Ўзбекистон: Қўнғир айиқни ўлдириб, таҳқирлаганлар жазоланадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

5 июнь - Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини экологлар кичик доирада танловлар ўтказиш орқали байрам қилишди. Аммо бу байрам миллий мақомга эга бўлиши керак эмасми?

Назаримда, бугун ҳар биримизнинг ҳаётимиз мавжуд экологик вазиятларга боғлиқ бўлиб турган бир пайтда, ҳар бир фуқаро табиатни асрашга ўз ҳиссасини қўшишга интилиши шарт. Аммо биз бугун табиатни қанчалик муҳофаза қилаяпмиз? Келгуси авлодга нима қолдираяпмиз?

Ўзбек юлдузлар нега ҳайвонлар билан расмга тушди?

Ўзбекистон: Хўрланган, ҳақоратланган, қийноққа солинган ва ўлдирилган ҳайвонлар учун ким жавоб беради?

Дунё ва дин:Ҳайвон сўйиш ва хатна Европа мусулмон-яҳудийларини қандай бирлаштирмоқда?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида бир туда оломоннинг отилган, аммо маълум бўлишича, чалажон қўнғир айиқни қийнашаётгани, улардан бири эса айиқни қучоқлаб тургани, ёввойи ҳайвоннинг эса бош қисмидан қон оқиб, ночор аҳволда тургани акс этган видеосуратлари тарқалди.

Ушбу воқеа 2019 йил 28 май куни Чироқчи тумани Лангар МФЙ Тутли қишлоғида содир бўлган. Номаълум сабабларга кўра айиқ қишлоққа келиб қолган. Хabar.uz сайтида берилган Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасининг хабарига кўра, фуқаро Тўраев Хусан, Сулаймонов Рустам, Очилов Хайдар ва бошқаларнинг хонадонига кирган айиқ агрессив ҳаракатланган ҳолда хонадон эгаларига таҳдид (отилиб) қилиб, қўрқитган. Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Сулаймонов Қахрамон Исмоилович ёрдамга чақирилиб, айиқни ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирган.

Ҳодиса жойига етиб борган профилактика инспектори Ш.Р. жойни кўздан кечириб, процессуал тартибда расмийлаштирилган ва айиқ туман марказига олиб келинган. Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат туман ИИБнинг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида 28.05.2019 йилда 1009 рақам билан рўйхатга олиниб, айни вақтда тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича сўралган Х.Тўраев ўша куни томорқасида ишлаб турганида адирдаги тепаликдан унинг хонадонига айиқ ҳужум қилиб кириб келганлигини, унга қараб икки марта таҳдид сифатида бақирганлигидан қўрқиб кетганлигини, шу вақтда қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи унинг хонадонидан 20 метр пастроқда айиқни отиб ташлаганлигини баён қилган.

Шу ҳудуднинг ички ишлар нозири туман ички ишлар бўлимидан оғзаки рухсат олган ҳамда ҳудуддаги овчилардан бири билан бирга тадбир ўтказиб, айиқни отиб ташлаш орқали хавфни бартараф қилган. Текширишда асосий эътибор, айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқлиги, уни ўлдирмасдан ҳам хавфнинг олдини олиш имкони бўлган ёки йўқлигига қаратилган бўлиб, тегишли шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш билан натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабар сўнггида. Шунингдек, бу воқеага, uza.uz сайтида Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев изоҳ берган:

- Ҳозирда айиқ жасади вилоят ветеринария бўлимида текширувда. Улар айиқ касалланганми, қутурганми, нима сабабдан аҳоли масканига бу даражада яқин келганини ўрганишмоқда. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам суриштирув ўтказмоқда.Мен масаланинг яна бир томонига эътибор қаратмоқчиман, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар мазкур қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Маълумотларга кўра, мазкур тур юртимиз ҳудудида бор-йўғи 250 тадан 260 тагача бор.Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги тегишли қарорига биноан, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи бўлган Тян-Шань қўнғир айиғига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки юридик шахси томонидан зарар етказилган бўлса 100 АҚШ доллари, яъни 840 минг сўм миқдоридаги жарима тўлаш белгиланган. Шу ҳаракатни хориж фуқароси ёки юридик шахс содир этса, 168 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилади. Мен тегишли ташкилотлар вакиллари, қонун чиқарувчи органлардан мана шу банддаги жарима миқдорини янада ошириш таклифини илгари суришларини сўраб қолган бўлардим. Бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигини олдини олишимиз зарур, деган мутахассис.

Фото муаллифлик ҳуқуқи OZORBERMA.AFISHA.UZ

Бахтиёр Шералиев: Хитойдаги Жанубий-ғарбий университети докторанти, биолог:

- Бир тўда жоҳилларнинг (одам дейишга тилим бормаяпти) ваҳшийликлари тасвирланган видеони охиригача кўра олмадим. Эрнест Сетон Томпсоннинг "Ёввойи йўрға" асарида Шимолий Америкадаги бир қишлоқ овчиларининг қишлоқ товуқларини қийратаётган тулкини излаб йўқ қилиш саҳнаси тасвирланади. Ўша ерда маҳаллий овчилар този итлар билан тулкини қувиб бир уй ичига кириб қолишади, тулкининг қочиш учун йўли қолмайди. Шунда овчилар ов қонунига амал қилиб, тулкини очиқ жойга чиқариб, то у қочиб қутулиши учун мумкин бўлган масофагача қувишмайди. Шундан сўнг яна таъқиб қилишади. Уларнинг ишонишича, ҳақиқий овчи ўлжага ҳар доим тирик қолиш имконини қолдиради. Овчида ҳам, ўлжада ҳам имкониятлар бирга бир бўлганда қилинган ов ҳақиқий, ҳалол ов ҳисобланади. Ана, энди айтингчи, ҳеч кимга озори тегмайдиган, одамлардан имкон қадар узоқда, тоғларда яшайдиган айиқларни ваҳшийларча ўлдирган ўша кишиларни овчи деб бўладими? Биолог бўлганлигим учун видеодаги ўша айиқ ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтаман. У қўнғир айиқнинг бизнинг ҳудудимизда учрайдиган Ҳимолай қўнғир айиғи (Ursus arctos isabellinus) кенжа тури ҳисобланади, биздаги дарсликларда Тян-Шан қўнғир айиғи ҳам дейишади. Ушбу айиқ кенжа тури Ўзбекистон ва Халқаро Қизил китобга киритилган. Ер юзидан бутунлай қирилиб кетиш хавфи остида турган кенжа тур ҳисобланади. Уни овлаш бутунлай тақиқланган. Уларнинг сони жуда оз, масалан, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларидаги Ҳисор тоғларида 157 таси қайд этилган. Уларнинг камайиб кетишига браконерлик, яшаш жойларинининг мозаиклиги ва безовталик омиллари сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон 1995-йилда "Биологик хилма-хиллик тўғрисида"ги халқаро Конвенцияга қўшилган ва бу билан ўз ҳудудидаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Шундай экан, ҳайвонларни ваҳшийларча қирадиган ана у одамсимонларни аввало Қизил китобга киритилган, овланиши тақиқланган ҳайвонни овлагани учун, ана ундан кейин ҳайвонларга шафқацизларча муносабатда бўлгани учун, ваҳшийлигини видео орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб қирилиб кетиш хавфи остида бўлган Ҳимолай қўнғир айиқларининг бундан кейинги ҳаётини янада хавф остида қолдиргани учун албатта жазоланиши шарт!

Куни кеча аҳоли томонидан Парламентга муҳокама учун таклиф киритиш имконини берувчи meningfikrim порталига мактабларда ўқитиладиган ботаника, зоология, физика, кимё, алгебра фанларини қисқартириб бунинг ўрнига одамларга фойдаси тегадиган этика, овқатланиш, жамоат транспортида юриш маданияти ҳақидаги фанлар киритилиши борасида таклиф қўйилди. Таклиф муаллифининг фикрича, ушбу фанлар керакcиз бўлиб, одам ҳаёти давомида деярли ишлатилмайдиган фанлар экан. Мана бу бизнинг энг сўнгги нуқтамиз бўлса керак! Афсус, афсус, афсус...

Ислом Хушвақтов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати:

-Бугун республикамизда табиатни сақлаш бўйича 30 дан ортиқ қонунлар ва 300 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд. Аммо улардан аҳолимиз тўлиқ хабардор эмас. Шу сабабли ҳам бугунги кунда кўплаб Ўзбекистоннинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш борасидаги муаммолар келиб чиқаяпти. Мен Қашқадарё вилоятидан сайланган депутат сифатида мазкур ҳолат бўйича ўрганишларни олиб бориб, овчи билан гаплашганимизда у Халқаро Қизил китобга киритилган қўнғир айиғи аҳоли ҳаётига хавф солгани учун отиб, ўлдирилганини айтди. Қизил Китобга киритилган ҳар қандай жониворни отиш учун бевосита Вазирлар Махкамасидан рухсат олиш зарур. Бунинг учун албатта уни отишдан олдин аҳоли экологларга мурожаат қилиши лозим эди. Ўзбошимчалик билан қилинган ҳаракат учун жавобгарлик мавжуд, яқинда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Кодексининг 111 -модасига ҳайвонларни ўлдириш, қийнаш борасида жазо чораларини кучайтириш тўғрисида ўзгартиришлар киритилди. Бевосита бундай жавобгарлик Жиноий Кодексда ҳам бор. Ҳолат бўйича текширувларнинг якуний хулосалари бўйича фаолият олиб борилади.

Қўнғир айиқни отиш эмас, уни қўрқитиб ҳайдаш мумкин эди. Энди эса "қаҳрамонлар"нинг атиги 840 минг сўм жарима тўлаб, қутилиб кетиш билан иш битмайди. Зеро, бу фақатгина ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлгани учунгина ҳуқуқ тартибот органлари томонидан фаолиятга сабаб бўлди. Аммо, Қизил китобга киритилган жонивор ва ўсимликлар қанчаси йўқ қилинаяпти? Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳудудида нобуд қилинган эчкиэмар тўғрисидаги хабарлар ва ўлдирилган ҳайвон сурати кенг тарқалди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизматининг хабарига кўра, мазкур ҳолат Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида содир этилган. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари жорий йил 13 май куни Муборак тумани ҳудудида ўтказган навбатдаги экологик рейд давомида Қарши — Муборак — Бухоро авто йўлига яқин бўлган чўл ҳудудида номаълум фуқаро томонидан нобуд қилинган ёввойи эчкиэмар аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича инспекторлар воқеа жойида ёввойи эчкиэмарни кўздан кечириб, ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилган. Ҳозирда мазкур қонунбузарликни содир этган айбдор шахсга нисбатан тегишли чора қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Табиатга зарар етказганлар қанчалик жаримага тортилаяпти? Нега фуқароларимиз қонундан, Аллоҳдан, гуноҳдан қўрқмасдан табиатга ваҳшиёна муносабатда бўлишаяпти ва буни "қаҳрамонлик"сифатида ижтимоий тармоқларга тарқатишаяпти? Демак, қонунлар ҳали ўз кучига эга эмас, жарималар эса жуда паст. 260 та қолган қўнғир айиқнинг биттаси ўлди, демак 259 та ёки 249 та қолди. Ҳар йили 8-9 та айиқ ўлдирилса, 20 йилга бормай фарзандларимиз уларни фақат расмлар кўради ва у инсоният томонидан Турон йўлбарси каби йўқ қилинган жониворларнинг қора рўйхатига киради. Видеодаги ғайри-табиий овозлар, чалажон ёки ўлган айиқнинг устидан масхаралаб кулишлар, уни қийнашдан роҳатланиш яна бир карра маънавиятимиз ачинарли аҳволда бўлиб. экологик онгимиз жуда пастлигидан далолатдир. Зеро, маънавият даражаси инсоннинг табиатга бўлган муносабати билан ҳам белгиланади. Бунинг учун зудлик билан боғчаларда, таълим муассасаларида экология дарсларини 1 синфдан киритиб, соатларини кўпайтириш, бу борада тушинтириш ишларини олиб бориш, Халқаро ҳамда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказган жисмоний ва юридик шахсларга жарималарни 100 баробар ошириб, қамоқ жазосигача белгилаш зарур.

Мақола муаллифининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.