Ўзбекистон: Мақсад мактаб таълимини яхшилашми ёки норасмий йиғимларни расмийлаштириш?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/sherzodshermatov
Image caption Халқ таълими вазири

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги мактабларнинг биринчи синфига ўқувчи қабул қилишда коррупция ҳоллари - мактабга бириктирилган микроҳудуддан ташқари яшовчи болаларни қабул қилиш учун таниш-билиш қидириш ёки мактаб раҳбариятига пора бериш мавжудлиги, мактабга таълим тилида ўқиб кетишга кўникмаси етарли бўлмаган болаларни қабул қилиш каби салбий ҳолатлар мавжудлигини тан олди.

Айни шу таниш-билишчилик, порахўрлик сабабли «мактаб сиғимига нисбатан кўпроқ ўқувчилар қабул қилиниши ва синфларда болалар сони 40-50 нафаргача ошиб кетиши», «7 ёшдан кичик ёки таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган ўқувчиларга кўпроқ куч ва эътибор сарфланаётгани бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига жиддий таъсир» кўрсатаётгани таъкидланади, вазирлик веб сайтида.

Вазирлик ахборот хизмати Тошкент шаҳридаги 107-сонли мактаб директори Нигора Салимованинг гапларини келтиради:

«Аксарият ота-оналар фарзандларини рус тилида бошланғич кўникмага эга бўлмаса-да, рус синфларига беришга интилмоқда. Афсуски, айрим ҳолларда ота-оналар бунга етарли эътибор бермайди. Натижада фарзандлари бошланғич синфда фанларни ўзлаштиришда, мактабга мослашишда қийналади»

Яна бир кенг тарқалган муаммо - ота-онанинг ўз фарзандини ўзлари яшайдиган ҳудуд мактабларига эмас, узоқдагии мактабларга беришидир. Вазирликнинг ахборот хизмати Турар Казангаповнинг мулоҳазаларини эълон қилди:

«Боланинг узоқ масофадан мактабга келишида бир қанча қийнчиликлар бор. Биринчидан, аксарият бошланғич синфларда дарс соат 8.00 да бошланади. Бунинг учун ота-оналар болаларини соат 6.00 да уйғотишлари, нонушта қилиб, кийинтириб, соат 7.00 да йўлга чиқишлари керак. Эрталабки тирбандликлардан сўнг ўқувчиларнинг кўпчилиги мактабга мунтазам кечкиб келади. Бола уйда тўйиб ухламаганидан сўнг, дарсларда чарчаб қолиши, тез уйқуси келиб қолиши кузатилади. Бу эса дарсларни ўзлаштиришга таъсир қилади».

Вазирлик ахборот хизмати бу гапларни бежизга эълон қилмаган экан. Бироз кейин ушбу муаммоларга ечим бўладиган қарор чиқди - Вазирлар маҳкамасининг "Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Қарорга кўра, 2019 йилдан бошлаб талаб юқори бўлган мактабларга (ҳозирча Тошкент шаҳридаги 81 та мактаблар) қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Яъни мактабга йўлланма Давлат хизматлари марказлари орқали берилади.

Бу қарордан мақсад фақат бу эмас.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов умумтаълим мактабларига қабул қилишдаги коррупция ҳолатлари ҳақида ёзди:

«Ҳар йили ҳар хил «нуфузли ва катта» ташкилотларда ишлайдиган турли-туман одамлардан Тошкентдаги «нуфузли мактаб»ларга боласини ўқишга жойлаштиришни «қаттиқ илтимос қилган» қўнғироқлар бўлади. Шундай мактаблардан бирининг директорининг маълум қилишича, бултур бундай «қўнғироқчилар» сони 100 кишидан ошиб кетган!

Бунинг устига боласини шундай «нуфузли мактаб»га жойлаштириш учун ота-оналар ўртакашлар ва таълим тизимининг баъзи нопок ходимларига «ҳаммага маълум бўлган» ставкаларда ноқонуний равишда пул тўлашган.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz

Жаноб Шерматовнинг айтишича, узат-узат бер-берлар натижасида «Энг ёмони, бундан шу мактаб микроҳудудида яшаса-да боласини мазкур мактабга жойлай олмаган ота-оналар жабр чеккан.»

Айни шу иллат сабабли айрим мактабларда ўқувчилар сони мактаб имкониятидан чандон ортиб кетган.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактабга йўлланма олишнинг нисбатан марказлашган ва шаффороқ йўли - Давлат хизматлари агентлигининг ягона дарча марказлари орқали ариза бериш жорий қилинган.

Коррупциянинг олдини олиш учун бу тарзда чора кўрилиши кўпчиликка маъқул келган. Ота-оналар учун ҳам анча қулайлик туғдирган. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор.

Бу қарор фақат коррупцияга қарши бир чора бўлиши мумкин. Аммо мактабларга ўқитиш тилини билмайдиган болаларни қабул қилиш, узоқ жойлардан қатнаш каби ҳолатларга ечим эмас. Чунки бу қарор пулини тўлаганларга бундай камчиликларга йўл қўйишга рухсат беради.

Янги тартиб муаммони ҳал қиладими?

Таниш-билишчилик, порахўрликнинг мавжудлиги эмас, балки улар сабабли таълим сифатига зарар етиши муаммодир, зотан. Масалан, бир синфда 40-50 ўқувчи йиғилиб қолиши, таълим тилини билмайдиганларнинг қабул қилиниши натижасида уларнинг бошқа ўқувчилар ўзлаштиришига салбий таъсир қилаётгани.

Аммо қарор бу муаммони ҳал қиладиган кўринмайди.

Чунки қарордан кўзланган мақсад муаммони ечиш, таълим сифатини яхшилаш, ижтимоий адолатни таъминлаш эмас, балки ота-оналардан пул йиғишни расмийлаштиришдир. Жумладан, қарорда шундай дейилади:

«Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан қуйида назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилади:

а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;

б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 декабрга қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;

в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун.

Эътибор беринг, вазирлик «таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган ўқувчиларга педагогларнинг кўпроқ куч ва эътибори талаб этилаётганлиги сабабли, бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига жиддий таъсир кўрсатмоқда», демоқда, ва айни пайтда, қарорда пулини тўласа, тилни билмаса ҳам бола мактабга қабул қилиниши айтилган. Яъни авваллари мактаб раҳбариятига пора берган ота-оналар энди уни расман тўлайди. Аммо аҳвол ўзгармайди. Бола микроҳудудда яшайдими-йўқми, таълим олиб бориладиган тилни биладими-йўқми, аҳамияти йўқ. Муҳими ота-онада пул бўлса кифоя.

Қолаверса, талаб катта бўлган мактабларга қўшимча квоталар қандай берилади, қайси мезонга кўра белгиланади - бу ҳақда гап йўқ. Ўтган йили талаб юқори бўлган мактабга бу йил қўшимча квота кўпайтириладими? Ахир шундоқ ҳам айрим мактаблар керагидан ортиқ бола қабул қилган.

Бу ўринда вазирлик таълимдаги муаммоларни санаб, унга қарши курашамиз деб, аммо пулини тўлаганларга тақиқланган ишни қилишга рухсат бермоқда. Пулини тўлаб машинаси ойнасини тонировка қилишга рухсат олиш, уй сотиб олганларга «прописка» бериш масаласида ҳам шунга ўхшаш манёвр ишлатилган эди: тонировка мумкин эмас, тонировка керак бўлса, марҳамат пулини тўлаб қўйинг.

Мактабларга йўлланма олиш онлайн тартибда йўлга қўйилиши шубҳасиз ижобий ўзгариш.

Аммо порахўрликни йўқотолмаяпмиз, келинглар шу пуллар мактаб директорининг эмас, мактабнинг ўзига сарфлансин десак, бу мантиқни абсурд даражага олиб бориш мумкин: Университетларга киришда пора беришяпти, келинг шу пуллар ректорнинг чўнтагига эмас, университетга тушсин деб, балки тўловни расмийлаштириб қўярмиз? Бирор прокурор ё солиқчи пора олаётган бўлса, буни тўхтатиб бўлмаяпти деб, прокуратура ва солиқ идорасига расман тўланадиган яна бир тўлов жорий қилармиз? Ҳамма тўловлар Давлат хизматлари агентлиги орқали бўлади. Шу тўғри баҳонами?

Мирзиёев Каримов замонида мактаб ўз ҳолига ташлаб қўйилганини тан олди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Бош прокуратура ҳокимнинг мактаб директорларини уришида жиноят аломатлари топмади

Ушбу ўзгариш яна нимани англатади?

Ўзбекистон конституциясининг 14-моддасида давлат бошқаруви ижтимоий адолат принциплари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Моддий шароитидан қатъий назар барчага тенг шароит, имконият яратиш ижтимоий адолатнинг тамал ўзагидир.

Пулини тўлаб болани исталган мактабда ўқитиш мумкинлиги ва бунда боланинг салоҳияти эмас, ота-онанинг бойлиги ҳал қилувчи бўлиши қанчалик ижтимоий адолат принципига мос келади? (Бу саволни "тонировка" ва "прописка" сотилиши борасида ҳам бериш мумкин.) Ушбу тартиб, шундоқ ҳам пул ҳамма муаммони ҳал қилади, деган ишонч сингиб кетган жамиятда вазиятни янада оғирлаштирмайдими?

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев мактабга қабул қилишда тўловнинг жорий қилиниши камбағал ва бойлар ўртасидаги нотенгликни қонунийлаштиради деб ҳисоблайди:

"Тошкентдаги бир қатор ДАВЛАТ мактабларига болаларни пуллик асосда жойлаштириш амалиётининг йўлга қўйилиши одамларни бой ва камбағалга ажратишнинг яққол намунаси бўлибди. Бундай адолатсиз таклифнинг келиб келиб зиё ва маърифат тарқатувчи, болаларимизни адолат, тенглик, ҳақиқат ҳамда ҳалолликка ўргатувчи зиёлилар идораси вакилларидан чиққанлиги....билмадим нима дейишга тилим бормаяпти, уят хуллас."

Тасаввур қилинг, пулдорроқ одам Тошкент шаҳрининг қайси туманида яшаши, фарзанди тилни билиш-билмаслигидан қатъи назар, исталган мактабга фарзандини бера олади. Виждони қийналмасдан, яширмасдан, муҳими давлат ва жамият буни нормал ҳол, ахлоқан узрли сабаб деб тан олиб бўлган. Қарорда белгиланган тўловга қурби етса бас. Аммо битта туманда, мактабдан атиги бир кўча нарида, лекин бошқа микроҳудудда яшовчи, фарзанди тил биладиган ота-она, тўловга қурби етмагани учун мактаб танлашга имкони йўқ. Яъни танлов имконияти расман сотиляпти.

Ҳар кимнинг ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг камида ўн баробари (Икки миллиондан ўн миллион сўмгача) миқдорида тўловга қурби етмайди.

Муаммони ечиш учун нимага эътибор бериш керак эди?

Ҳозирги жорий қилинган тартибга асосан, мактабга қабул икки мезонга кўра амалга оширилмоқда. Ҳудудий мезон - боланинг яшаш жойи ва молиявий мезон - ота-онанинг пул тўлаши. Асосий квота бўйича ҳудудий мезон олинган. Яъни мактабга бириктирилган ҳудудда яшовчилар асосий квота бўйича олинади. Қўшимча квота эса молиявий асосга кўра белгиланади. Яъни, белгиланган суммадаги маблағни тўлаганлар олинади.

Савол туғилади, нима учун асосий ва қўшимча квотани ҳам ҳудудий мезонга кўра шакллантириш мумкинмас. Дейлик, қўшимча квота асосида қабул қилинганда мактаб микроҳудудига ёндош микроҳудудлардан ва фақат таълим бериш тилини биладиганлар қабул қилиниши.

Бунда тил билан боғлиқ муаммо ҳам, ўқувчиларнинг жуда узоқдан қатнаши ҳолатлари ҳам камаяди. Ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.

Ўзбекистон: Вазир мажбурий обуна ҳақидаги саволга жавоб берди

Вазир ўқитувчилар маошининг оширилишига изоҳ берди

Мақола муаллифининг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek