Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган - Муҳаммад Солиҳ

Муҳожиротдаги шоир ва мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ интернетга сиздирилган телефон сўзлашувлари ортида Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати турганини иддао қилди.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган "Эрк" партияси раҳбари Ислом Каримовнинг ўлими ортидан ватанида "давлат тўнтариши режалагани" ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этди.

Аввалроқ Франциядаги "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз сайтида Муҳаммад Солиҳ ва "шериги"нинг овози экани айтилган аудио ёзувларни эълон қилган эди.

Ўзбекистон: Каримов ва МХХ сирларини ўғирлаган журналист "Усмон Ҳақназаров" нега пайдо бўлганди?

Ўзбек зиёлилари: "Муҳаммад Солиҳ Ватанга қайтсин"

Муҳаммад Солиҳ: "Зиндонлардан МХХ маҳбусларини чиқаринг"

Ташкилот 2016 йил сентябрида ёзиб олингани айтилган телефон сўзлашувлари ўзининг электрон почта қутисига келиб тушганини айтган.

70 ёшни қаршилаётган Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабридаги илк президент сайловларида марҳум Ислом Каримовнинг рақиби бўлган.

Каримов ҳукумати уни 1999 йил февралидаги Тошкент портлашларида айблаб, сиртдан 15,5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари мухолифат раҳбарига қарши айбларнинг сиёсий эканини айтишади.

Каримовнинг ўлими ортидан Муҳаммад Солиҳнинг Тошкент портлашларида айбланган укаси Муҳаммад Бекжон озодликка чиқарилган ва Ўзбекистондаги оила-аъзоларининг хорижга чиқишига қўйилган тақиқ олиб ташланган.

Аммо Муҳаммад Солиҳнинг ўзини ватанга қайтариш сўралган петиция жавобсиз қолдирилган.

Муҳаммад Солиҳ Шавкат Мирзиёев ҳукумати ижтимоий-иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотларни эҳтиёткорлик билан олқишлаган ва мамлакатда кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар ўтказишга чақирган.

Би-би-си интернетга сиздирилган аудио ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг баёноти юзасидан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилди, аммо муносабат ололмади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили бу бош прокуратура ваколатлари доирасига кирмаслигини айтиш билан кифояланди.

Би-би-си аудио ёзув ва Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатда кўтарилган мавзулар юзасидан барча томонлар, жумладан, Ўзбекистон расмийларининг мавқейига очиқлигини яна бир бор таъкидлайди.

"Сирли суҳбат"

BBC Uzbek билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ 6 июль куни эълон қилинган телефон сўзлашувларининг ҳаққонийлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, аудио ёзувлардаги суҳбатдошнинг овози москвалик журналист Олим Мирзаевга тегишли.

"Олим Мирзаев мен Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг котиби бўлиб ишлаган пайтим менинг ёрдамчиларимдан бири бўлган", - деб айтди Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда.

Айни пайтда у аудио ёзувларга шарҳда иддао қилингани каби, Ислом Каримов ўлими ортидан Ўзбекистонда "давлат тўнтариши уюштиришни режалагани" ҳақидаги иддаоларни қатъиян рад этди.

"Ўзбекистонда давлат тўнтариши режаси менда ҳеч қачон бўлмаган. Шундай бир фикрни 1992 йилда, яъни "Каримов сайлов билан кетмайди, Каримовни куч билан ҳокимиятдан кетказиш керак" деган фикрни ва бунинг учун шарт-шароит яратилганини давлат арбобларидан бири, Ўзбекистонда машҳур кишилардан бири менга яйтган эди. Ва хатто буни амалга ошириш керак деган таклиф билан менга чиқган эди. Мен бу таклифни ўшанда рад қилганман. Чунки, бу акция қон тўкилишига сабаб бўлар эди ва жуда кўп нотўғри ишлар қилинган бўлар эди, агар мен бу таклифни қабул қилганимда. Шунинг учун ҳам мен бу таклифни рад этдим ва ҳеч қачон бундан пушаймон бўлганим йўқ", - деди Туркиянинг Истанбул шаҳридан Би-би-сига гапирган мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари.

Муҳаммад Солиҳнинг таъкидлашича, аудио ёзувларда мухолифат ва тарафдорларининг Ўзбекистонга қайтиши масаласи муҳокама қилинган.

Аммо мухолифат раҳбари телефон сўзлашувларида бирон-бир шаклда зўравон усулларга ишора қилинганини қатъиян рад этади.

Унинг урғулашича, сиёсий мухолифатнинг қайтиши тинч намойишлар орқали амалга оширилиши режаланган эди.

Аммо бу режалар амалга ошмаган.

'Эрдўғондан дастак'

Туркияда муҳожиротда яшаётган Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда Каримовнинг ўлими ортидан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғондан ватанга қайтишда ёрдам беришини сўраб, дастак истаганини тан олди.

Аммо унинг сўзларига кўра, бу каби илтимос билан Эрдўғонга 2016 йил сентябрида эмас, балки кейинроқ мурожаат қилган.

"Эрк" раҳбарининг айтишича, Эрдўғон "Ўзбекистонга сафарларидан бирида Президент Шавкат Мирзиёевга унинг илтимосини шахсан етказган".

Аммо Мирзиёевдан ҳеч қандай жавоб бўлмаган.

Туркия ва Ўзбекистондаги расмий манбалардан бу борадаги сиёсий сўзлашувларни тасдиқловчи бирон маълумот Би-би-си ихтиёрида мавжуд эмас.

Кутилмаган ўзгаришлар

Солиҳнинг эътироф этишича, Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги ҳукумат қўйган айрим қадамлар у ва тарафдорлари учун кутилмаган бўлган ва муҳожиротдаги мухолифат сафларида йирик сиёсий акцияларсиз ҳам ватанга қайтиш умидини пайдо қилган.

"Эрк" раҳбари Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватлаган, айни пайтда эски тузумдан қолган унсурлар, хусусан, махсус хизматларнинг сиёсий мухолифларга қарши кураш усулларини танқид қилишда давом этган.

Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ телефон сўзлашувлари ўзбек махсус хизматлари томонидан махфий тарзда ёзиб олинганига шубҳа қилмаслигини айтди.

"Эрк" демократик партияси раисининг ишонишича, бу сўзлашувлар уни ватанга қайтармаслик мақсадида "ДХХ томонидан қасддан сиздирилган".

Шавкат Мирзиёев ҳукумати ҳозирга қадар хориждаги сиёсий мухолифат вакиллари билан мулоқотга тайёрлиги борасида бирон ишора бермаган.

Ватандошлар билан бошланган мулоқотлар ҳозирча ўзбек муҳожирларининг сиёсий фаол қатламини четлаб ўтмоқда.

Ўтган ой Би-би-сига гапирган Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотларини қайта рўйхатдан ўтказиш эҳтимоли йўқлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, қонунда "қайта рўйхатдан ўтказиш" деган банд йўқ.

"Фуқаролар ташаббус гуруҳлари янги сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишни сўраб, Адлия вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин, аммо ҳозиргача бундай мурожаат бўлмади", - деган Русланбек Давлетов BBCUzbek билан суҳбатда.

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатни BBC Uzbek YouTube канали, Facebook саҳифасида томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek