Ўзбекистон, Бош прокуратура: Гулнора Каримова пулларининг қайтарилишида шаффофлик таъминланади

Гулнора Каримова Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова томонидан прокуратура келишувга амал қилмаяпти, деган иддаони жавобсиз қолдирди. Прокуратурага кўра, Каримованинг хориждаги пулларини қайтаришдаги шаффофлик таъминланади.

Имон Каримова ўзининг Instagram даги саҳифасида онаси Гулнора Каримовага алоқадор "ҳужжатлар" борлигини маълум қилди.

Уларда 2018 йилда Бош прокуратура қошидаги коррупцияга қарши кураш бўлминмасининг ўша пайтдаги бошлиғи Шавкат Умурзоқов воситачилигида Каримовага таклиф қилинган ҳамкорлик эвазига озодлик ҳақида гап боради.

Имон Каримова бу ҳамкорлик негадир тўхтаб қолганини айтган. Кейинчалик ваъда бажарилмаган.

Би-би-сининг нима сабабдан Гулнора Каримова билан ҳамкорлик тўхтаб қолган, деган саволига Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова шундай жавоб берди:

"Кеча Имон Каримова томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилган маълумотлар дедингиз, ҳужжатлар дедингиз мен бу фикрингизга тўлиқ қўшила олмайман. Чунки Гулнора Каримованинг қариндошлари томонидан, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида баён қилинган фикрлари ҳужжат аҳамиятига эга эмас. Агарда бу борада қариндошлари томонидан расмий мурожаат билан мурожаат қилинса ва бу борада фикрларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса, уларга бу борада конструктив жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳар бир ўз позициясини мустақил билдириш мумкин бўлган қариндошларининг ижтимоий тармоқдаги ҳар бир фикрига Бош прокуратура ўзининг муносабати ёки шарҳини беришга мажбур эмас, деб ўйлайман".

Сурайё Раҳмоновага кўра, Каримовага тегишли хориждаги пулларни Ўзбекистонга қайтариш ишлари ҳамкорликда олиб бориляпти.

"Бу қайтариш жараёнининг ўз талаб ва мезонлари бор. Сиз айтган шаффофлик талаблари ҳам ва уларни келганидан кейин йўналтириш масаласи ҳам барчаси Ўзбекистон олдига қўйилган ва ўзаро талаб асосида амалга оширилади. Албатта ўз вақти билан активлар қайтарилганидан кейин, албатта жамоатчиликка бу активларни қайтарилиши юзасидан суммалари ва уларни қаерга йўналтирганлиги юзасидан тўлиқ батафсил маълумот берилади", дейди Бош прокуратура матбуот котиби.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасида чоп қилинган ва 24 соат турган маълумотларда айтилишича, 2018 йилда колонияда сақланаётган Гулнора Каримова билан музокаралар бошланган.

Уни Бош прокуратура қошидаги коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари Шавкат Умурзоқов ва унинг ёрдамчиси Мурад Ҳакимов олиб боргани айтилади.

Хабарда иддао қилинишича, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон томони Каримова билан музокараларни шунчаки вақтдан ютиш учун олиб бораётгани маълум бўлган.

Шу йилнинг март ойи бошида Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзига тайинланган жазони ўташ шартларини бузгани учун уй қамоғидан умумий тартибли колонияга кўчирилгани маълум бўлганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилади...

Бош прокуратура ўша вақти тарқатган ахборотномасига кўра, "жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган".

Аммо "инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Маҳкума Г.Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.

Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган.

Хусусан, маҳкума Г.Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан:

мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган;

жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.

Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган", дейилади ахборотномада.

Марҳум Ислом Каримовнинг қизи ҳали отаси тириклигидаёқ нафақат Ўзбекистон, балки халқаро саҳналарда ҳам танилиб улгурганди.

2008 йилдан буён Ўзбекистоннинг БМТ Женева идорасидаги элчиси бўлган Гулнора Каримова 2013 йилда Ўзбекистонга қайтган.

У пул ювиш айбларини рад этган.

Орада Тошкентдан олинган хабарлардан Гулнора Каримовага нисбатан ҳали президент отаси тириклиги чоғида, яъни 2015 йил 5 йилга озодликни чеклаш жазоси қўлланилгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ҳақда орадан 2,5 йилча ўтиб маълум қилган.

Марҳум президентнинг тўнғич қизи солиқ тўлашдан бош тортиш каби айб билан бу каби жазога маҳкум этилганини билдирган.

Ўтган бир неча йил ичида АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek