Россия, мигрантлар: ресторан ошпази иш пайти ёниб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Москвадаги ресторанларнинг бирида ишлаётган 39 ёшли Алишер Қодирқуловнинг қўлида қўрани ёндирувчи керосинли асбоб портлаб кетди. Натижада муҳожир ёниб кетган. Ҳозирда оғир даражали куйиш билан шифохонада ётибди.

Ўзи нима бўлганди? Муҳожир қандай қилиб бу ҳолатга тушиб қолди?

Алишер Би-би-си Ўзбек хизматига шу ҳақда батафсил гапириб берди.

Мен ёнаяпман, улар телефонга тасвирга олишди

- Ресторанда ҳам ошпаз, ҳам гўштчи, ҳам тайёрловчиман. Дам олиш куни эди, кабобниям мени бўйнимга қўйиб қўйди. Қилмайман десам ҳам қўймади. Гўштни кесиб турган жойимда буюртма тушиб қолди.

«Бўл тез, 9 минутда тайёрла», деди. Уни орасида кўмир ўчганди, уни ёқишим керак эди. Кўмирни ёқаман деб кўмирни тайёрладим-да, керосинли ёндирувчи ускунани энди қўрага сепаман десам, асбоб қўлимда портлади. Олов ўзимга сачради, юзим, қўлларим, кўкрак қафасим ёна бошлади. Олов бирпасда кучайиб кетди, ўчира олмадим.

Муҳожирнинг айтишича, арман тадбиркорига тегишли бу ресторанда 10 га яқин ишчилар ишлаган, улар орасида 2 кишигина ўзбек эди. Бу фалокатга ўша пайтда ошхонада бўлганларнинг барчаси гувоҳ бўлган. Аммо ҳеч ким ёрдамга шошмаган.

- 4-5 киши юрибди, вой-войлаб бақиришаяпти, лекин оловни ўчиришга ҳаракат ҳам қилгани йўқ. Иккитаси телефонига тасвирга олишни бошлаб юборди. Ҳеч ким ёрдам бермади, ҳамма томоша қилиб турди.

Жуда хўрлигим келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

- Югуриб ташқарига чиқдим. Ёниб туриб югураяпман, ўлимдан қўрқиб кетаяпман. Ўзимни у ёққа урдим, бу ёққа урдим. Кийимларимни йиртаяпман, кийимларим билан қўлларим ва кӯкрагим ёнаяпти. Ташқарига чиқиб ўзимни майсаларга ишқаладим, оловни ўчирдим. Аҳволим жуда оғир, оғриқлар азобли эди.

Шу пайтда ресторанда ишлайдиган иккинчи ўзбек келиб қолади ва «Тез ёрдам» чақиради. Пойтахтдаги 36-шифохонанинг аввалига жонлантириш, кейин эса даволаниш бўлимига жойлаштирилади.

- Алангадан ўткир куйиш тери, томир ва тўқималарни жиддий жароҳатлаган. Ўпкага қон ўтиши оқибати ҳамда ҳалқумнинг заҳарланиши ортидан нафас олишга йўл бермаган. Беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилгани унинг ҳаётини сақлаб қолган, ҳозир ҳаёти учун жиддий ҳавф йўқ, - деди шифокор Александр Зубо.

- Ҳушсиз пайтимда кўзим бир очилди. Жуда хўрлигим келди. Шу аҳволда ётаманми, мен кўчани бир ғариб боласи эмасдим, деб яшагим келмай қолди. Чап қўлим яхшироқ ишларди, кислород етказиб бериб турган найчаларни узиб ташладим... Компьютер чийиллаб кетди, ҳамшира келиб қайта улади. «Сен нима қилаяпсан ўзи?» деб койиди.

Оғир азобландим-да, жудаям оғир. 45 фоиз куйгани билан оғир даражали, яна кўкрак қафасим: ўпка, юрак соҳаларим ёнди. Ўлиб қўя қолай ундан кўра, осон қутиламан, тузалишим қийин энди, дедим.

Ота вафоти, шифохонада миллатчилик

Муҳожир ўзига келиб, даволаниш бўлимига ўтказилганидан кейин телефонини беришди. У отаси билан гаплашиш учун уйга қўнғироқ қилди. Аммо у оғир ётган пайтида отаси вафот этган, бу хабарни укаси ундан бекитган экан.

Алишернинг шифохонага тушганига бир ойдан ошди, 3 операцияни бошидан кечирди. Ҳозирда унинг умумий ҳолати яхши томонга ўзгариб бораяпти. Аммо тезроқ уйга кетгиси келаётганини айтади.

- Шифокорлар яхши қарашаяпти. Аммо ҳамширалар яхши қарашмайди, одам ажратишади... Ётган жойимда кучсиз, қийналиб ётибман, улар тагимни алмаштириш учун ҳам уриб-уриб, туртиб, силтаб иш қилишади. Кечалари оғриқ кучади, оғриқ қолдирувчи укол қилинглар, деб сўрайман, ҳеч нарча керакмас деб ташлаб чиқиб кетишади. Ухлолмасдим, ҳеч бўлмаса уйқу дори беринглар дейман, «йўқол, жим бўл» дейишади, - дейди бемор.

Қонуний ишлаган муҳожирга ким ҳақиқатда ёрдам беради?

Алишернинг Москвада қонуний ишлаши учун барча хужжатлари бор, аммо иш берувчиси у билан меҳнат шартномаси тузишни истамаган. Айнан шу шартнома йўқлиги боис, у иш жойидан на товон пули ва на охирги ишлаб олинмай қолиб кетган 15 кунлик иш ҳақисини ололмаяпти. Укаси Ўзбекистонда туриб Москвадаги мигрантларга ёрдам берувчи юристларга мурожаат қилганини айтади.

- Чупикка ҳам, Шерматовга ҳам чиқдик, миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонасига ҳам қўнғироқ қилдик. Ҳеч ким бу борада ёрдам бера олмади. Акамнинг ойлиги яхши эди, товон пули тўламаганда ҳам 15 кунлик иш ҳақисининг ўзи 600 долларча бўларди. Дори-дармонларга, ҳали тўла тузалгунларича анча пул керак, - дейди укаси Аваз.

- Терговчилар борса, ўзини эҳтиётсизлигидан содир бўлди, деб ҳамма айбни ўзимга ағдарибди, - дея иш берувчи кўмагидан умид узганини айтади муҳожир.

Алишер оиласининг асосий боқувчиси эди. У олий маълумотли, аммо ўз соҳасида ишламай, турли юмушлар билан пул топиб ўзининг 4 нафар фарзанди билан бирга укаларини оёққа туришига кўмаклашаётганди.

Ўтган хафтада сайтимиздаги мақоладан сўнг муҳожирни Ўзбекистонга қайтариш ҳаражатларини Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ўз зиммасига олди. Муҳожирнинг даволовчи шифокори Зубо Алишер соғлигини тиклаши учун олти ойдан ошиқроқ вақт ва мунтазам шифокор назоратида бўлиши кераклигини билдирди.

- Мени эшитганлар «оғир экан, одам бўлмайди» деб яқинларимга ҳамдардлик билдиришибди. Ҳозир тирик қолганимга шукр қилаяпман. Ҳали яна ўзимни тиклаб оламан. Лекин Москвага қайтиб келмайман, жуда-жуда кўнглим қолди, - дейди Алишер.

Муҳожирлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар

Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда

Россия-Ўзбекистон: Қизига даво излаб мигрант бўлган она ва умидвор фарзанд ҳикояси (видео)

Россия-Ўзбекистон: 2018 йил мигрантлар учун нега оғир келди?

Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда расман 2 ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Ҳар йили ватанига 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ юборадиган муҳожирлар Россияда меҳнат ва яшаш шароити яхши эмаслиги боис, Марказий осиёлик турли кўнгилсизликлар, фалокатлар, бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлишмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, Россиядан Марказий Осиёга ҳар йили 7 ярим мингга яқин меҳнат муҳожирларининг тобути юборилади. Уларнинг энг катта қисми ўзбекистонликларга тегишли.

Ҳар хафтада кимнидир йўл-транспорт ҳодисаси сабабли, яна кимдир қурилишдаги бахтсиз ҳодиса, яна кимдир касалликдан вафот этаяпти.

Матбуотда кенг ёритилган «Качалов» бозоридаги вагон турар жойда, Краснодар ўлкасида, Тюмень парранда фабрикаси қурилиши ўз ишчиларига яшаш учун вагон уйларда совуқдан асраниш иситиш тизимларининг йўқлиги сабабли мигрантлар қўлбола печлардан фойдаланишга мажбур бўлиб, ёниб кетган ўнлаб муҳожирлар Ўзбекистон фуқаролари эди.

Қишда қалин қор, юзани муз қоплаши ва сирпанчиқлар ҳам меҳнат муҳожирлари бевақт ўлимига сабаб бўлади. Ўтган йилнинг ўзида юзлаб қурувчилар билан боғлик бахтсиз ҳодисалар маълум қилинган.

Қурилаётган бинолардан тушиб кетган ва тан жароҳатлари олган муҳожирлар ҳам қиш ойларида кўп қайд этилади.

Меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг катта қисмини автоҳалокатлар ташкил қилади. Ханти-Мансийский округида йўловчилари ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган ҳалокатда12 нафар киши қурбон бўлган, 22 киши жароҳатланган..

Шунингдек, меҳнат муҳожирларини Қозоғистон чегараларига ташувчи транспорт воситаларида йўл-транспорт ҳодисалари кўп қайд этилиши кузатилади.

Россиянинг Саратов, Самара, Владимир, Қозоғистоннинг бир қатор ҳудудларида автобусларда меҳнат муҳожирлиги ҳалокатлари ҳамон давом этаяпти.

Шуларга қарамай, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг меҳнат ҳуқуқлари ижтимоий муҳофазаси борасида ва ёки Россия-Ўзбекистон йўналишида лицензияли транспорт ташкиллаштириш борасида аниқ ишлар деярли амалга оширилмай келинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek