Ўзбекистон: Каримов ва МХХ сирларини ўғирлаган журналист "Усмон Ҳақназаров" нега пайдо бўлганди?

Мустақил Ўзбекистон кўп йиллар журналистлар учун ўта хавфли мамлакат эди.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг ҳукуматига қарши чиққан одам қийноқлар ва узоқ йиллик қамоқ жазосига юз тутган.

Шундай экан, 2003 йилда аксил-ҳукумат мақолаларнинг пайдо бўла бошлаши кўпларни ҳайратда қолдирди.

Мақолалар муаллифи аввал ҳеч кимга таниш бўлмаган Усмон Ҳақназаров эди.

Бу мақолалар ўзбек ҳукумати ичида бўлаётган гўёки ноқонуний амаллар, турли юқори даражали мулозимлар ўрталаридаги зиддият, коррупция, наркомафия, таниш-билишчилик, президент оиласидаги жанжаллар ва ҳатто буюртма қотилликларни фош қилишни мақсад қилганди.

Улар халқ орасида тез тарқалди, аммо йиллар давомида ушбу мақолалар муаллифи сир сақланди.

Лекин, бир кун 2017 йил кузида Бобомурод Абдулла исмли футбол шарҳловчиси тўсатдан ғойиб бўлди. У уйидан бир неча метр нарида Миллий Хавфсизлик Хизматлари ходимлари томонидан ўғирлаб кетилди.

"Ҳақназаров" мақолаларининг энг асосий манбаларидан бўлган мухолифатдаги сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ МХХ ертўласидаги журналист қисматига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш учун махфий муаллиф Бобомурод Абдулла эканини фош қилди.

Бобомурод Абдулла ва унга алоқадор деб кўрилган яна уч киши етти ой давомида МХХ томонидан сўроқ қилинди.

Журналист бу давр ичида қийноқлар тутилгани ва дўппосланганини жамоатчилик учун очиқ ўтган суд ишида очиқ сўзлаб берди.

МХХ, бугунда Давлат Хавфсизлик Хизматидан бу даъволар борасида муносабат олишнинг имкони йўқ.

Суд-тиббий экспертиза хулосаси Бобомурод Абдулланинг "танасида жароҳат излари йўқлиги", унинг "астрохондеоз ва ёш туфайли пайдо бўлган касалликлари" борлигини айтган.

Конституцион тузумга тажовузда айбланган Бобомурод Абдулланинг ўзи ва судни кузатаётган деярли барча унинг узоқ йилга озодликдан маҳрум этилишини кутаётганди.

Аммо, мамлакатда юз бераётган сиёсий ўзгаришлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари манзарасида Бобомурод Абдулла 2018 йил майида суд залидан шартли жазо билан озод қилинди.

Бугунда Бобомурод Абдуллани Ўзбекистондаги маҳаллий хабар агентликлари ишга олишга қўрқади, шундай экан у ҳозирда шиша заводида иқтисодчи бўлиб ишлаб, жазо шартларига биноан, маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиб келмоқда.

У руҳан тетик, аммо ҳибсхонада юз тутган қийноқлардан соғлиғи ёмонлашган.

"Ҳамма ўзини ўйлайверса, ўзбек халқи йўқ бўлиб кетади. Кимдир ўзини қурбон қилиши керак," - дейди у.

Ибрат Сафо Бобомурод Абдулла билан суҳбатлашиб Усмон Ҳақназаров пайдо бўлишига нима туртки бўлгани, мақолалар қандай равишда ёзилгани, журналист қалбидан ўша даврларда ўтган эҳтирослар, ҳибсхонадаги ҳаёт ва унинг ҳақиқат учун курашчи бўлиб етишишига етаклаган болалиги ҳақида сўради.

Видеолавҳада қўлланган суратлар манбалари: Бобомурод Абдулла, Газета.уз ва Тимур Карпов.

Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод этилди

'Бобомурод Абдуллаев Мирзиёевга керак'

Бобомурод Абдуллаев маҳкамаси кузатувчилари кўпайди

Ўзбекистон: Тошкентда журналистни ўғирлашда милиция ёрдамлашдими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek