Ўзбекистон: Депутат ёмон бўлса, халқ ва сайловчи айбдор эканми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Сайлов комиссияси раисидан иқтибос

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг номуносиб депутатлар парламентга сайланишида биринчи навбатда сайловчиларнинг ўзлари айбдор деб айтиши BBC Uzbek'нинг Фейсбук саҳифасида кенг норозиликка сабаб бўлди.

Саҳифамизда якшанба куни жаноб Абдусаломовнинг УзАга берган баёнотидан иқтибослар келтириб, ўқувчиларимиз фикрини сўраган эдик.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов жумладан шундай деган:

"Одатда, бир кунлик сайлов гоҳ у, гоҳ бу йўсинда ўтиб кетади. Кимлардир депутатликка сайланади. Жуда кўпчилик аслида улар ўз вакиллари эканини эсдан чиқариб, энди депутатни ёки сенаторни тинмай қоралаш пайида бўлади. Уни ким сайлаган, нега у яхши ишламайди ёки сайлангач олдимизга келмай қўйди, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Шунда бунинг учун ким кўпроқ айбдор, деган савол туғилади. Хўш, ким? Албатта, номуносиб депутат ёки сенаторнинг парламентдан ўрин олишида биринчи навбатда сайловчининг ҳиссаси, таъбир жоиз бўлса, айби бор. Ахир ҳар бир фуқаронинг сайловда овоз беришдек юксак ҳуқуқи қутига бир парча қоғоз ташлашдан иборат эмас!"

Пост остида фикр қолдирган аксар муштарийларимизга кўра, сайлаш учун муносиб номзоднинг ўзи йўқ, бўлса ҳам, сайланмайди.

  • "Албатта сайлов жараёнида сайловчининг ҳам айби бор. Сайловга номуносиб номзод қўйилган бўлса, унинг сайловга келиши айб. Лекин, номуносиб номзоднинг ўрин олишида сиёсий партияларнинг айби каттароқ. Қарс икки қўлдан чикади. Бизга муносиб сиёсий партия жонкуяр номзодини берса, биз ҳам сайлардик. Танловсиз танлов бўлгандан кейин сифатсиз депутат Олий Мажлисни эгаллайди. Яна ким билади, СНБ рўйхатидаги номзодлар кўпчиликни ташкил этса..."
  • "Халқ эътироф этадиган, ҳурмат қиладиган номзодларга бирор марта имкон бериб қўйгандай гапиришини-чи."
  • "Ҳар доим халқ айбдор. Газ, свет йўқлигигаям, бензин йўқлигигаям, йўллар ёмонлигигаям. Россияга қочиб қутулсанг ҳам дангаса деб айбдор қилади булар. Қачон ўзлари айбни бўйнига олади? Ҳамма чиновникнинг расмий ойлигини билиб, кейин уларнинг участкаларига борсангизлар, биласизлар айб ҳақиқатда кимдалигини."
  • "Каримовнинг қўғирчоғи гапириб колибдию. Сайлов пайтида очиқдан-очиқ қонун бузилиши аниқлангандаям овозини чиқармаган бу. Каримов конституцияни оёғости қилиб, қайта-қайта президентликка номзодини қўйгандаям инига кириб кетганди бу. Энди эса ўзи кирадиган жойигача киргизиб бўлган, фақат номи қолган сайлов тизимида халқни айблаб қолибди."
  • "Сизлар сайлайверинглар, ким бўлишини биз ҳал қиламиз усулида иш бўлгани учун, халқ ишонмайди."
  • "Кўп ҳукумат амалдорлари ота-она боласини қандай алдаса, халқни шундай алдаб қўйишар экан. Халқ орасида "Ўв, фирибгар, нима қиляпсан?!" деганларга эса безрайиб, "Ия, билар экансан-а?" деб тиржайиб қўйишар экан. Бу Абдусаломов ҳам шунақалардан. Яхшилаб таниб олинглар ва бунақа амалдорларнинг ҳийла-ёлғонларидан иммунитет пайдо қилинг организмингизда."
  • "Наҳотки депутат қандай сайланишини билмаса бу одам?"
Фото муаллифлик ҳуқуқи Dima Qayum
Image caption Риштонлик печкачи ва тадбиркор Дима Қаюм декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига номзодини қўйишни режалаяпти

BBC Uzbek шў ўринда муштарийларга қўшимча савол берди: Сизлар ўз депутатингизни танийсизми ва унга овоз берганмисиз?

Баъзи берилган жавоблар қуйидагича:

  • "Шахсан мен умуман танимайман, бирор марта ҳам сайловга қатнашмаганман, сайлов деган спектаклни яхши кўрмайман."
  • "Сайлов пайтида расмини кўрганман биринчи ва охирги марта. Шахсан манга депутат бор-йўқлиги билинмайдиям."
  • "Мен овоз берганман, танийман ва яхши инсон."
  • "Таниймиз. Бечоралар ўтаман деб қанча астойдил ҳаракат қилишганди, лекин баъзи бировлар орқали оғзинг қани деса қулоғини кўрсатадиганлар депутат бўпқолишди."
  • "Ман ўз депутатимни танимайман. Ҳеч қачон сайловга таклиф этилмаганман ва ҳеч кимга овоз бермаганман, чунки таклиф этилмаганман."

Дима Қаюм депутат ва халқ ўртасидаги ишончни уйғота оладими? - Ўзбекистон ва сиёсат

Олий Мажлис коррупцияга қарши кураша оладими?

Олий Мажлис аъзоси депутатлик фойдасиз машғулот эканини тан олди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek