Ўзбекистон: Тошкентда журналистни ўғирлашда милиция ёрдамлашдими?

Малоҳат Эшонқулова Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova
Image caption Малоҳат Эшонқулова касби учун босимларга учраётганини айтмоқда

Сўнгги бир неча кун ичида ижтимоий тармоқларда гўё Зомин тумани ҳокимини танқид қилган журналист рақамсиз машинада ички ишлар ходимининг ёрдами билан Тошкентдан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

"Куппа кундуз куни ўзим истиқомат қилаётган домнинг ҳовлисида рақамсиз машинада 2019 йилнинг 11 июн куни кеч соат 16:30 ларда ўғирлаб кетишди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Танқидий чиқишлари билан машҳур мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, 11 июн куни уни иккинчи марта чақирув қоғози билан Чилонзор туман ИИБга чақиришади.

Соат 16:00ларда журналистнинг уйига чақирув қоғозини олиб келган Чилонзор туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими Ижодбек Турғунов Эшонқуловага бошқармага ҳозир бориши кераклигини айтади.

Ва кўчада турган рақамсиз, оқ рангли машинага ўтиришни буюради.

"Мен унга ишониб машинага ўтирдим, лекин унинг ўзи машинага ўтирмади. Ёнимга фуқаро кийимидаги барзанги йигит ўтирди-да, машинани тезлаштириб мени олиб қочиб кетди. Турғунов қаерда қолди, дедим. Гапиришмади. Шу ўғирлаб олиб борди", дейди журналист.

Йўлда Эшонқуловага аввал уни Зоминга олиб кетаётганини айтишган, бироқ кейин Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига олиб боришаётганини маълум қилишган.

Журналистни Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси терговчиси Бобомурод Эркиновнинг олдига олиб киришган.

Малоҳат Эшонқулова адвокатсиз гапиришдан бош тортган. Терговчининг хонасида бир ярим соат ушлаб туришганидан сўнг, Эшонқуловани 12 июн кунга чақирув қоғози бериб, адвокатингиз билан келинг, деб чиқариб юборишган. Журналистни ихтиёрига қарши Жиззахга олиб келган номаълум шахслар уни яна ўша рақамсиз машинада Жиззахдан Тошкентга қатнайдиган машиналар тураргоҳига олиб келиб қўйишган.

Эшонқуловага кўра, кейин бу номаълум шахслар киракашга 40 минг сўм бериб, журналистни Тошкентдаги уйига элтиб қўйишни сўраган.

"Бу ҳақиқий ўғрилик эди. Ё ўзбек тилида бунинг бошқа номи ҳам борми? Нима деб аташ мумкин. Терговчи айтади, биз сизни терговга чақирдик. Бобомурод, дедим сиз мени чақиртирмадингиз, сиз мени ўғирлаб олиб келтирдингиз. Унақа деманг сизни ҳеч ким ўғирлаб олиб келмади, дейди. Ўғирламаган бўлсангиз, чақирув қоғозингизни кўрсатинг, дедим", дейди у.

Би-би-си Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси терговчиси Бобомурод Эркинов билан боғланди. Эркинов Малоҳат Эшонқулова тергов қилинмагани, балки Жиззахга келган вақти унга 12 июнга чақирув қоғози берганини айтди.

Аммо Эркинов нима сабабдан Эшонқулова рақамсиз машинада ўз ихтиёрига қарши ё Эшонқулова таъбирида "ўғирлаб" келтирилди, деган саволга жавоб бермади.

12 июн куни Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз веб саҳифасида журналист Малоҳат Эшонқуловага Youtube га жойлаган "Каримовнинг ҳукумати мухолифат фаолининг жонига қасд қилганди, Зомин ҳокими унинг номига қасд қилди...ми" номли материали юзасидан жиноий иш очилганини маълум қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Эшонқуловага эълон қилинган айблов хабари

Журналист суд ва ҳокимлик вакилларини оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилганликда ва уларни ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, Эшонқулова томонидан "...Қозиман дегани қўлингга термулиб туради...", "...Илинган исдан умидвор арвоҳдек ўтирган қозиларга...", "...бу нафс қуллари, жиғилдон овворалари..." каби бир қатор иборалари учун жиноий иш очилган.

Малоҳат Эшонқулова унга бўлаётган босимлар зоминлик мухолифат фаоли Нишонбой Худойбердиев ҳовлисининг бир қисми ҳокимият томонидан ноқонуний тортиб олингани ҳақида тайёрлаган материал сабабчи эканлигини айтади.

Журналист одам ўғирлаб кетиш факти бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов номига ариза ёзган.

Биз ҳам айни масалада Бош прокуратурага мурожаат қилдик. Бош прокуратура сўзчиси айни масалани текшираётганини маълум қилди.

Бу вақтда эса Facebookда яқинда очилган профиллар орқали Малоҳат Эшонқулованинг номини қора қилишга қаратилган постлар қўйилмоқда. Уларнинг ичида ҳақоратларни ҳам учратиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek