Ўзбекистон: ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев тергов қилинмоқда

Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонда жиноий иш очилган иккинчи собиқ Бош прокурор бўлди Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонда жиноий иш очилган иккинчи собиқ Бош прокурор бўлди

Ўзбекистондаги энг ёпиқ ва қудратли ташкилот - ДХХга бир йилдан ортиқроқ вақт давомида раислик қилган Ихтиёр Абдулаевга жиноий иш очилди. Абдуллаев иши доирасида унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ҳамда Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқоновларга нисбатан жиноий иш очилгани расман тасдиқланди.

Собиқ юқори мансабли шахсларга нисбатан жиноий иш очилганини ва улар ҳибсга олинганини Бош прокуратура матбуот хизмати Би-би-сига тасдиқлади.

Кун.узнинг Бош прокурор ўринбосари Эркин ЙЎлдошевга таяниб ёзишича, Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида 10 яқин киши тергов қилинмоқда.

"Тергов жараёнида қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб боришга қарор қилинган", деган Эркин Йўлдошев.

Ҳозирча Бош прокуратура ушбу шахслар нимада айбланаётгани ҳақидаги саволга ойдинлик киритгани йўқ.

Бу борада қўшимча маълумот бўлиши билан хабар янгиланади.

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январ куни Мирзиёев томонидан МХХ раиси лавозимига тайинланганига қадар Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб ишлаган.

Абдуллаев 2019 йилнинг 11 февралида ДХХ раиси лавозимидан озод этилган.

Бу ҳақдаги Президент фармонида Ихтиёр Абдуллаев "соғлиги туфайли ўз аризасига биноан" лавозимдан озод этилгани таъкидланганди.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимида ишлаб келган Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган, шунингдек, кўзида ҳам операция бўлган) лавозимидан озод этилди" , - дейилади president.uz сайтида эълон қилинган фармонда.

52 ёшли Ихтиёр Абдуллаевнинг кейинга тақдири номаълум қолаётган эди.

У ўтган йил 29 мартда Сенатдаги чиқишида мамлакатни "шубҳали инвесторлар"дан огоҳлантирган ва 1990-йилларда фаолият олиб борган мухолифат гуруҳларини "қора кучлар" деб атаганди.

Фуқаро жамияти фаоллари Абдуллаевни Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга "қарши чиқиш"да айблашган.

Кетдими, кетказилдими?

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йил 31 январида МХХ раиси лавозимига тайинланган, шу йилнинг 14 мартида ташкилот ДХХ деб қайта ташкил этилганди.

Абдуллаевнинг тайинланиши 22 йил мобайнида махсус хизматларни бошқарган ва ҳокимият ўзгаришида муҳим рол ўйнагани айтилган генерал Рустам Иноятовнинг шов-шувли истеъфоси манзарасида юз берган.

Президент Мирзиёев МХХдаги қонунсизликларни танқид қилган, унинг айрим собиқ раҳбарларини "давлатга хиёнат"да айблаганди.

У махсус хизматлар тубдан ислоҳ қилиниши, уларнинг ҳокимият идоралари фаолияти, тадбиркорлик ва жамият ҳаётига ноқонуний аралашувларига чек қўйилиши, парламент ДХХни назорат қилиши ва ўзаро тийиб туриш механизми ишга туширилишини айтганди.

Аммо ўтган бир йил мобайнида ДХХ тизимида кадрлар ўзгаришидан бошқа жиддий тузилмавий ўзгаришлар юз берганини кўрсатувчи далиллар йўқ.

Қайтага, ДХХнинг кўпгина соҳалар устидан назорати ҳануз сақланиб қолаётганига доир ишораларни кўриш мумкин.

Ихтиёр Абдуллаевнинг истеъфоси ўтган ой унинг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ҳибсга олингани ҳақида пайдо бўлган ва тасдиқланмаган хабарлар манзарасида юз берган.

Мустақил Eltuz.com нашри ўз манбаъларига таяниб, Ихтиёт Абдуллаевга Бош прокурорлик лавозимида ҳам муовинлик қилган Эгамов "президент оиласи орқасидан кузатув" ўрнатгани боис ишдан четлатилгани ва ҳибсга олингани ҳақида ёзганди.

Ўтган ой охирида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозими Би-би-си билан микрофонсиз суҳбатда Эгамовнинг ишдан олинганини тасдиқлаган, аммо унга нисбатан жиноий тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганини айтган.

Ўтган ҳафта эса Эгамов ўрнига 71 ёшли генерал Ботир Турсунов тайинлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Турсунов муқаддам ИИВ Терроризмга қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилган ва Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги ташкил этилган Миллий гвардия бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар