Дунё, янгиликлар: Путин онасини сўккан грузиялик бошловчи ва Instagram'да қандай ўзгариш кутилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RUSTAVI2
Image caption Георгий Габуния - Грузиянинг энг машҳур бошловчиларидан

Путин ўзини ҳақорат қилган теле-бошловчи ҳақида нима деди?

Владимир Путин Грузия халқига бўлган ҳурмати сабаб Грузияга қарши санкциялар киритмаслигини билдирди.

Унга онасини сўкиб мурожаат қилган журналист ҳақида фикр билдирар экан, Путин: "Ишдан четлатишибди, дам олишга кетибди, қайтиб келса - ишини давом эттиради", - деб қўя қолди.

"Рустави 2" телеканали бошловчиси Георгий Габуния Путинга ҳақоратомуз мурожаат билан чиқиши ва унинг марҳум онасини сўкиши ортидан Россия депутатлари норозилик билдирганлар.

Россия думаси сешанба куни Грузияга қарши иқтисодий жазо чораларини киритиш чақириғини қабул қилди.

Габуния эфирдан икки ойга четлатилди. Грузия президенти ва бош вазири бошловчини қоралаб чиқишди. "Рустави 2" канали томошабинлардан узр сўради, аммо айни дамда ҳукуматни телеканалга босим ўтказишда айблади.

Жанубий Корея собиқ вазири ўғли шимолга қочиб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uriminzokkiri.com
Image caption 73 яшар кенжа Чхве ота-онасининг васиятини узоқ йиллардан сўнг бажаришга киришганини айтди

Жанубий Корея собиқ ташқи ишлар вазири Чхве Ток Синнинг ўғли Чхве Ин Гук орадан 33 йил ўтиб, отасининг қилган ишини такрорлади - Шимолий Кореяга қочиб ўтди.

Шимолий Корея давлат телевидениесида намойиш этилган репортажда кенжа Чхве тантанали равишда кутиб олинганини кўриш мумкин.

1961-1963 йилларда ташқи ишлар вазири лавозимида хизмат қилган Чхве Ток Син коррупция айбловлари ва ўша пайтда Жанубий Кореяни бошқарган диктатор Пак Чон Хи билан келишмовчиликлар ортидан рафиқаси билан аввал АҚШ, сўнгра Шимолий Кореяга қочиб ўтиб, халқаро шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шимоллик журналистлар билан суҳбатлашган 73 яшар кенжа Чхве ота-онасининг васиятини узоқ йиллардан сўнг бажаришга киришгани ва умрининг қолган қисмини шимолда ўтказишга аҳд қилганини билдирган.

Эндиликда, рухсатсиз Шимолий Кореяга ўтиб кетган жаноб Чхве жанубга қайтса, унга жиноий иш очилади.

Расмий маълумотларга кўра, охирги 60 йил ичида Шимолий Кореядан Жанубий Кореяга 30 мингга яқин инсон қочиб ўтган. Бироқ жанубдан шимолга томон ўтиш жуда камёб ҳолат саналади.

Хитой норозилигига қарамай, АҚШ Тайванга қурол сотмоқчи

АҚШ Давлат Департаменти Тайванга қиймати, тахминан, $2.2 миллиардга тенг бўлган қуроллар сотиш келишуви эҳтимолини тасдиқлади.

Дастлабки келишув режасидан 108 дона Абрамс танклари, 250 та Стингер ракеталари ва бошқа ҳарбий жиҳозлар ўрин олган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ой АҚШни бу келишувни амалга оширмаслик ва Ягона Хитой сиёсатига риоя қилишга даъват этган эди.

Хитой Тайванни ўзининг исёнкор ҳудуди ўлароқ кўради ва керак бўлса, унинг куч ишлатиш йўли билан қўшиб олиниши мумкинлигини таъкидлайди.

Расмий Пекин юритадиган Ягона Хитой сиёсатига кўра, Хитой Халқ Республикаси билан расман алоқалар ўрнатган давлатлардан Тайван билан расмий муносабатларга киришмаслик талаб этилади.

Instagram ҳақоратларга қарши кураш бошлади

Instagram ижтимоий тармоғи ҳақоратлар ва таҳқирларга қарши курашиш имконини берувчи янги функциялар жорий этилишини маълум қилди.

Сунъий идрок асосида ишловчи янги чоралардан бири сўкиниш ва ҳақоратни акслантирувчи сўзларни илғаш қобилиятига эга бўлиб, бундай сўзлар иштирокида пост ёзилаётган вақт, у фойдаланувчига бир муддат ўйлаб олишни таклиф этади.

Яна бир бошқа функция эса ҳақоратли пост остида изоҳ қолдириш имконини чеклаб қўяди. Шу тариқа бундай постлар фойдаланувчилар орасида тарқаб кетмайди.

Ҳозирча, ушбу функциялар фақат инглиз тилида ёзилган постларни кузата олади, аммо Instagram раҳбари Адам Моссерининг Би-би-сига хабар беришича, янги чоралар вақт ўтиши билан бошқа тилларга нисбатан ҳам жорий этилади.

Instagram раҳбарияти ҳақоратли контент билан боғлиқ бир қанча жанжаллар ортидан шундай чеклов чораларини ишлаб чиқишга мажбур бўлган.

Ана шундай жанжалларнинг энг шов-шувлиси британиялик 14 яшар Молли Рассел исмли қизнинг ўз жонига қасд этгани бўлган эди - қизнинг отаси фарзанди ўлимида ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратли муносабатларни айблаб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Ғарбни ўз ваъдаларини бузишда айблади

ЕИ Эронни уранни бойитиш жараёнини жадаллаштирмасликка чақирди

Европа Иттифоқи Эронни 2015 йилда имзоланган халқаро келишув шартларини бузмаган ҳолда, бойитилган уран захирасини оширмасликка қатъий даъват этиб чиқди.

Иттифоқ етакчилари бойитилган уран захираси ядровий қурол яратиш жараёнини тезлаштириб юбориш эҳтимолидан хавотир билдирган - аммо Эрон бундай ташвишга ўрин йўқлигини иддао қилади.

Эрон АҚШ санкциялари қайта жорий этилиши ортидан уранни бойитиш жараёнини жадаллаштириш билан таҳдид этган эди.

Ўтган ой сўнггида Эрон ихтиёридаги бойитилган уран захираси 2015 йилги келишувда белгиланган чекловдан ошгани маълум қилинган.

Шунингдек, расмий Теҳрон Европа давлатларини Эрон иқтисодиётини санкциялар асоратидан ҳимоя этмаганликда айблаб келмоқда.

Дунё, янгиликлар: Жонли эфирдаги сўкиниш ва нондан заҳарланган маҳбуслар

Россия ва Туркия: Аққую атом станцияси борасидаги экологик ва сиёсий хавотирлар қандай?

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek