Ўзбекистон: Ҳокимнинг аудиоси ўзбек жамиятининг барча яраларини очиб ташладими?

андижон Фото муаллифлик ҳуқуқи andijan.uz

Мутахассислар Ўзбекистондаги нашрларга сиздирилган Андижон вилояти ҳокимининг мажлисда гапирган 2,5 соатлик чиқишига турлича муносабат билдирди. Ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг эҳтиросли сўкинишларини бир чеккага қўйган экспертлар, у кўтарган мавзулар тизимдаги камчиликларни яққол кўрсатганига эътибор қаратишган.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, ушбу нутқ жамиятнинг барча яраларини аёвсиз очиб ташлади.

"Мақсадли ажратилган бюджет маблағлари умуман назорат қилинмайди ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш механизмлари йўқ. Мавжуд механизмлар эса уни ҳамма айланиб ўтиш йўлларини топгани ёки шунчаки расмиятчилик учун амал қилгани учун назорат бордек кўрсатади, холос.

Бундан ташқари, бюджет қоидаларини бузганлик учун жазо ва унинг олдини олишга мўлжалланган амалий механизмлар йўқ. Айтилган гаплар таъсири бор одамлар аралашган давлат объектларини хусусийлаштириш жараёнига ҳам таалуқли", дея хулосаларини ёзади у.

Иқтисодчига кўра, барча даражадаги амалдорлар "уларнинг муаммоси"га Президент эътибори қаратилганда ва катта миқдорда молиявий маблағ ажратилганда ўзини мувафаққиятли деб ҳисоблайди. Президент эътибори кўп ҳолларда бюджет маблағларини назоратсиз сарфлашда асос сифатида фойдаланилади.

"Буларга қурилиш, соғлиқни сақлаш, қурилишдаги кредит ажратиш тизими, фармацевтика, қишлоқ хўжалигини молиялаш киради. Айнан шу соҳаларда ўта кетган коррупция ҳолатлари бўлиши бежизга эмас", дейди у.

Андижон вилоят ҳокими нутқидан маълум бўлишича, Андижон шаҳрида истироҳат боғи қуриш учун банк томонидан ажратилган 400 минг доллар ўзлаштириб юборилган.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодировга кўра, барча даражадаги ҳокимлар ҳокимиятидан фойдаланади, ўзларидан жамият манфаатларининг жонкуяри ясаб олган. Лекин шу билан бирга ўз манфаатларини ҳам унутмайди, чунки 26,4 миллиард сўмга шартномани чиройли кўзлар учун беришмайди. 1200 объектни ўта шубҳали шахслар билан хусусийлаштириш ҳам бир нарсалардан дарак беради, деб ҳисоблайди иқтисодчи.

Телеграмдаги Давлетовуз канали кейинги икки йилда бошланган децентрализация жараёни бюджет маблағларини ҳудудлар ихтиёрида қолдириш билан чекланиб қолаётганин ёзди.

"Тайинланган, тийиб туриш механизмлари йўқ, амалда фақат давлат раҳбаригагина ҳисобдор бўлган ҳокимлар бундай муҳитда самарали бўлиши мумкинми?", дея савол беради у.

Давлетовуз нинг таъкидлашича, ҳозир фақат Президентга ҳисобдор бўлган ҳокимлар тийиб туриш ва ҳисобдорлик орқалигина самарали институтга айланади.

"Акс ҳолда ҳокимлик институти ўрнини ўзига хон, ўзига бек яккаҳоким эгаллайди".

Ҳоким чексиз ҳокимият соҳибими?

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ҳам айтишича, вертикал ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги қарама қаршиликда маъмурий заҳира ва қўллаб қувватлаш жиҳатидан пастдагиларнинг тарозиси оғир келмоқда.

"Айнан шу ерда бир-бирининг ўрнини тўлдирувчи механизм, қарама-қарши туриш ва ўзаро тийиб туриш тизими бўлиши керак", дейди у.

Иқтисодчи ҳокимга чексиз ҳокимият ва жавобгарлик берилиши уни заиф қилиб қўйишини таъкидлайди.

"Чунки атрофидаги ҳеч ким ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайди ёки ололмайди. Бироқ шу билан бирга ҳамма яшаш ва равнақ топишни истайди".

Ҳокимнинг нутқига оддий ўқувчилар ҳам изоҳ қолдиришган.

"Агар ҳоким Андижон халқи учун ишлаяпман, деб самимий гапирган бўлса, у аниқ менинг ҳурматим ва яхши кўришимга лойиқ. Ёқимтой! Сўкинмасдан ишлаб бўлмайди. Кимнидир хафа қилган бўлса, уни шунинг учунгина сиқувга олишда маъно кўрмаяпман", дейди Бабур Ибрагимов.

"Мақолани ўқиб якуний хулосага келдим - бизда, оққуш, қисқичбақа ва чўртанбалиқ ҳолати экан. На режа ва на вилоят раҳбарияти бор. Шаҳар ҳам, шаҳарликлар ҳам ўзи билан ўзи овора. Ҳокимлар ҳам. Ягона сиёсат йўқ. Бошқарувчиларнинг мурожаат қилиш маданиятини гапирмайман. Ишонинг уларнинг ҳаммаси бир хил. Улар Худо, қолганлар эса қарол ёки батрак. Халққа хизмат қилиш ҳақида чиройли гапиришни ҳамма ҳам эплайди", деб ёзди Николай Соловьев.

9 июн куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўтказган мажлис аудио файли июн ойининг охирида журналистларга сиздирилди.

Ҳокимнинг вазирларни "тупойми", "ифлос", "вазирча", "мараз" деб камситишлари ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳоким тилга олган айбловларга муносабат билдирди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабардан маълум бўлишича, Андижон вилоятида тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олиб қонунлар бузган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев айтишича, аслида бу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар ҳам сотиб олиниши лозим бўлган.

"Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча маротаба ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча маротаба кам харид қилинган", дейди Руслан Муҳаммадиев.

Бунга жавобан Андижон вилояти матбуот хизмати Газета.uzга тиббий воситаларни сотиш бўйича корхоналар монополияси ўрнатилганини маълум қилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.