Ўзбекистон эркаклар салтанатидан аёлларнинг таъсири бор давлатга айланадими?

Танзила Норбоева Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Танзила Норбоева илк аёл сенат раиси сифатида сайланди

Танзила Норбоеванинг илк аёл сенат раиси сифатида сайланиши мана шундай фикрларни пайдо қилди. Ушбу тарихий ҳодисага фикр билдирган фаол ва журналистлар Норбоева нафақат ҳукумат учун маслаҳатчи идора бўлиб қолган сенатнинг, балки жамиятдаги аёлларнинг ҳам ўрнини эгаллашда жонбозлик кўрсатишига ишонмоқда. Лекин аёллар шунчаки сиёсий безак сифатида ишлатилаётганидан хавотир билдирганлар ҳам бор.

"Мен тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Муносабатим жуда ижобий. Сабаби мен тарихчи олимаман, ўтмишда ўзбек давлатчилиги тарихида кўплаб аёлларнинг давлат бошқарувида иштирок этишганини яхши биламан. Масалан, темурийлар даврида Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим каби аёллар салтанат бошқаруви ишларида фаол иштирок этишган. Туркий халқларда аёллар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган. Мен нафақат сиёсатда, балки жамиятнинг барча соҳаларида аёлларнинг етакчилигини қўллаб-қувватлайман. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда кўплаб лидер аёлларнинг етакчилик фаолиятини кўриш мумкин. Бу албатта яхши. Умуман Сенатга аёл киши бошчилик қила бошлагани жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган барча аёлларга янада шижоат, умид ва ишонч бағишлайди." - дейди тарихчи Феруза Жуманиёзова.

Журналист Сабина Сагадаева Танзила Норбоева уни аёл киши сифатида илҳомлантиришини айтади.

"У жойлардаги муаммолардан жуда яхши хабардор. Далаларда кўп ишлаган. Шу билан бирга ташкилий масалалар бўйича улкан тажрибага эга, узоқ йиллар Вазирлар Маҳкамасида меҳнат қилган, қатор жамоат ташкилотларига раҳбарлик қилган. Умуман олганда, у аёл сифатида мени илҳомлантиради".

Бироз аввал парламент сайловларига номзодини қўйиш нияти борлигини билдирган ижтимоий фаол ва Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умаровааёлларнинг юқори лавозимга тайинланиши узоқ кутилган қадам эканлигини айтган.

"Танзила Камоловнани Сенат раиси лавозимига ўтиши билан табриклашни истаган бўлар эдим. Юқори лавозимлардаги аёллар вакиллиги секин бўлсада, аммо ўсаётганидан хурсандман - бу узоқ кутилган қадам. Танзила Камоловнани Аёллар Қўмитасига қадар узоқ вақтдан бери танийман. Уни Вазирлар Маҳкамаси бутун ижтимоий блоки юкини ўз гарданига олган, унни фортификация қилиш дастурини илгари сурган, етимлар масаласи билан шуғулланган вақтлардан буён биламан. У women's machinery (аёллар манфаатлари ва ҳуқуқларини илгари суриш механизми - Би-би-си) доирасидан ташқарида ҳам ўзини янгича йўлда намоён эта олади, деб ўйлайман. Янги фаолиятларда омад тилайман", - дейди Азиза Умарова.

Журналист Навбаҳор Имомова сенат раиси сифатида аёл кишининг сайланиши автократ тузум қўлида ўйинчоқ бўлган парламент учун ўзига хос аҳамият касб этишини таъкидлаган.

"Мен журналист сифатида Қонунчилик Палатасида аёл киши спикер эканини биласизми, деганимда, ҳатто, бу нарсани тарғиб қиладиган халқаро ташкилотлар ҳам 'Ҳа, лекин Ўзбекистонда Парламент ҳеч қандай кучга эга эмас, у автократик тузум қўлидаги ўйинчоқ,ʼ деган жавобни олар эдим. Энди мана Танзила Норбоевадек, дейлик, Бош вазир ўринбосари сифатида самарали ишлай олган, муҳим-муҳим масалалар ечими йўлида салмоқли ҳисса қўшган аёлнинг Сенат спикери бўлиб сайланиши ўзига хос аҳамиятга эга. Бу Ўзбекистон хотин-қизлари, ёш аёлларга ўзига хос куч, илҳом бериши аниқ.

Бироқ гап Ўзбекистон Сенатининг нимага қодирлигида, яъни Сенат нима иш қилади, реал тарзда нимани ўзгартира олади, Ўзбекистон сиёсий тизимида қандай аҳамиятга эга ва аҳоли қандай фикрда бу орган ҳақида? Мана шу жиҳатларга кўпроқ эътибор берган бўлар эдим. Чунки минг самарали ишлайдиган аёл раҳбар бўлса ҳам, Сенатнинг иродаси, хатти-ҳаракатлари, мақсадлари, эркинлиги чекланган бўлса, кўп нарса қила олмаслиги мумкин. Агар Танзила Норбоева, Бош вазир ўринбосари сифатида ўзида бўлган эркинлик ва ваколатлар

Сенатда бўлмаса, у ерда ҳам кўп иш қила олмаслиги мумкин.

Ундан олдинги спикер нимани эплади ва Танзила Норбоевадек кучли арбоб нима қила олади, деган савол ҳозир албатта берилиши керак. Шу саволларни очиқ муҳокама қилишимиз керак", дейди у.

Имомовага кўра, Ўзбекистонда қайсидир соҳаларда ислоҳотлар бошланган бўлса, бу ҳали Олий Мажлисга етиб келмаган.

"Бу ерда яна бир муҳим омил бор - Ўзбекистон ҳали ҳам эркаклар салтанати. Бу борада биз Танзила Норбоева билан кўп марта гаплашганмиз. Ҳали ҳам Ўзбекистон эркакларнинг қўлида, ҳам маданий, ҳам менталитет жиҳатдан бу жамият аёлларни камситишга ўрганган. Аёлларни менсимаслик, уларни камситиш онгимизга сингиб кетган, деб кеча президентнинг ўзи ҳам айтди. Мана шу қарашларга қарши курашишда Танзила Норбоеванинг ўрни беқиёс. Танзила Норбоева Сенат раиси сифатида қонунан Ўзбекистондаги иккинчи энг кучли ваколатларга эга арбоб ўлароқ мамлакатдаги жинсий тенглик (масаласи) келажагини ҳал қилиб берувчи ролга эга ҳозир", дейди Навбаҳор Имомова.

Бироқ билирилган фикрлар орасида Танзила Норбоеванинг сенат раиси сифатида сайланиши аёлларга нисбатан позитив дискриминация эканлиги ва бунга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаганлар ҳам бор.

Хорижда истиқомат қилиб келаётган Зарина исмли ўзбекистонлик тадқиқотчи аёлларнинг ҳокимиятдаги таъсири ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини билдирган.

"Очиғи бундай юқори лавозимни эгаллаган аёл учун хурсандман (Ўзбекистонда бунга имкон бор эканини билиш қандай яхши). Бироқ бунинг таъсирига келса, у ҳақида гапириш ҳали эрта экани аниқ. Мен аёллар шунчаки сиёсий безак сифатида намойиш этиладиган воқеликда яшашни ёмон кўраман".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek