Шайх Қозийдан руҳланганлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўрмоқчи

Шайх Ёсир Қозий Ҳазрати Имом мажмуасида Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/yasir.qadhi
Image caption Шайх Ёсир Қозий Ҳазрати Имом мажмуасида Усмон(Р.А) Мусҳафини ўз кўзи билан кўришни 20 йилдан буён орзу қилганини ёзди.

Таниқли уламо Шайх Ёсир Қозийнинг Ўзбекистонга саёҳати ортидан Тошкент Мусҳафини, Хоразмий ва Беруний юртини кўрмоқчи бўлган мусулмонларнинг сони кўпайган.

Шайх Ёсир Қозий Саудия Арабистони ва АҚШ олий ўқув юртларида дунёвий ва исломий билимларни қўлга киритган, бугунги кунда дунёдаги нуфузли уламолардан бири ҳисобланади.

У дунё бўйлаб турли мавзуларда маърузалар билан чиқиш қилиб туради, қатор китобларнинг муаллифидир.

Шайх Ёсир Қозий "Америка Исломидаги энг нуфузли анъанадор уламо" деб тан олинган.

Унинг Интернет социал тармоқларидаги саҳифалари муштарийлари кўп.

Фолловерлари Шайх Қозийнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатини катта қизиқиш билан кузатмоқдалар.

Дастлаб Тошкентда Шайх Қозий Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди, "Тошкент Қуръони" билан танилган Ҳазрати Усмон(Р.А) Мусҳафини ўз кўзи билан кўришни 20 йилдан буён орзу қилганини ёзди.

Усмон(Р.А) Мусҳафи ёнидаги фотосурати, Хастимом мажмуаси ва Ҳазрат Шоший мақбараси зиёрати видеоларини Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилди.

У Хива таассуротлари билан ўртоқлашди.

"Бу замин дунёга Ал-Хоразмий, Беруний ва Аз-Замаҳшарий сингари буюк алломаларни берган Хоразм", деди инглиз тилида Шайх Қозий.

Ёсир Қозийнинг Фейсбукдаги саҳифасида "Тошкент Қуръони", Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси, Хевадаги Ичан-Қалъа ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида савол берган кўплаб ўқувчиларни кўриш мумкин.

Улардан бир нечтаси ушбу видео ва фотоларни кўриб, Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги туғилгани ҳақида ёзганлар.

Айрим мутаассиб мусулмон мамлакатларида кўп асрлик тарихий меъморчилик обидаси сифатида қадрли ҳисобланган бинолар ер билан яксон қилиб ташланган.

Ўзбекистонда эса мақбаралар меъморий обида деб кўрилиши билан бирга мусулмонларга зиёрат одоби тушунтирилади.

Президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор кучайтирилди.

Бу йўналишда ишлар энди бошланди, зиёрат туризми анжуманига борган меҳмонларга ташкилотчилар жойнамоз топиб беролмаганига ўхшаш камчиликлар учраб турибди.

Мамлакат ичкариси ва хориждаги экспертлар Ўзбекистонда зиёрат туризми потенциали катталигини, дунё бўйлаб тасаввуфнинг Нақшбандия тариқати вакилларини Ўзбекистонга жалб қилиш муҳимлигини урғулайдилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ