Ўзбекистон, Бош прокуратура: Саид-Абдулазиз Юсупов яна бир жиноятда айбланадими? Қанча мансабдор порахўр?

Бош прокуратура Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсупов яна бир жиноятга қўл урганига ишора қилди. Республика миқёсидаги 70 мансабдор коррупционер амалдор жазоланди. Прокуратура «Борига Барака» ўйинининг қонунийлигини текширадими? Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров суди якунлаб қолди.

17 июнь куни Бош Прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев ҳамда идора матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлигида журналистлар билан суҳбатлашди.

Суҳбат давомида Йўлдошев прокуратура тизимидаги ўзгаришлар ва мамлакат ҳаётига доир айрим муҳим мавзулар юзасидан саволларга жавоб берди.

Саид-Абдулазиз Юсупов иши

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Эркин Йўлдошев Жиноят Кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан айбланаётган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг рафиқаси, адвокатининг айтган гаплари ва Бош прокуратуранинг расмий баёнотларида кескин фарқлар борлигини шундай изоҳлаб берди:

"Ҳар қандай жиноят иши бўйича ҳимоячи, айбланувчи ва унинг қариндошлари ноқонуний тергов усуллари қўлланилгани ҳақида ариза билан мурожаат қилиши, айбсизлиги ҳақида важлар келтириши мумкин… Бу мурожаатлар қонунда белгилаб қўйилган процессуал тартибда текширилади, баҳоланади. Жиноят иши бўйича ҳақиқий ҳолат тарафларнинг баёнотлари ёки важларига ёки бўлмаса, тергов органининг субъектив фикрига қараб баҳоланмайди. Бунинг учун далиллар керак, исбот керак…

Юсуповнинг қариндошлари ва прокурорларнинг баёнотлари ўртасидаги фарқлар жиноят ишини тугатиб ташлаш учун асос бўлмайди."

Жаноб Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жуда кўп миқдордаги маблағ асосида фирибгарлик жиноятини содир этгани тўғрисида унга аввалроқ илгари сурилган айблов аризачи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, юзлаштириш ва экспертиза хулосалари орқали тасдиқланган.

Шунингдек, Эркин Йўлдошев Саид-Абдулазиз Юсупов ишига доир янги тафсилотларни ҳам очиқлади.

Маълум этилишича, Саид-Абдулазиз Юсупов 2014 йил июнь ойида фуқаро Канязовага ўзини Миллий Хавфсизлик Хизмати ходими сифатида таништириб, унга Туркиядан тиббиёт жиҳозларини олиб келишга ваъда берган ва Канязованинг 240 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Сўнг жаноб Юсупов бу иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан 2018 йил 26 августида судланган.

Эркин Йўлдошевнинг айтишича, Юсупов шу зарар қоплаш мақсадида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ўзи раҳбарлик қилган Ўзбекистон [Мустақил] Босма Оммавий Ахборот Воситалари ва Ахборот Агентликларини Қўллаб-Қувватлаш ва Ривожлантириш Жамоат Фондига ажратилган 270 миллион сўм маблағни талон-тарож қилиб, [қўлга киритилган пулни] судланаётган иши бўйича зарарни қоплашга йўналтирган.

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг яқинлари унинг фирибгарликка алоқаси йўқлигини ва Юсупов журналистик фаолияти ҳамда эркин фикрлари учун ДХХ ҳибсхонасида сақланаётганини айтади.

Яқинларига кўра, бир неча мурожаатга қарамасдан Саид-Абдулазиз Юсупов билан қариндошлари учраштирилмаяпти. Адвокат эса фақат терговчи гувоҳлигида учраша оляпти.

Улар Саид-Абдулазиз Юсуповга руҳий босим ва қийноқ қўлланилганига ишонишини таъкидлайди.

Бош прокуратура қонуний асосда ўтказилган текширувлар қинйоқ қўлланилмаган деган хулосани берганини билдирган.

70 нафар мансабдор-порахўр

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев тақдим этган маълумотларда 2017-2019 йиллар ичида коррупция ҳолатлари билан боғлиқ 3,965 та жиноят содир этилгани ва мазкур жиноят ишлари бўйича 5,072 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилгани маълум қилинади.

Уларнинг 70 нафари Республика даражасидаги мансабдорлардир, дейди жаноб Йўлдошев.

«Коррупцияга қарши ўлим жазоси билан курашиб бўлмайди»

«Жиноят қонунчилигига коррупция жиноятлари учун фавқулодда жазо сифатида ўлим жазосини киритиш билан коррупция ҳолатларига тўлиқ барҳам бериб бўлмайди,» фикр билдиради жаноб Йўлдошев.

Унинг айтишича, коррупцияга қарши курашда ўлим жазосини қўллаш Хитой каби давлатларнинг ўз ички иши ва маъқул кўрган йўлидир.

Бундан ташқари Эркин Йўлдошев Ўзбекистонда ўлим жазоси мавжуд йилларда орттирган тажрибаси борасида ҳам сўзлаб берди.

«Мен ўша ўлим жазоси ишлаган йилларда, ишонаверинг, соҳада ўнлаб йиллар иш тажрибасига эга бўлган одамман… Бундай қаттиққўллигимиз нафақат коррупция жиноятлари, балки бошқа жиноятларга қарши қўллаганимизда, шахсни қайта тарбиялашдек вазифани бажаришда ўзининг жиддий самарасини бермаган. Айрим ҳолларда эса инсон ҳуқуқларининг тузатиб бўлмас даражада поймол этилишгача олиб келган.»

Жаноб Йўлдошев коррупцияга қарши курашда асосий вазифа қамаб ташлаш, олий жазо қўллаш ёки оқибат билан курашиш эмас, балки бундай ҳолатларнинг олдини олишни таъминловчи чораларни қўллаш эканини таъкидлайди.

Қурилиш соҳасида коррупцияга қўл урмасликка ҳеч қандай кафолат йўқ

Қурилиш соҳасидаги ҳаддан зиёд қоғозбозлик коррупцияга йўл очиши тўғрисида жаноб Йўлдошев шундай дейди:

"Қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун тўрт турдаги лицензияга эга бўлиш талаб қилинади. Ҳар бир лицензияни бериш алоҳида низом билан тартибга солинади. Муддатлари, бериладиган божларининг миқдори турли-туман. Қурилиш учун ер ажратиш жараёнлари 60 кун, архитектура лойиҳалаш топшириғини қўлга киритиш учун яна 30 кун овора бўлиш керак.

Лойиҳа смета ҳужжатини ишлаб чиқиш, смета ҳужжатларини келишиш, қурилишнинг устидан инспекциявий масалалар бор. Буларнинг ҳаммаси ўта мураккаблашган жараёнлар. Коррупция ҳолатининг рўй бермаслигига ҳеч ким кафолат бермайди."

Бош прокурор ўринбосари берган маълумотда 2017-2019 йиллар давомида қурилиш соҳаси бўйича 359 та жиноят иши қўзғатилгани айтилади. Шунингдек, арзон уй-жойлар қурилиши юзасидан қарийб 60 нафар шахсга нисбатан 30 дан зиёд жиноят ишлари қўзғатилгани ҳам тилга олинади.

Бу рақамларнинг бари қурилиш соҳаси механизмларини қайта танқидий кўриб чиқиш заруриятидан далолат бермоқда, дейди жаноб Йўлдошев.

«Борига Барака» ўйини қонунийми?

Эркин Йўлдошев Zoʻr-TV телеканалида эфирга узатиладиган «Борига Барака» шоуси фаолиятининг нақадар қонунийлиги ва унда коррупция аломатлари бор-йўқлиги тўғрисида ҳам ўз қарашларини билдириб ўтди.

"Шу ўйин қонунийми, шу масалада органлар жим тургани учун [унда] коррупция бормикан, деб ўйлаяпмиз. Энди бу масалада коррупция борлиги - бу, ўз номи билан, тахмин…

Маълум бир лойиҳанинг қонунийлиги ёки қонуний [эмаслиги] тўғрисида юзаки фикр билдириб бўлмайди. Бу маълум процессуал тартибдаги текширувларни талаб этади… Гап хусусий телеканалдаги телевизион лойиҳа ҳақида кетяпти. Бу бевосита тадбиркорлик фаолиятига аралашув, деб номланади."

Шунингдек, жаноб Йўлдошев собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров иши бўйича суд иши ўз ниҳоясига етай, деб қолгани ва тез орада бу иш юзасидан тафсилотлар оммага тақдим этилишини ҳам маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek