Ўзбекистон: «Энергетик таъмли ичимлик» нима ўзи?

Энергетик ичимликлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўтган йилнинг декабрь ойида «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришда тобора оммалашаётган «энергетик ичимликлар» тушунчасига илк бор изоҳ берилди.

"Энергетик ичимликлар - таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар" дейилади қонунда.

Аммо одамлар энергетик ичимликлар аслида нима эканидан қанчалик хабардор? Уларнинг салбий ёки ижобий таъсирлари тўғрисида нималар маълум?

Ҳозирда энергетик ичимликларнинг саломатликка таъсири борасида турли бир-бирига зид қарашлар мавжуд.

Британиялик журналист Ўзбекистон ҳақида: опера театри бор, вино ичишга монеълик йўқ, Интернет тезлиги яхши

Илм-фан: Бевақт ўлимга олиб келувчи озиқ-овқатлар маълум қилинди

'Спиртли ичимликлар 7 хил саратонга сабаб бўлади'

Ўзбекистон: Бургани деб кўрпа?

2014 йилда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти энергетик ичимликларнинг ёшлар томонидан кўп истеъмол қилинаётгани юзасидан хавотир билдирган. ЖССТ ҳисоботида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари каби кенг назоратга олинмаган энергетик ичимликларнинг вояга етмаган болалар соғлиғига жиддий зарар етказишига далиллар топилгани айтилади.

Бироқ ўтган йиллар давомида энергетик ичимликлар таркибидаги кофеин миқдори, айрим ҳолларда, бир финжон қаҳвадагидан камроқ экани ва меъёрга амал қилинса, уларнинг зарари деярли йўқлиги борасида баҳс-мунозаралар тўхтамай келмоқда.

Шунга қарамай, айрим давлатлар энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган болалар, ҳомиладор ёки эмизикли фарзанди бор аёлларга сотилишини тақиқлаган ёда чеклаган. Шунингдек, қатор давлатларда энергетик ичимликлар рекламасига чекловлар киритилган.

Хусусан, Ўзбекистонда ҳам энергетик ичимликларни соат 7:00 дан 22:00 га қадар реклама қилиш тақиқланган.

"Реклама тўғрисидаги" қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда айрим энергетик ичимликлар бўйича чекловлар жорий қилинган.

Унга кўра, эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

  • соат 7-00 дан соат 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
  • реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;
  • асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса
  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
  • асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.

Ўзбекистонлик ёш шифокор ва блогер Сарвар Ғаниев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда шундай фикр билдиради:

"Илмий жиҳатдан энергетик ичимликларнинг соғлиққа зарари исботланмаган, лекин сурункали ичувчиларда ҳали бу нарса ўрганилмаган. Бундан ташқари юрак-қонтомир тизими касалликларига учраган ёки туғма юрак хасталиклари бор беморларга ичиш тавсия қилинмаган, яъни қон босими борларга. Чунки кофеин қон босимини кўтаради ва тахикардия (юракнинг тез уриши)ни чақиради. Бундан бошқа зарари йўқ."

Бироқ шифокор Ғаниевнинг айтишича, фақат ҳақиқий сифатли маҳсулотнинггина зарари кам бўлади.

Охирги йилларда Ўзбекистонда "Tizer", "Sitro", «WF», «OK» каби ўзини «энергетик таъмга эга» дея тақдим этувчи турли ичимликлар пайдо бўлган.

Нархи асл энергетик ичимликлардан сезиларли арзон ва таъми ҳам уларга анчайин яқин бўлган бундай маҳсулотлар одамлар орасида «энергетик ичимлик» ўлароқ оммалашиб улгурган.

Айни дамда, «энергетик таъмли» ичимликлар доирасида ўтказилаётган турли акция ўйинлари, телешоулар юзасидан хавотирлар ҳам пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ютуқли қопқоқларни қидириб топиш илинжида постлар қўяётгани ва ўнлаб «баклажка»лар орасида турган одамлар суратлари пайдо бўлгани кузатилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати машина, квартира ва бошқа маиший буюмларни ютиб олиш орзусидаги одамларнинг таркибида кофеин ва таурин моддалари йўқлиги алоҳида ёзилган, аммо «энергетик таъмга эга» экани таъкидланган бундай ичимликларни меъёрдан ортиқ даражада истеъмол қилиши соғлиқ билан билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши ёки йўқлиги масаласини ўрганиб кўрди.

"Ўзбекистонда ҳақиқий сифатли [энергетик] маҳсулот сифатида Red Bull'ни кўрсатса бўлади... [Red Bull'нинг] кичкинасининг нархи 15-16 минг сўм. "Sitro"лар эса уч минг сўм. Демак, уларда шунга яраша паст сифатли нарса ишлатилади. Шу сабабдан таркибини ўрганиш керак… нима қўшиляпти, қанақа қилиб ишлаб чиқариляпти. "

Расмий муносабат

Би-би-си Ўзбек Хизмати энергетик ва «энергетик таъмли» ичимликлар аслида нима экани, уларни меъёрдан ошиқ истеъмол қилиш зарари юзасидан расмий муносабатни ўрганиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди.

Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Қамариддин Боқиев энергетик ичимликлар борасидаги фикрларини билдирди.

"Энергетик ичимликларни истеъмол қилиниши наинки Ўзбекистон, балки бутун дунёда ҳам "Codex Alimentarius" (озиқ-овқат маҳсулотлари ва хавфсизлигига доир халқаро тан олинган стандартлар, йўриқномалар ва бошқа тавсиялар жамланмаси - Би-би-си) бўйича рухсат этилган. Энергетик ичимликлар махсус салқин ичимликлар, дея юритилади. Уларнинг бошқа салқин ичимликлардан фарқи таркибида таурин, кофеин ва бошқа қувват берувчи қўшимчалар мавжудлиги билан ажралиб туради," дейди жаноб Боқиев.

Қамариддин Боқиевнинг сўзларига кўра, энергетик ичимликларнинг қадоғида истеъмол қилиш кимларга мўлжаллангани ва тақиқлангани кўрсатиб ўтилган.

«Бир кун давомида ярим литрдан кўп энергетик ичимлик ичиш тавсия этилмайди,» огоҳлантиради мутахассис.

Шунингдек, мутахассис юрак-қонтомир тизимида касалликлари бўлган, ҳомиладор аёллар ва ёш болаларга бундай ичимликлар истеъмоли тавсия этилмаслигини ҳам эслатиб ўтади.

Жаноб Боқиев энергетик ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш саломатлик учун зарар туғдирмаслиги, аммо белгиланган кўрсатгичга амал қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Мутахассис асл энергетик ва «энергетик таъмга эга» ичимликлар ўртасидаги энг асосий фарқни арзон «энергетик ичимликлар»да қувват берувчи махсус моддалар мавжуд эмаслиги билан изоҳлайди.

Унинг айтишича, мамлакатда ишлаб чиқариладиган ҳар қандай салқин ичимликни таркиби, ишлаб чиқариш технологияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилиб, меъёрий ҳужжатлар тайёрлангандан сўнггина ишлаб чиқаришга рухсат этилишини маълум қилади.

«Бу ерда яна бир масала бор… [ичимликларнинг] таркибига доимий қўшиладиган қўшимчаларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган меъёрда қўшяптими ёки ундан ортиқ қўшяптими, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг учун [ичимликларни] савдо тармоқларидан олиб, доимий текширишларни йўлга қўйишимиз керак бўлади,» дейди жаноб Боқиев.

Мутахассис турли ютуқли акциялар доирасида арзон ва «энергия таъмини берувчи» ичимликларни янада кўпроқ истеъмол қилишга даъват этилишига нисбатан ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

"Бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим - истеъмолчи барибир ўзи онгли равишда маҳсулот истеъмол қилиши керак. Рекламаларда кўряпмиз, [бундай акцияларда] ғолиб бўлганларнинг аксарияти ёш болалар. Албатта, меъёр бўлиши керак. «Меъёр» тиббиётда жуда керакли тушунча. Ҳар қандай нарсада ҳам меъёр бўлиши керак. Меъёрдан ортиқ нарса инсон ҳаёти учун ҳар доим хавф бўлиб келган."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek