Дунё, Ўзбекистон ва ўзбеклар: Президент Ислом Каримовгача чиққанман, барибир қўрқув бор...

Мен 2011 йилда Ўзбекистонда бизнес қилиб келганман. Ўша пайтда менинг юким мусодара бўлиб кетган. Бизда ҳалиям ўша қўрқув бор...

Ўзбекистон Бош вазирининг чорлови афғонистонлик тадбиркорлар орасида худди шу каби анчайин эҳтиёткор муносабатга сабаб бўлмоқда.

"Президентгача ариза ёзганман. Ўша пайт (ҳозирда марҳум - таҳр.) Ислом Каримов президент эди. Ҳамма нарсамиз қонуний эди. Юкимизни нимага мусодара қилишганини бизлар ҳам тушунмадик", - дейди тадбиркор Шермуҳаммад Раҳимий Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Абдулла Арипов куни-кеча Афғонистонда ҳар икки давлат тарихида мисли кўрилмаган энг йирик иқтисодий кўргазмани шахсан ўзи бориб, очиб берган.

Мозори Шариф шаҳридаги очилиш маросими чоғида қилган чиқишида Афғонистон бизнес вакилларини Ўзбекистонда фаолият юритишга чақирган.

Уларни Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилишга даъват қилган.

"Бизнинг бозоримиз сизлар учун очиқ. Бориб, бемалол бу соҳада ишлашингиз мумкин", - дея баён қилганди Ўзбекистон Бош вазири.

Эксклюзив: "Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмоқда..."

Содиқ Сафоев: Тошкент анжумани мақсади - Афғонистондаги тинчлик учун замин яратиш

"Ҳайратон" кўприги Афғонистонга неча миллион фойда келтирмоқда?

'Янги ҳукумат Ўзбекистоннинг геосиёсий қудрати, аҳамиятини янгиламоқчи'

Афғонистонлик тадбиркор суҳбатдошимиз эса, Ўзбекистонда бизнес юритиш билан боғлиқ қўрқувлари ҳали-ҳануз буткул аримаганини айтади.

"Олдингига қараганда қўрқувимиз бироз пасайган. Аммо барибир қўрқувимиз бор", - дейди у.

Тадбикорга кўра, ҳалиям ўзларининг аввалгидек куйга тушишлари мумкинлигидан хавотирдалар.

Кўринишича, Ўзбекистон Бош вазирининг расман ва ошкора берган ваъдаси ҳам афғонистонлик тадбиркорларнинг қўрқувларини буткул арита олмаган.

Абдулла Арипов эса, Мозори Шариф шаҳрида қилган ўша чиқишининг ўзида бу масалага ҳам тўхтаб ўтгандек кўринган.

Ўзбекистонда бизнес юритиш истагида бўлган афғонистонлик бирор бир бизнес вакили қанақадир тўсқинлик ёки муаммога дуч келса, бевосита ўзи уларга ечим топишга тайёр эканини ҳам баён қилганди.

Таъкидлаш жоиз, бу каби даъват, чорлов ва ваъдалар Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Аммо, афғонистонлик тадбиркор суҳбатдошимизнинг сўзларидан англашилишича, улар Ўзбекистонга кириб боришдан аввал, таъбир жоиз, кафолат исташади.

Бунинг шарт-шароитлари аниқ тавсифлаб, таснифлаб берилишини хоҳлашади.

Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистонга сармоя киритиб¸ сўнгра бизнеси турли иддаолар билан тортиб олинган қатор хорижлик инвесторларнинг, ҳатто, Халқаро Арбитраж маҳкамаси қадар мурожаат қилишганига оид хабарлар олинган.

Президентлигидан қарийб йил ўтиб, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қошида Тошкент xалқаро арбитраж маркази тузишга ҳам қарор қилган.

Афғонистон ва янгича сиёсат

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/drabdullahabdullah

Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида уюштирилган ана шу уч кунлик "мислсиз" иқтисодий кўргазма манзарасида томонларнинг ўзаро савдо-сотиққа зўр бериш, бир-бирларининг бозорларига кириб келиш истагида эканликлари намоён бўлган.

Буни ҳар икки қўшни давлат ҳукуматлари раҳбарлари ошкора баён қилишган.

Бунақаси ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллиги тарихида бўлмаган.

Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ давом этган бошқаруви даврида Ўзбекистон ўзининг жанубий қўшнисига асосан хавфсизлик призмаси орқали қараб келган.

Бошқа томондан, минтақавий таҳлилчиларга кўра, бунга асослари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистонда фаолият юритиб келаётгани ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан қудратга келган Шавкат Мирзиёев аввалбошданоқ яхши қўшничилик сиёсати билан ҳам Ўзбекистон ичкариси ва ҳам ташқарисида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортади.

Мирзиёевнинг янгича минтақавий сиёсати нигоҳидан ҳали-ҳануз урушлар ичида бўлса-да, жанубий қўшниси Афғонистон ҳам бир четда қолмайди.

Ўзбекистон раҳбари ҳали муваққат президент мавқеида экан, Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш, мустаҳкамлаш истагини ошкора баён қилади. Афғонистонни ҳам ўзлари учун янги бир бозор сифатида кўришларини айтади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янгича сиёсати манзарасида бу ҳам минтақавий таҳлилчилар эътиборидан бир четда қолмаган яна бир нуқтага айланади.

Уларга кўра, Ўзбекистон президенти геосиёсатдан, таъбир жоиз, геоиқтисодни устун қўяркан, бир неча мақсадни кўзламоқда.

Бир томондан, сув йўлларига чиқиш, транзит мамлакатга айланиш, кўп миллиард долларлик минтақавий лойиҳаларга кириш, янги бозор, янги сармоялар воситасида Ўзбекистон тўқнаш келиб турган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни енгиллатмоқчи.

Минтақада аҳолиси энг каттаси (33 миллиондан ортиқ - таҳр.) мамлакатида янгидан-янги иш ўринлари яратишга эришмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/drabdullahabdullah

Бошқа тарафдан, янгича иқтисодий сиёсат, режа, ташаббус ва лойиҳалар орқали ҳам Афғонистоннинг иқтисодий юксалишига кўмаклашмоқчи.

Шу йўл билан Афғонистон баробарида минтақавий хавфсизлик муаммосига ечим топмоқчи. Афғонистондаги исёнчилик муаммосини бартараф этишга кўмаклашмоқчи.

Буларнинг барчаси манзарасида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш саъй-ҳаракатларини кучайтирган, яна дипломатик воситачи бўлиб халқаро саҳнага чиққан, анжуман, йиғин, учрашув ва музокараларга зўр берган.

Толибон билан мулоқотга чиқиш, уларни Тошкентга чорлашга ҳам муваффақ бўлган.

Ўзбекистоннинг бу каби сиёсати расмий Кобулни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Президентлар, Бош вазирлар, Ташқи ишлар ва яна қолган кўплаб вазирликлар даражасидаги ташрифлар, учрашувлар фаоллашган.

Афғонистонда аллақачон Ўзбекистоннинг Савдо уйлари фаолият юритишни бошлаган.

Бошқа томондан, айнан Афғонистонда Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар истиқомат қилишади.

Урушлар туфайли сўнгги ўн йиллликларда аҳоли расман рўйхатдан ўтказилмаган эсада, Афғонистондаги ўзбеклар сони бусиз ҳам бир неча миллионга нисбат берилади.

Аммо томонларнинг бу каби янгича сиёсати амалда қанчалик самарали бўлиши борасида экспертларни ҳали-ҳануз якдил фикрда, деб бўлмайди.

Уларга кўра, бу масалада, барибир, Ўзбекистон - расмий Тошкентнинг ўз иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар аҳдида қанчалик қатъий экани ва Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият якуний сўзни айтиб қолаверади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.