Ўзбекистон: Журналист ҳибсда, Тошкент Лондондаги матбуот эркинлиги анжуманига ҳайъат юборади

Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston TIV
Image caption Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия элчиси Кристофер Аллан билан

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Буюк Британия элчиси Кристофер Аллан билан ўзбек ҳукумат ҳайъатининг Лондонда ўтадиган матбуот эркинлиги анжуманидаги иштироки масаласини муҳокама қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари ўз миссиясини якунлаётган британ элчисига "сермаҳсул фаолияти учун миннатдорчилик билдирган".

Матбуот эркинлиги бўйича Глобал Конференция шу йилнинг 10-11 июль кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон: Саид Абдулазиз Юсупов тиббий экспертизаси театрлаштирилган томошамиди?

Ўзбекистон: Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсуповнинг қийноққа солинганини рад этмоқда

Ўзбекистон: Қамалишидан олдин Мирзиёевга мурожаат қилган журналист нималар деди?

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Лондон конференциясидаги эҳтимолий иштироки ҳақида илк бор президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов хабар берганди.

"Жаноб элчи бизни шу йилнинг июль ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Сўз эркинлиги бўйича биринчи глобал саммитда иштирок этиш ва унда Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришга таклиф қилди", деб ёзган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори 4 июнь куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Сўз эркинлиги ва сукунат

Ўзбекистон расмий ҳайъатининг матбуот эркинлиги бўйича халқаро анжуманда иштирок этиши ҳақидаги хабар мамлакатдаги ягона мустақил матбуот фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинаётгани ҳақидаги хавотирлар манзарасида янграган.

На ахборот агентлиги ва на журналистлар уюшмаси ҳозирга қадар Юсуповнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берган.

9 июнь куни журналистнинг адвокати Арслон Шаймарданов Би-би-си билан суҳбатда Бош прокуратура ўтказган тиббий кўрикни "театрлаштирилган томоша" деб атаган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, тиббий кўрикдан олдин ҳимоясидаги шахсга нисбатан тазйиқ ўтказилган бўлиши мумкин.

7 июнь куни Бош прокуратура биноси олдида норозилик пикети уюштирган журналистнинг яқинлари ва фаоллар Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан қийноқларни тўхтатишни талаб қилишган.

Ўтган ҳафта Бош прокуратура Юсупов адвокати ва яқинларининг қийноқ иддаоларини рад этган эди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни фирибгарликда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Саид-Абдулазиз Юсупов 10 майдан буён ҳибсда қолаётир

12 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Юсуповга эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида ажрим чиқарган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига билдиришича, Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан тергов ҳаракатлари аввалдан эълон қилинган ЖКнинг 168 ( "фирибгарлик") банди бўйича олиб борилмоқда ва унга қарши янги айблов эълон қилиш ҳаракатлари йўқ.

"Янги айблов ёки ғайриқонуний усуллар Юсуповга нисбатан йўқ. Дастлабдан айб эълон қилинган ЖКнинг 168-моддаси доирасида тергов бормоқда", - деб айтган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

Биринчи анжуман

Биринчи марта ўтказилаётган анжуман Британия ва Канада Ташқи ишлар вазирлари Жереми Хант ҳамда Христя Фриланднинг ташаббусидир.

Ҳар икки вазир анжуманга мезбонлик қиладилар.

Ундан мақсад дунё бўйлаб матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш ва журналистларнинг хавфсизлигини яхшилаш экани айтилган.

Анжуманга ҳукуматлар, фуқаро жамияти вакиллари, журналистлар ва тадқиқотчилар таклиф этилган.

Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Хант душанба куни Россияда журналист Иван Голуновнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирган.

"Журналистлар расмийларни ҳисобга тортиш учун эркин бўлишлари керак. Биз ишни яқиндан кузатмоқдамиз", деб ёзган Твиттердаги саҳифасида британ ташқи ишлар вазири.

Россия расмийлари "Медуза" нашрининг махсус мухбирини гиёҳванд моддалар савдосида айблашган.

Голунов айбларни рад этади ва ўзига қарши жиноят ишини журналистик фаолияти билан боғлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02