Россия, муҳожирлар: Ўлигимизни эмас, тиригимизда олиб кетинг

Алишер Қодирқулов ресторанда ишлаб жароҳат олган Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Алишер Қодирқулов ресторанда ишлаб жароҳат олган

Россиядан Ўзбекистонга ҳар йили 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул юбораётган муҳожирларнинг бугунги аҳволи қандай? Ўлигимизни эмас, тиригимизда олиб кетинг, дейишмоқда улар.

Сўнгги кунлардаги миграцияга алоқадор бир қатор хабарлар ортидан Москвада ишлаётган меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашдик.

Таним ҳам, дилим ҳам азобда

40 ёшли муҳожир Алишер Қодирқулов бир йилдан бери Москвадаги ресторанларнинг бирида ишлаётганди. Бахтсиз ҳодиса содир бўлди: газ портлаб, Алишер ёниб кетди. Бир ойдан буён шифохонада ётган муҳожирнинг ҳаёти сақлаб қолинди, аммо аҳволи ҳалиям оғир.

- Анча вақт комада ётдим, 2 марта операция қилишди. Кеча қўлимга телефон беришлари билан дадамга қўнғироқ қилай десам, мен беҳушлигимда оламдан ўтиб қолибдилар. Мендан бекитиб туришган экан. Ҳеч қаерга сиғмаяпман, ётган жойимда ўз ёғимга қоврилаяпман. Ҳам таним, ҳам дилим азобланаяпти бу ерда. Тезроқ оёққа туриб, уйга кетсайдим. Умуман қайтиб келмасдим бу ерларга, - йиғлади Алишер.

Муҳожир билан меҳнат шартномаси тузишни истамаган иш берувчиси фалокатдан сўнг ёрдам беришни ҳам истамаган. Алишернинг укаси Аваз Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтади.

- Ҳеч ким ёрдам бермади, ҳамма ўзини тортди. Яхшиям, акам қонуний ишлаган эканлар, тиббий полиси сабабли ҳозирча бепул даволанаяптилар. Барибир ҳаражатлар бўлаяпти.

Россияда Алишер сингари оғир вазиятга тушиб қолган муҳожирлар юзлаб топилади. Узоқ йиллар ҳукумат эътиборидан четда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Мирзиёев қудратга келгач, унга катта умидлар боғлашганини айтишади.

Ўлигимизни эмас, тиригимизда олиб кетинг

- Ўзимизда завод-фабрикалар очилса, иш ўринлари яратилса эди. Мусофирликка ёш бола билан келиб, оғир шароитларда қийналиб юрмасдик, - дейди энага Нигора Эгамова.

Эркак муҳожирлар эса ватандаги ишсизликдан эмас, асосан иш ҳақи озлигидан Россияга ишлашга келишганини айтишади.

- Ўша қурилиш, ўша оғир иш, у ёқдаям-бу ёқдаям бир хил. Аммо пули ҳар хил. Оиламиздан узоқдалигимиз бадалига уйдагидан 3 баробар кўп пул топаяпмиз. Шунинг учун ҳаммасига чидаймиз-да, - деди навоийлик ишчи Баҳодир Холмуродов.

Статистик маълумотларга кўра, Россияда расман 2 миллионга яқин ўзбекистонлик ишламоқда. Таҳлилчилар яна шунча норасмий юрган муҳожирлар борлигини айтишади.

"Кеча хабарларда ўликларимизни бепул олиб кетишларини ўқидим. Давлатимиз бизга қайишаётганидан хурсандмиз. Лекин бизни ўлигимиздан кўра, тириклигимизда қайтаришса яхши бўларди. Фалокат кутиш шартмас, оғир ишларда соғлигимиз кетиб ўладиган бўлиб қайтамиз барибир", дейди фаррош Анвар Ҳолиқулов.

Путин борсаям, Медведев борсаям, хабар кутамиз

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан ҳар йили 4 млрд АҚШ доллари миқдорида пул юборишмоқда.

Ватани иқтисодига салмоқли ҳисса қўшаётганига қарамай, ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда ҳамон энг ҳақ-ҳуқуқсиз даражада қолишмоқда.

- Президентимиз ҳар келганида, бизга бирон енгиллик бўлармикин, деб янгиликларни пойлаймиз. Путин борсаям, Медведев борсаям у ёқдан хабар кутамиз. Жим-жит. Автобусларда ёниб кетаяпмиз, ҳеч бўлмаса шундан қийин аҳволдалигимизни билса бўладику. Нега бир оғиз шароитимизни енгиллатиш ҳақида гапиришмас экан? - куйиниб гапирди фарғоналик Рустам исмли муҳожир.

Кейинги икки йилда миграция масалаларида ҳам Ўзбекистонда бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Россия ва Ўзбекистон орасида меҳнат муносабатларига доир келишувлар имзоланди.

2018 йилнинг июлида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида бюджети 26 милион долларлик Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш фонди тузилди.

Жорий йилда агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси очилди.

Патентсиз марҳумлар ҳам бепул олиб кетилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев Тошкентдаги июнь ойидаги матбуот анжуманида Россияда вафот этганлар жасади давлат ҳисобидан ватанга олиб келинишини билдирган.

- Ўзбекистон фуқаролари учун "200-юк"(жасад - таҳр.)ни траспортировка қилиш тартибини анча енгиллаштиришга қарор қилдик. Аввал патент нусхаси, солиқ тўлаганлиги ҳақидаги маълумотномаларни талаб қилган бўлсак, энди бу ҳужжатлар сўралмайди. Давлат барча "200-юк"ларни транспортировка қилиш харажатларини ўз зиммасига олади", - деган ўз сўзида вазир Қудбиев.

Бундан олдинги тартибда Россияда вафот этган меҳнат муҳожирининг қонуний асосда ишлаганлигига эътибор қаратилар эди.

Ўтган хафтада эса Ўзбекистон Россиядан мигрантлар учун регистрацияни муддатини 15 кунга узайтиришни сўради.

Шунга қарамай, муҳожирларнинг кўпчилиги Россиядаги ҳаётидан норози. Нукуслик Улуғбек Аширов қуйидагича изоҳлади.

- Бизда асосий муаммо - патент! Ҳамма шундан қийналаяпти, жуда қиммат. Қолганини ўзимиз бир амаллаймиз, Хукуматдагилар, илтимос, патентни ҳал қилиб беринглар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek