Ўзбекистон: Солиқчилар блогерни солиққа тортишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотсин - Комил Алламжонов

Айни мақола чоп этилганидан кўп ўтмай, вазиятга Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов муносабат билдирди.

Унга кўра, солиқчилар блоггерларни солиққа тортишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/komilallamjonov

Комил Алламжонов, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори:

"Менга ижтимоий тармоқлар орқали солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси олиб қўйгани ҳақида маълумот келиб тушди. Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилиши талаб қилинади.

Ўйлашимча, Давлат солиқ қўмитасининг блогерларни жазога тортишдан кўра муҳимроқ ишлари ҳам бор. Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Militsiya_uzb
Image caption Азиз Ашурбаевнинг Инстаграмдаги блоги милиция ходимларига боғлиқ жанжалларни ёритиб борган

Аввалроқ, Би-би-сига мурожаат қилган блогер Азиз Ашурбаевнинг даъво қилишича, Тошкент шаҳри Миробод тумани солиқ ходимлари уни кўчада ушлаб, солиқ бўлимига олиб борганлар ва олти соат ушлаб ўтиришлари ортидан, iPhone 7Plus телефонини мусодара қилганлар.

"Инстаграмда militsiya_uzb деб номлаган саҳифам бор. Шу саҳифангизда заправкамни реклама қилиб беринг, 400 минг сўм бераман деб, нотаниш одам телефон қилди. Борсам, бу тузоқ экан. У одам билан гаплашишим биланоқ солиқчилар келиб мажбуран мени Миробод тумани солиқ бўлимидаги 409-хонага олиб кетишди", - дейди у.

Ашурбаевнинг Инстаграмдаги саҳифаси салкам 300 минг обуначига эга. Саҳифада милиция ҳақидаги видеороликлар ва суратлар чоп қилинса-да, профилнинг story қисмида рекламалар бериб борилади.

"У ерда олти соат олиб ўтиришганда, уйимдагилар, хотиним хавотир бўлиб кўп телефон қилишди, аммо бир оғиз қаердалигимни айтишга ҳам рухсат беришмади. Хотиним ўзи касал бўлиб уйда ётибди. Кўзимнинг олдида телефонимни титкилаб, шахсий ёзишмаларим, суратларимни томоша қилиб ўтиришди," - дейди у.

Ашурбаевнинг айтишича, у солиқ тўлашга рози, аммо бу борада қонунчилик мавжуд эмаслиги туфайли ўз фаолиятини бехавотир юритиб келган.

"Бугун, 13 июнь, Мирзо Улуғбек тумани Халқ қабулхонасига бордим. Ўз блогерлик фаолиятимни қонунийлаштириш ва реклама билан шуғулланишим учун патент беришларини сўрадим. Мени ҳайратга солгани, бундай қонун йўқ дейишди. Реклама берувчи фирмалар учун қонун ё патент бор экан, лекин блогерлар учун йўқ. Демак, мен қаердан олишим керак патентни? Блогерлик ҳақида қонун борми ўзи?" - дейди у.

Азиз Ашурбаевнинг айтишича, ҳозирда солиқ ходимлари унинг Инстаграм саҳифасидаги паролни ўзгартиришган ва Телеграмдаги ёзишмаларини ўқиб боришмоқда.

Би-би-си Миробод тумани Давлат солиқ инспекцияси билан боғланишга уринди, аммо ҳаракатлар бефойда кетди.

Қайси қонун?

Азиз Ашурбаев воқеаси 8 июнда юз берган. 12 июнда эса Тошкентда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган "Қўшилган қиймат солиғи ва бошқа янги солиқларни амалга ошириш доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти" мавзусидаги брифингда ҳам блогерлар ва солиқ мавзуси кўтарилди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Музаффар Назаровнинг брифингда билдиришича, Facebook, Telegram, Instagram каби ижтимоий платформаларда реклама орқали пул топадиган блогерларга солиқларни жорий қилиш таклиф қилинган.

Таклиф қилинган, аммо ҳозирча бундай қонун йўқ.

"Даромад олишга қаратилган ҳар қандай фаолият тадбиркор ҳисобланади. Қандай қилиб даромад олишингиз муҳим эмас. Сиз давлат рўйхатидан ўтишингиз керак. Агар сиз иш билан банд бўлсангиз, албатта, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишингиз керак", - деди Назаров.

Унинг айтишича, блогерлар ижтимоий медиа каналларида, шахсий саҳифаларида рекламаларни жойлаштирганда ва солиқ тўламасдан даромад олишганда, "ноқонуний фаолият" билан шуғулланадилар.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюновнинг айтишича, патентсиз ишлаган блогерларнинг компютер, планшет, телефонлари олиб қўйилади ва агар блогер 30 кун ичида рўйхатдан ўтса, улар эгасига қайтарилади.

Аммо, блогер айнан қандай қонун бўйича патент олиши керак ёки ўз реклама бериш ҳуқуқини қонунийлаштириши кераклиги борасида маълумот берилгани йўқ.

Блогер Азиз Ашурбаев ҳам Халқ қабулхонасидаги муносабат ортидан ўз фаолиятини қандай қонунийлаштиришни билмай боши қотган.

Қонун борми ўзи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umid Gafurov
Image caption Таниқли блогер Умид Ғофуров Фейсбук, Телеграм ва Ютюб каби платформалар Ўзбекистонда жойлашмагани туфайли улардаги фаолият учун солиқ тўлашни савол остига олди

Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуни 3-моддасига кўра, "блогер" Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахсдир.

Бу Ўзбекистон қонунчилигида блогерга берилган ягона таърифдир.

Ҳар қандай даромад кўраётган шахс солиқ тўлаши мажбурий бўлса-да, айнан блогер буни қандай амалга ошириши бўйича қонун ҳали ишлаб чиқилмаган.

Азиз Ашурбаевнинг айтишича, унинг қўлга олиниши ва рекламадан даромад олгани учун телефони мусодара қилиниши ноқонунийдир.

Ўз исмини ошкор этилмаслигини сўраган молия мутахассиси тасдиқлашича, Миробод тумани солиқ инспекцияси ҳали йўқ қонун бўйича амал қилган.

"Ҳозирда Солиқ қўмитасига август ойигача янги солиқ кодекси лойиҳасини муҳокамага қўйиш топшириғи бўлган. Ўша кодексда блогерлик, четга ишлашган кетган шахслар фаолиятини солиққа тортиш бўйича моддалар киритилар экан. Бу масала фақат ўша солиқ кодекси қабул қилганда узил-кесил ҳал бўлади", - дейди у.

Мутахассиснинг айтишича, блогерлик фаолиятини солиққа тортишда халқаро тажрибани тубдан ўрганиб чиқиш зарур, чунки ўзбекистонлик блогерлар миллий платформада эмас, балки Фейсбук, Инстаграм, Телеграм каби хорижий платформаларда иш юритадилар.

"Яна бир масала - мисол учун, блогер билан буюртмачи келишиб, бу хайрия-эҳсон тарзидаги келишув деб туриб олса, унда давлат қандай йўл тутади? Солиқни қандай ундиради? Яна бир муаммо, блогер ҳозирги кундаги қайси критерийларга асосланиб блогер дея таърифланади? Агар обуначилар сонига қараб ҳисобламоқчи бўлсангиз, унда Фейсбукда у ўз обуначилари сонини яшириб қўйса, қандай аниқлайсиз қанча обуначиси борлигини?" - деб сўрайди мутахассис.

Жаҳон тажрибаси

Россия давлат Думаси 2018 йил ноябрида блогерлар учун махсус 1%лик солиқ тадбиқ қилиш ташаббуси билан чиқди, аммо ҳозирча Россияда блогерлар фаолияти ҳақида қонун мавжуд эмас.

Мисол учун, Оренбург вилояти солиқ хизмати сайтида "интернетдан даромад оладиган ҳар қандай шахс" солиқ тўлаши шартлиги айтилган.

Россия Солиқ кодексининг 209-моддасига биноан, блогерларга жисмоний шахслар сифатида солиқ солинади. Агар жисмоний шахс мунтазам равишда ўз маҳсулоти ва хизматлари учун даромад олса, унда блогер ўзини якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиши тавсия қилинади.

Блогерлик фаолияти жаҳон тажрибасида нисбатан янги бўлгани туфайли унга боғлиқ қонунчилик ҳам турли давлатларда турлича. Айни дамда, блогерлар кўрадиган даромад ҳам бир давлатдан иккинчисига қараб фарқ қилади.

Ўзбекистонда блогер бир реклама учун 400 минг сўм қабул қилиб олаётган бўлса, Америка Қўшма Штатларида муваффақиятли блогер реклама учун 40 минг доллар ҳам ишлаб топиши мумкин.

Буюк Британияда блогерлик фаолияти орқали ишлаб топилган даромад HMRC, яъни Солиқ қўмитасига ошкор қилиниши керак.

Блогни юритаётган шахс ё шахслар блогда берилган рекламалар тўлов ёки бошқа хизмат эвазига берилаётган реклама эканини аниқ қайд қилиб боришлари зарур.

Британияда блогер, ҳар қандай жисмоний шахс каби, £11,000 (14 минг доллар)дан кам даромад кўрса, солиқ тўламайди.

Шундай экан, айтайлик, блогер йилига атиги £8,000 ишлаб топса, солиқдан ҳоли бўлади.

У £11,000дан ошиқ даромад кўра бошлаши биланоқ, белгиланган £11,000дан ошиқ миқдоргагина 20% солиқ белгиланган.

Россия ё Буюк Британия қонунчилигида блогернинг солиқ идорасига мажбуран олиб борилиши ва хусусий ускуналари мусодара қилиниши кўзда тутилмаган.

"Рақобат кундан кунга кучайиб бораётган бу замонда 100 кишилик аудитория тўплаш осон эмас, 300 минг кишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Одамларни саҳифамга қизиқтириш учун қанча куч, вақт ва ресурс сарфлаганим ўзимга аён. Аста-секин бунинг мевасини ҳам кўра бошлаган эдим, лекин бу афсуски, узоққа чўзилмади", - дейди блогер Азиз Ашурбаев.

Ўзбекистон: ДХХ яна бир таниқли блогер устидан жиноий иш очди

Ўзбекистон: Тошкент аэропорти нега аквапортга айланди?

Наманганлик блогер Каримов ва қизларини "ҳақоратлаш"да айбланмоқда

"Ёмон хабар берсангиз, инвестор келмайди" - Тошкент ҳокими

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek