрт фарзанд кўрганларнинг ягона реестри олиб борилиши, уларнинг сони бугунгача нечта бўлгани, қанчасига қанақа совғалар берилгани каби саволларни ўртага ташлаган.

"Энг муҳими, совғалар, хусусан автомобиль пулини ким тўлайди? Давлат бўлса, солиқ тўловчиларнинг маблағи бундай мақсадда сарфланиши тўғрисида ҳисобот берилиши керак эмасми, ҳомийлар ҳисобидан бўлса, улар кимлар ва бу ҳаракатлари ихтиёрийми", дейилади мақолада.

Журналист интернет, ижтимоий тармоқларда бу мавзу узлуксиз муҳокама билан бирга шунчалар ҳажв қилиндики, хижолат бўладиган даражага етдик, дейди.

"Уларнинг биттасини, фақат биттасини мисол келтирайлик: "Бирданига учта туғадиган зотдор қиз керак. Пиёда юриш жонга тегди...".

Президент Мирзиёев мурожаат қилган Аброр Зоҳидов қисқа ва ягона қарор билан бу амалиётни бутунлай ҳамда қайтиб тикланмайдиган қилиб тўхтатишга чақирган.

"Ишонинг, ота-оналарнинг сизнинг исм-шарифингиздан фойдаланиб нимадир ундиришга уриниши ёки ҳудудий раҳбарларнинг уларга турли-туман совғалар, хусусан "Кобальт" тақдим этиб, сизга яхши кўриниш учун лаганбардорлик қилиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Балки сиз бехабардирсиз, аммо минг афсуски бу ҳолат эрмакка айланиб кетди", дейди у.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач унинг номини учизакларга қўйган оилаларга Cobalt машинасини бериш урфга кирди.

Сўнгги вақтларда нафақат Президентнинг исм-шарифини қўйганларга балки, унинг рафиқаси ва қизининг исмини қўйган оилага ҳам Cobalt совға қилинмоқда.

Шу йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятида туғилган Шавкатжон, Зироатхон ва Саидахоннинг отасига Ўзбекистон Президенти номидан Cobalt машинаси совға қилинди.

Президент совғаси деб тақдим қилинадиган ва маҳаллий матбуотда чоп қилинадиган бу хабарларда машина кимнинг пулига олингани ҳақида айтилмайди.

Вазиятдан хабардор шахсларнинг айтишича, бу совғалар одатда ҳокимиятлар томонидан ташкиллаштирилади.

Айрим тадбиркорлар машинанинг пулини тўлаш банкдан катта миқдорда кредит олган тадбиркорларнинг зиммасига юкланишини айтади.

Бироқ Би-би-сида ушбу фактларни тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Учизакларга Президент ёки унинг оиласи исм-шарифларини қўймаган ота-оналар давлат томонидан белгиланган қонуний нафақаларини ҳам ололмаётгани, айрим ҳолларда фарзандларини катта қилишга қийналаётгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

2018 йилнинг июн ойида Андижоннинг Булоқбоши туманида туғилган Иззатбек, Исломбек ва Имронбекларнинг ота-онаси 2 ёшгача бўлган бола тарбияси учун нафақа пули ололмаётганини айтганди.

Учизак туғиб, Президентнинг исм-шарифини қўяётганларга машина берилишидан Мирзиёевнинг хабари бор ё йўқлиги маълум эмас.

Бироқ Шавкат Мирзиёев у билан учрашаётган ва қайсидир жиҳати билан эътиборига тушган фуқароларга уй ёки машина совға қилиш ҳолатлари учраб туради.

2 июн куни Бўка туманига борган Шавкат Мирзиёев унинг ташаббуслари ҳақида шеър тўқиб, ўқиб берган 3-синф ўқувчисининг отасига машина совға қилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.